Мамлакатимиз бўйлаб «Сўнги қўнғироқ-2021» тадбирлари кенг кўламда ўтказилмоқда. Олмазор туманидаги 133-мактаб атрофи эрта тонгдан, гуллар, турли матолар ва шарлар билан безатилган. Муассасанинг асосий кириш дарвозаси бўйлаб тантана учун кенг майдон ажратилган. Ота-оналар фарзандини катта ҳаёт сари кузатиш лаҳзаларини томоша қилгани, қўлларида даста гуллар билан ташриф буюрган. Битирувчилар кўзда қувонч билан шўхчан рақсга тушмоқда.
–Бугун мактаб билан хайрлашар эканман, кўз ўнгимда ота-онам ва устозларим берган таълим тарбияни оқлаш мақсади турибди, –дейди Саидакбар Абдуҳамидов. –Бугун мен учун икки карра ҳаяжонли кун. Ҳам мактабни битираяпман, ҳам олий ўқув юртига имтиҳоним бўлиб ўтади. Ўзимнинг қизиқишим бўйича пойтахтимиздаги Халқаро Вестминстер институтига ҳужжатларимни топширганман. Инглиз тили ва математика фанларидан мактабимизда малакали ўқитувчилар сабоғини олдим. Устозларимиз томонидан қўшимча дарслар олиб илмимни мустаҳкамладим. Талаба бўлиш ҳам насиб этади, албатта.
–Мактабимиз ўқувчилари илмга чанқоқ, –дейди Олмазор тумани 133 мактаб директори Ҳилола Раҳматуллаева. – Биз қўлдан келганча уларга шароитлар яратиб беришга ҳаракат қилдик. 78 нафар ўқувчи мактабимизни битираётан бўлса, уларнинг ҳар бирини ўз олдига қўйган юксак орзулари бор. Уч нафар ўқувчи олтин медаль билан мактабни тамомлашга муяссар бўлди. Мактабимиздаги психолог ходимлар, ўқувчиларнинг ота-оналари ва битирувчилар билан биргаликда уларни ўзлари қизиққан олий ўқув юртларига йўналтирдик. Ишонаман, ўқувчиларимиз юзимизни ерга қаратмайди.
Олмазор туманидаги 133-мактабига япон тилига ихтисослаштирилган мақоми берилганига кўп бўлмади. Энди ушбу мактабда Республика бўйлаб япон тили ва маданиятига қизиққан ота-оналарнинг фарзандлари таҳсил олишлари мумкин. Бундан ташқари ёзги таътильда ҳам мактабда турли фан тўгараклари фаолияти йўлга қўйилади, мактаболди оромгоҳлари, соғломлаштириш маразлари ишлаб туради. Ҳудуддаги мактаб ёшидаги болалар бемалол ушбулардан фойдаланиш имконияти берилади.
Учтепа туманида «Сўнги қўнғироқ -2021» тадбири ҳам кўтаринки руҳда ташкил этилди. Мактабда таҳсил олган таниқли инсонлар, азиз меҳмонлар ва ўқувчиларнинг ота-оналари иштирокида очиқ осмон остида байрам тадбири ўтказилди.
–Битирувчилар учун шу охирги икки йиллик ўқув йиллари оғир кечди, –дейди Нодира Саидумарова. –Карантин чоралари кучайтирилган вақтларда дарсларни онлайн бўлса-да сифатли ташкил этишга ҳаракат қилдик. Мактабимиз ўқувчилари мослашувчан. 135 нафар битирувчи мактабни тамомлаётган бўлса, уларнинг 60-70 фоизи олий ўқув юртига кириш имтиҳонларига тайёр. Барчасининг эзгу мақсадлари, олдига қўйган улкан орзулари бор. Мактабимиз жамоаси уларни катта ҳаёт сари қадамларида омадлар тилайди. Шу билан бирга уларни кейинги фаолиятларида ҳам қўллаб-қувватлашга шаймиз.
Дилобар Аслиддин қизи,
журналист