Биз оламга нур берган Шарқмиз,
Юрт деб мудом бир жону танмиз.
Биз бир бўлсак - ягона халқмиз.
Биз бирлашсак - буюк Ватанмиз.
Она Турон, о, она Турон,
Фарзандларинг бирлашар, қувон!
Яна сенинг ҳур қучоғингга
Қайтар қувонч, қайтар шараф-шон.
Юракларнинг бирлашмоғидан
Йўлларимиз бўлгай нурафшон.
Яна завққа тўлар Аму - Сир,
Тўлқинланиб оқар Зарафшон.
Азиз элим озод, ҳур шаксиз,
Зафар қучиб, биз шўху шаънмиз.
Биз бир бўлсак - ягона халқмиз.
Гар бирлашсак - буюк Ватанмиз.
Бошимизда - ягона осмон,
Остимизда замин меҳрибон.
Гар бирлашсак, биз аҳли башар,
Нурга тўлур ҳатто кенг жаҳон.
Яшна янги, ҳур Ўзбекистон,
Бағри қуёш, нур Ўзбекистон!
Жумла жаҳон майдонларида -
Мардонавар юр, Ўзбекистон!
Азал, мағрур, мардона халқмиз,
Юрт деб мудом бир жону танмиз.
Биз бир бўлсак - ягона халқмиз.
Биз бирлашсак - буюк Ватанмиз.
Зикрилла НЕЪМАТ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,
шоир ва таржимон.