Республика товар-хомашё биржасининг қурилиш бозори сегментида талаб ва таклифнинг мутаносиблиги кузатилмоқда.
Хусусан, жорий йил бошидан буён очиқ биржа савдоларига 5,4 миллион тонна цемент қўйилиб, ундан 4,9 миллион тоннаси, яъни 90,2фоизи сотилди.
Биржа савдоларида иштирок этган сотувчи корхоналар сони кўпайиб бораётгани қувонарли, албатта. Чунончи, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан сотувчи корхоналар 31 дан 46 тагача кўпайди. Бу, ўз навбатида, сотувчилар ўртасида рақобатнинг кучайишига кўмак берди ва цемент учун ички нархларнинг барқарорлашувига хизмат қилди, дея хабар бермоқда Республика товар-хомашё биржаси.
Қурилиш мавсумининг қизғин пайтида цементнинг биржада шаклланган ўртача нархлари маҳсулотнинг бир тоннаси учун 606-597 минг сўмлик диапазонда сақланди. Сентябрь ойида эса цемент учун биржа котировкалари 594 минг сўмгача пасайди.
Шунга ўхшаш ҳолатлар биржанинг қора металл прокати ва қурилиш ойнаси бозорларида ҳам қайд этилмоқда. Жорий йил бошидан буён биржа савдолари орқали 442,4 минг тонна қора металл сотилган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, жорий йилда биржанинг мазкур бозорида бошқа хусусий корхоналар ҳам фаоллик намоён этган. Мисол учун, “Gold metall plus” компанияси биржа савдолари орқали қарийб 11 минг тонна қора металл маҳсулотларини сотган. Умуман олганда, биржада қора металл маҳсулотларини сотувчи хусусий корхоналарнинг сони ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 105 дан 157 тагача етди.
Ўтказилган биржа савдолари натижаларига кўра, қурилиш ойнасининг ички нархи маҳсулотнинг квадрат метри учун ўртача 44 минг сўм, ўртача экспорт нархи эса 3,6 долларни ташкил қилди.