Пойтахт ҳокими меҳмонни самимий қарши олиб, мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги келишувлар натижасида пойтахтлар ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Ҳоким охирги уч йилда пойтахтда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида қисқача маълумот берди: турар жой ва ижтимоий объектларнинг қурилиши, УЖКХ соҳасидаги янгиланишлар, янги истироҳат боғлари, транспорт ва туризм соҳаларанининг ривожланиши, шунингдек, шаҳар кўчаларида қирғиз рақамларидаги машиналар мавжудлигига алоҳида урғу бериб ўтди.

Президентимиз томонидан таклиф қилинган ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришга қаратилган «Маҳаллабай» дастури ҳақида батафсил маълумот берди. «Барча саъй-ҳаракатларимиз фаровонлик индексини шакллантирувчи компонентларга қаратилган», — дея таъкидлади ҳоким.

Яқин ҳамкорлик учун барча имкониятларни ишга тушириш мақсадида Ўзбекистон ва Қирғизистон пойтахтлари ўртасида Ҳамкорлик бўйича режани имзолашни таклиф қилди. Унда Тошкентда Бишкек кунлари ва Бишкекда Тошкент кунларини ўтказишни, уларни нафақат маданий дастурлар, балки ҳамкорлик лойиҳаларни ривожлантириш учун тадбиркорлар ўртасида мулоқот билан бойитиш кераклигини айтди.

Айбек Джунушалиев ҳам, икки давлат раҳбарлари ўртасида бўлиб ўтган охирги учрашувдан кейин Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона алоқалар янги ривожланиш босқичига ўтганлигини таъкидлаб, Тошкентдаги ислоҳотларни диққат билан кузатишини, соҳа мутахассислари билан яқиндан мулоқот қилиш учун пойтахтга ободонлаштириш ва УЖКХ соҳасидаги мутахассислар гуруҳи билан келганлигини маълум қилди.

Бишкек мэри мэрия ишининг тузилмасини такомиллаштириш, Бишкекнинг 48 та мавзесида ёшлар билан ишлаш, шаҳар электр таъминоти нимстанцияларини алмаштириш зарурати, транспорт муаммоларини ҳал қилиш учун учта йўл ўтказгич қурилиши, янги мактаб ва спорт иншоотлари қурилиши ҳақида маълумот берди. «Биз юксак масъулиятимизни англаймиз, ахир мамлакат пойтахти етакчи бўлиши керак, — дея урғу берди мэр, — шу мақсадда кўплаб масалаларни ҳал қилишда Тошкент тажрибасидан фойдаланмоқчимиз».

Бундан кейин, Тошкент ҳокими ўтган йили шаҳарнинг бюджетига салмоқли қўшимча даромад келтирган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тизимига тўхталиб ўтди. Қўшимча маблағлар ободонлаштириш ва УЖКХ мажмуаси машина ва механизмларини янгилашга сарфланганлигини маълум қилди. Шунингдек, Жаҳонгир Ортиқхўжаев камхарж муҳандислик ечимлари эвазига қатнов қобилиятини оширувчи чорраҳалар реконструкцияси ҳақида сўзлаб берди.

Мулоқотдан сўнг Бишкек мэри ва Тошкент ҳокими Қирғизистон ва Ўзбекистон пойтахтлари ўртасида ҳамкорлик Режасига имзо қўйдилар.

Меҳмонлар «Рақамли Тошкент» платформасида ташкил этилган Вазиятлар марказига ўтдилар. У ерда шаҳар хизматларини тезкор бошқариш, келажакка прогнозлаштириш таҳлилий материалларнинг имкониятлари намойиш этилди. Мисол учун, шаҳар харитасида аҳоли мурожаатлари асосида аниқланган чиқиндилар ўчоқлари, чиқинди ташлаш шохобчалари, уларнинг пиёда бориш қулай ёки ноқулайлиги ҳамда «Махсустранс» ДУК томонидан кўчирилиши лозим бўлган чиқиндилар қабул қилиш шохобчалари кўрсатилди.

Шунингдек, меҳмонларга шаҳардаги мактабларнинг жойлашуви ва кенг қамровли «қулайлик индекси» намойиш этилди. Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг таъкидлашича, шаҳар бўйлаб вазиятни тартибга солиш учун заруратга кўра депутатлар, туман ҳокимлари ва барча шаҳар хизматлари «қизил» ҳудудларга юборилади.

Меҳмонларни мажмуанинг транспорт компоненти қизиқтирди. Уларга шаҳар харитасида реал вақт режимида умумий жадвалда ҳаракатланаётган барча автобуслар ва барча йўналишлар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилди.

Вазиятлар маркази билан танишгач, меҳмонлар ҳоким ва унинг ўринбосарлари ҳамроҳлигида пойтахтимиздаги Технопаркка йўл олди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.