Бир неча йил аввал коронавирус пандемияси туфайли катта талафот ва синовларни бошидан кечирган жаҳон ҳамжамиятини мазкур юқумли вирус ҳақидаги бундай хабарлар ташвишлантириши табиий.
Нипаҳ қандай вирус? Хавотирлар қанчалик асосли? Унинг муайян ҳудуд доирасидан чиқиб, дунё бўйлаб тарқалиш эҳтимоли борми? Мазкур саволлар бугунги кунда нафақат мутахассислар, балки оддий одамларни ҳам ўйлантирмоқда.
Вирус тарихига бир назар
Нипаҳ вируси илк бор 1998 йилда Малайзиядаги Кампунг Сунгай Нипаҳ қишлоғида яшовчи чўчқа боқувчи фермерлар орасида, касаллик авж олган пайтда аниқланган. Шу боис вируснинг номи мазкур қишлоқ номидан келиб чиққан. Ўшанда вирус билан касалланган 265 кишидан 108 нафари ҳаётдан кўз юмган эди. Шундан буён касалликнинг яна 12 бор авж олгани қайд этилган бўлиб, уларнинг барчаси Жанубий Осиё ҳудудида кузатилган.
Бангладешда Нипаҳ вируси биринчи марта 2001 йилда аниқланган бўлиб, шундан бери деярли ҳар йили мазкур мамлакатда касалликнинг авж олиш ҳолатлари кузатилади. Шунингдек, касаллик Ҳиндистонда кўп қайд этилади. Бошқа ҳудудлар ҳам хавф остида бўлиши мумкин, дейлик Камбоджа, Гана, Индонезия, Мадагаскар, Филиппин, Таиланд каби мамлакатларда Нипаҳ вирусига қарши антитаначалар табиий резервуар ҳисобланган Pteropus турига мансуб кўршапалакларда ҳамда айрим бошқа турларда аниқланган.
2018 йилда Ҳиндистоннинг Керала штатида Нипаҳ вируси тарқалиши қайд этилиб, оқибатда 17 киши ҳаётдан кўз юмганди. 2021 йил сентябрь ойида шу штатда вируснинг яна бир бор авж олиши кузатилиб, 12 ёшли бола вафот этган эди, 11 кишида эса касаллик аломатлари аниқланганди. 2023 йил 16 сентябрда Ҳиндистонда Нипах вируси яна авж олди, ўшанда 2 киши ҳаётдан кўз юмди. 2024 йил 22 июль куни Керала штатида 14 ёшли ўсмир вафот этди.
Ўтган йилнинг июль ойида шу штатдаги икки туманда вирусни юқтириш билан боғлиқ тўртта ҳолат аниқланган бўлиб, ўшанда икки киши ҳаётдан кўз юмган эди.
Шунингдек, Бангладешда 2025 йил январь – август ойлари оралиғида вирус юқишининг тўртта ҳолати қайд этилганди.
Нипаҳ қандай вирус?
Нипаҳ вируси (NiV) ҳайвонлардан, хусусан, кўршапалаклардан тарқаладиган касаллик саналади. Касаллик нафақат ҳайвонлардан, балки зарарланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва касалланган одам билан яқин мулоқот орқали ҳам тарқалади. У кўплаб ҳайвонларни зарарлайди ва инсонларда оғир касалликлар, ҳатто, ўлимга олиб келади. Шу боис у одамлар саломатлиги учун жиддий муаммо ҳисобланади.
Одамларда инфекция турли шаклларда кечади. У ҳеч қандай симптомларни намоён қилмаслиги, енгил ёки оғир ўткир нафас йўллари инфекцияси ва ўлимга олиб келувчи энцефалитнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.
Дастлаб иситма, бош оғриғи, мушак оғриғи, қусиш ва томоқ оғриғи пайдо бўлади. Кейинчалик бош айланиши, уйқучанлик ва ўткир энцефалитни кўрсатувчи неврологик белгилари ривожланиши мумкин. Айрим беморларда атипик пневмония ва ўткир нафас етишмовчилиги кузатилади. Оғир ҳолатларда 24 – 48 соат ичида энцефалит, тиришишлар ва кома ҳолати кузатилади. Инкубацион давр одатда 4 – 14 кун давом этади, аммо 45 кунгача чўзилган ҳолатлар ҳам қайд этилган.
Ўткир энцефалитдан омон қолган беморларнинг кўпчилиги тўлиқ соғаяди, аммо баъзиларида узоқ муддатли неврологик асоратлар сақланиб қолади. Тахминан 20 фоиз беморларда тиришиш хуружлари кузатилади. Айрим ҳолларда касаллик қайта қўзғалиши мумкин.
Ўлим кўрсаткичи юқори – 40 – 75 фоиз. Бу даража эпидемик назорат ҳамда тиббий ёрдам имкониятларига боғлиқ ҳолда ўзгариб туради.
ЖССТ баёноти
Ҳиндистонда Нипаҳ вирусининг авж олгани ҳақидаги сўнгги маълумотлар 2026 йил 24 январь куни пайдо бўлди. Бу дунё миқёсида хавотирларга сабаб бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Нипаҳ вируси билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот бериб, ҳозирда унинг одамдан одамга юқишининг кўпайганлиги ҳақида ҳеч қандай далил йўқлигини, вируснинг Ҳиндистондан ташқарида тарқалиш эҳтимоли паст эканини, чунки мамлакат касалликнинг авж олишини тўхтатиш имкониятига эга эканини маълум қилди.
Аввалроқ Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги декабрдан бери мамлакатда Нипаҳ вирусини юқтириш билан боғлиқ фақат иккита тасдиқланган ҳолат қайд этилганини хабар қилди.
Ҳиндистон ҳукумати Ғарбий Бенгалия расмийлари билан яқин ҳамкорликда дарҳол “белгиланган баённомаларга мувофиқ” чоралар кўрди. Юқтирилган шахслар билан алоқада бўлган жами 196 киши аниқланди ва текширилди. Уларнинг ҳеч бирида касаллик аломатлари йўқ эди ва Нипаҳ вируси учун олинган тестлар манфий чиқди.
Бироқ, ЖССТ Ҳиндистоннинг баъзи ҳудудларида ва қўшни Бангладешда кўршапалак популяцияси мавжудлиги сабабли янги ҳолатлар кузатилиши мумкинлигини истисно қилмади.
Вирусга қарши вакцина борми?
Нипаҳ вирусига қарши вакцина йўқ эди. Бироқ яқинда Токио университетининг Илғор фанлар ва технологиялар тадқиқот маркази Нипаҳ вирусига қарши вакцинани ишлаб чиқишди.
Қайд этилишича, вакцина қизамиқ вируси асосида яратилган. У одам организмига юборилганда Нипаҳ вируси оқсилларига ўхшаш оқсилларни ишлаб чиқаришга ёрдам бериши керак. Бу эса иммун тизимини мустаҳкамлаб, юқиш ҳолатида инфекция ривожланишидан ҳимоя қилиши мумкин.
Токио университети олимлари кемирувчилар ва бошқа ҳайвонларда ўтказилган синовлар давомида вакцинанинг самарадорлиги ва хавфсизлигини аллақачон тасдиқлашди. Одамларда ўтказиладиган синовларнинг биринчи босқичи апрель ойида Бельгияда бошланади. Синовлар муваффақиятли якунланган тақдирда, вакцинанинг хавфсизлиги ва самарадорлигини катталар ва болаларда текширишга қаратилган кейинги босқичлар 2027 йилнинг иккинчи ярмида Бангладешда ўтказилади.
Мамлакатимизда вазият қандай?
Ҳиндистонда Нипаҳ вируси билан боғлиқ ҳолатлар кузатилаётгани фонида, мазкур вирус мамлакатимизда ҳам қайд этилмаганмикан, эпидемиологик вазият қандай, деган саволлар пайдо бўлди.
Шу муносабат билан Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси аҳолига мурожаат билан чиқди. Ташкилот маълумотларига кўра, айни пайтда Ўзбекистон ҳудудида ушбу вирус билан касалланиш ҳолатлари умуман қайд этилмаган ва мамлакатимиздаги эпидемиологик вазият тўлиқ барқарор назорат остида сақланмоқда. Таъкидланишича, юртимиз сарҳадлари орқали турли юқумли касалликлар кириб келишининг олдини олиш мақсадида 54 та чегара ўтказиш пунктларида санитар-карантин назорати кучайтирилган режимда иш олиб бормоқда. Гарчи мамлакатимизга ушбу вируснинг кириб келиш эҳтимоли жуда паст бўлса-да, мутахассислар огоҳликни йўқотмасликка чақирмоқда. Шу муносабат билан, қўмита чет элга, айниқса вирус ўчоқлари мавжуд бўлган мамлакатларга боришни режалаштираётган юртдошларимизга бир қатор муҳим тавсияларни тақдим этди. Биринчи навбатда, шахсий гигиена қоидаларига қатъий риоя қилиш, қўлларни совун билан тез-тез ювиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш зарурлигини қайд этди. Қолаверса, истеъмол қилинадиган мева ва сабзавотларни албатта ювиш, фақат текширилган сув ичиш лозимлиги, энг муҳими, кўршапалаклар тишлаган ёки тирнаган бўлиши мумкин бўлган, сиртида шикастланиш излари бор меваларни асло емаслик кераклиги алоҳида уқтирилди.
Хулоса қилиб айтганда, Нипаҳ вируси юқори ўлим кўрсаткичига эга бўлган хавфли инфекция ҳисобланса-да, унинг кенг миқёсда, айниқса дунё бўйлаб тарқалиш эҳтимоли ҳозирча паст баҳоланмоқда. ЖССТ томонидан вазият доимий назоратга олинган. Ўзбекистонда эса айни пайтда ушбу вирус билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмаган ва эпидемиологик вазият барқарор. Шу билан бирга, глобаллашув шароитида ҳар қандай юқумли касалликка нисбатан огоҳликни йўқотмаслик, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш ва расмий манбалар орқали берилган тавсияларга риоя этиш аҳоли саломатлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шаҳзод Ғаффоров,
“Yuz.uz” шарҳловчиси