Бола ниҳолга ўхшайди. Уни фақат меҳр билан парваришлаш лозим. Ота-онаси ва мактабдаги устозлар унга худди боғбондек ғамхўрлик кўрсатса, кутганларидай униб-ўсади, мева беради, атрофдагиларга нафи тегади. Шу маънода, таълим-тарбия масаласи мамлакатимиз сиёсатининг барқарор ва узвий қисми саналади. Буни Янги Ўзбекистонда таълим тизимини тубдан ўзгартириш, халқаро стандартларга интеграция қилиш, меҳнат бозори талабига мос кадрлар тайёрлаш ҳамда Учинчи Ренессанс ғоясини рўёбга чиқарадиган зукко авлодни улғайтириш мақсадида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда яққол кўрамиз.
Президентимиз ташаббуси билан 2017 йилда ташкил этилган Исҳоқхон Ибрат номидаги ижод мактабимиз педагогик жамоаси ҳам ўз илмий салоҳияти ва маҳоратини эзгу ният йўлида сарфламоқда. Ҳозирги ўқув йилида 7 та синфда 135 нафар бола ўқияпти. Улар мукаммал билим олиши учун барча зарур шароит яратилган. Ўқув хоналари кенг ва ёруғ. Замонавий жиҳозлар етарли. Компьютер жамланмаларидан ташқари электрон доскаю мониторгача муҳайё. Тил ўрганиш маркази, кутубхона, ўқув ва спорт заллари йигит-қизлар ихтиёрида. Куннинг биринчи ярмида дарс машғулотлари билан банд бўлишса, иккинчи ярмида ҳар бир синф ўз тарбиячиси етакчилигида турли тадбирларда қатнашади. Қизиққан соҳалари юзасидан тўгаракларда шуғулланади.
“Таълим сифати назорати доимий эътиборимизда” тамойили устуворлигига эришяпмиз. Жорий ўқув йилининг икки чорак кўрсаткичи кўнгилдагидек бўлди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида хорижий тил бўйича иштирок этган 28 ўқувчимизнинг 8 нафари фахрли ўринларни эгаллади. Гулёра Тўйчиева, Диёра Валижонова, Аброр Арслонов, Дониёр Неъматов, Мухлиса Собирова биринчи ўринга муносиб деб топилди ва инглиз, немис, француз тилларидан республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.
Аслида, ўқувчиларимизнинг бари маррани баланд олган. Беш йил ичида бир неча хорижий тилларни пухта ўзлаштиришни ният қилишган. Олий таълим муассасаларига имтиёзли кириш учун устозлари ёрдамида астойдил интилишмоқда. Ҳозирданоқ уларнинг изланишлари самараси кўзга ташлана бошлади. Битирувчиларимиз юз фоиз халқаро ва миллий сертификатга эга бўлди. 10-синф ўқувчиларимизнинг саккиз нафари бир йил аввал шундай гувоҳнома, яна уч нафари инглиз тили ва математика фанларидан SAT, 12 нафари корейс тили фанидан Topic сертификатлари соҳибига айланганди.
Очиғини айтганда, бундай сертификатлар олий ўқув юртлари талабалари сафига ўтишни кафолатловчи ҳужжатлардир. Айни пайтда фахрланишга арзийдиган хушхабар бор. 11-синф ўқувчиларимизнинг ўн бир нафари, яъни қарийб эллик фоизи муддатидан илгари халқаро нуфузли олийгоҳларнинг талабаси бўлишга улгурди. Бироқ илк марта эмас, битирувчиларимиз ҳар йилги анъанавий муваффақиятларининг намунали давомидир.
Халқимизнинг “Шогирдлар камоли — устозлар жамоли” нақлини назарда тутсак, ўқувчиларимизнинг қувончли натижалари ўқитувчиларимиз сифатли билим бераётганининг исботидир. Эътиборлиси, олий тоифали ўқитувчиларимиз ҳам ҳамиша изланади, онлайн танловларда ўзларини синаб кўришдан сира чўчимайди. Масалан, француз тили ўқитувчимиз Валижон Мамажонов Франция элчихонасининг малака оширишга доир икки ҳафталик грантини ютиб олди. Ўтган йилнинг июлида туристик шаҳар Франкофонияда бўлди. Дунёнинг 90 мамлакатидан ташриф буюрган ҳамкасблари ўртасида ўзбек маданияти тақдимотини ўтказишда фаоллик кўрсатди. Корейс тили ўқитувчиси Назира Хўжаназарова Жанубий Кореянинг Пусан хорижий тиллар университетида июль-август ойларида беш ҳафталик семинарда, инглиз тили мутахассиси Адиба Парпиева сентябрь-октябрь ойларида медиа саводхонлик йўналиши ғолиби сифатида Америка Қўшма Штатларининг Висконсон университетида олти ҳафталик малака ошириш курсида ўқиб қайтди.
Ўқитувчиларимизнинг ижодкорлигига ҳам ҳавас қилса арзийди. Инглиз тили муаллимаси Барнохон Неъматованинг “Чет тили ўқитишда лойиҳа дарсларининг ўрни, аҳамияти ва уларни режалаштириш” мавзусидаги мақоласи АҚШдаги “International journal of pedagogs” халқаро журналида чоп этилди. Она тили ва адабиёт фани мутахассиси Роҳила Воҳидова Тошкентдаги “Ижодкор ўқитувчи — 2022” анжуманида фаол иштирок этди. “Маҳоратли педагог” журналида “Фузулийнинг ҳаёти ва ижоди” мавзусидаги илмий-услубий мақоласи ёритилди. Олий тоифали инглиз тили, ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчилари Шуҳрат Исмоилжонов, Муяссар Боқихонова касбдошларига ҳар жиҳатдан ўрнак.
Исҳоқхон Ибратни “Луғати ситтати алсина” (“Олти тилли луғат”)ни яратган улуғ тилшунос сифатида яхши биламиз. Мактабимизда ҳам болалар олти тилни ўрганяпти ва иштиёқлари жуда юқори. Шуни ҳисобга олиб, келгусида билим даргоҳимиз мақомини янада кўтаришни ният қилганмиз. Яъни “International Baccalaureate” халқаро мактаблар қаторига қўшилиш учун тайёргарликни бошлаб юбордик. Халқаро мактаблар кенгашининг Марказий Осиё бўйича вакили “Mechail Caddy” кўмагида асосий талабларни бажаришга киришдик. Яқин орада ўқувчиларимизга хорижий тилларни ўрганган бакалавр бўлиб етишишлари учун имкон туғдирсак, ажаб эмас.
Янги очилган Наманган давлат чет тиллари институти билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатганмиз. “Ёш таржимонлар” тўгараги аъзолари мазкур олий ўқув юрти устозларининг маҳорат сабоқларидан баҳраманд. Керакли ўқув дастурлари, дарслик ва қўлланмалардан фойдаланяпти.
Дарҳақиқат, сифатли таълим жамиятни юксалтиради. Ўқувчи-ёшларнинг интеллектуал даражаси қанчалик ўсса, уларнинг Ватан тараққиётига қўшадиган ҳиссалари шунчалик кўпаяверади. Педагогик жамоамизнинг ҳар бир аъзоси зиммасидаги ўта муҳим вазифа — масъулиятни ёдида тутган ҳолда, мақсад сари оғишмай олға интилишдир. Зеро, тезкор давр шуни тақозо этяпти.
Зафаржон ШОВРИҚОВ,
Тўрақўрғон туманидаги Исҳоқхон Ибрат
номидаги ижод мактаби директори