Битирувчилар ўзлари таълим олган мактаб учун ҳашар йўли билан 220 ўринли янги бино барпо этишмоқда

Учкўприк тумани “Зиғир” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 39-умумтаълим мактаби учун 220 ўринли янги бино барпо этилмоқда. 

Гулистон қишлоғида жойлашган мазкур мактаб биноси 220 ўринга мўлжалланган бўлиб, айни вақтда бу ерда 438 нафар ўқувчи икки навбатда таълим олмоқда.

Турли йилларда ушбу мактабни тамомлаган битирувчилар бирлашиб, ҳашар йўли билан 220 ўринли янги бино қуриш ташаббуси билан чиқишди. Бу эзгу ташаббус туман ҳокимлиги ва халқ таълими бўлими томонидан қўллаб-қувватланди.

Мактабнинг 1982 йилда қурилган эски биноси бузилиб, ўрнида икки қаватли замонавий бино қурилишига киришилди. Қисқа фурсат ичида икки қаватли бино қад ростлади, айни вақтда бу ерда пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда.

Қарийб 2 миллиард 500 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилаётган қўшимча бино фойдаланишга топширилиши натижасида мактабда бир вақтнинг ўзида 440 нафар ўқувчига таълим бериш имконияти яратилади.