3 июль куни Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси томонидан ташкил этилган “ОАВ ҳафталиги”нинг марказий тадбири — Бирлашиш нуқтаси: Сўз куч ғояси остида халқаро медиа форуми бўлиб ўтди.

Форум ишини Бирлашиш нуқтаси: Сўз куч мавзусидаги махсус видеоролик очиб берди. Шунингдек, тадбир аввалида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси Бошқарув раиси Одилжон Тожиев форум иштирокчиларини қутлаб, мамлакатда медиа соҳасини ривожлантириш, журналистларни қўллаб-қувватлаш, миллий медианинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда замонавий ахборот муҳитини шакллантириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди.

Форум доирасида ўтказилган биринчи панель сессияси Глобаллашув даврида Ўзбекистонда ОАВни ривожлантириш жараёнлари мавзусига бағишланди.

Иккинчи панель сессияси Ишончли ахборот муҳитини шакллантиришда ОАВ ва фуқаролик жамияти институтларининг ўрни мавзусида ташкил этилди. Муҳокамалар давомида медиа саводхонликни ошириш, дезинформацияга қарши самарали ёндашувларни жорий этиш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Форумнинг муҳим натижаларидан бири сифатида медиа соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва қўшма ташаббусларни амалга оширишга қаратилган англашув меморандумларини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Шунингдек, форум доирасида Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси аъзоларининг навбатдаги умумий йиғилиши ташкил этилди. Унда Ассоциациянинг истиқболдаги фаолият йўналишлари, янги ташаббуслар ва соҳани ривожлантиришга қаратилган вазифалар муҳокама қилиниб, Ассоциация сафига қўшилган янги аъзоларга сертификатлар топширилди.

Куннинг иккинчи ярмида иштирокчилар учун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига пресс-тур ташкил этилди.

Уч кун давом этган “ОАВ ҳафталиги” миллий ва халқаро медиа ҳамжамияти ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш, тажриба алмашиш ва янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш учун самарали платформа вазифасини ўтади.