– Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида” ҳамда “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлар қабул қилингани юртимизда ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятини барпо этишда “Миллий тикланишдан — миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоянинг аҳамияти тобора ортиб бораётганини билдиради. Суҳбатимиз аввалида мазкур қарорлар асосидаги вазифаларга тўхталиб ўтсангиз...

– Давлатимиз раҳбари 2020 йилнинг 20 май куни Адиблар хиёбонига ташрифи чоғида: “Адабиёт – халқнинг юраги, элнинг маънавиятини кўрсатади. Бугунги мураккаб замонда одамлар қалбига йўл топиш, уларни эзгу мақсадларга илҳомлантиришда адабиётнинг таъсирчан кучидан фойдаланиш керак. Аждодлар меросини ўрганиш, буюк маданиятимизга муносиб буюк адабиёт яратиш учун ҳамма шароитларни яратамиз”, деган эди. 2021 йилнинг 19 январь куни Шавкат Мирзиёев маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида эса ушбу фикрларига асос ҳозирлади. Кеча имзоланган ҳужжатлар эса ўша йиғилишда айтилган гапларнинг ҳуқуқий асоси бўлди.  Хусусан, давлат раҳбарининг “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорида кўрсатилганидек, энди халқимизнинг қадимий тарихи, бой маданияти, асрий анъанаю қадриятлари куйланган, миллий маънавиятимизнинг мазмун-моҳияти теран бадиий ифодасини топган мумтоз, замонавий адабиётимиз намуналари хорижий тилларга тизимли таржима қилинади ҳамда жаҳон ахборот тармоғида кенг тарғиб этилади. Содда айтганда, миллий меросимиз, буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган улкан ҳиссалари дунё миқёсига олиб чиқилади. Мамлакатимиз ва халқаро доирада илмий-маърифий тадбирлар, адабий анжуманлар, фестиваллар, танловлар, халқ сайиллари китоб ва адабиёт байрамлари тарзидаги адабий-мусиқий кечалар ўтказилади.

   Бир пайтлар ёш ижодкораларнинг биринчи китобларини чоп этиш харажатлари иқтисод қилинган, яъни сифатсиз, сариқ қоғозларда чоп этилган эди. Бугунги ёшларимизнинг бахти шундаки, уларнинг илк тўпламлари чиройли муқоваларда, сифатли қоғозларда, катта нусхаларда чиқарилаяпти. Бунинг қадрига етиш керак. Ҳужжатга кўра, бу каби ишлар энди янада такомиллашади. Хусусан, ёш муаллифларнинг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан тавсия этиладиган биринчи китоблари, таниқли  адибларимизнинг ижод намуналари мазкур маблағлар ҳисобидан нашр этилади. 

Бу йил Ҳазрат Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги, Абдулла Орипов таваллудининг 80 йиллиги юртимиз бўйлаб кенг нишонланади. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов таваллудининг 80 йиллиги ва халқ артисти Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллигига қизғин тай- ёргарлик кўрилмоқда. Янги ташкил этилаётган фонд ана шундай тадбирларни ўтказишга кўмакчи бўлади. Инчунин, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш шулар жумласидандир.

Энг муҳими, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бадиий асарлар муаллифлари, яъни ёзувчи ва шоирларимиз моддий жиҳатдан рағбатлантирилади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда унинг таниқли аъзолари ижодий фаолиятига бағишланган веб-сайтлар яратилади ва улар мунтазам янгилаб борилади. Эътибор берган бўлсангиз, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун 20 миллиард сўм сармоя ажратиляпти. Бу ҳазилакам маблағ эмас. ОАВ саҳифаларида, ижтимоий тармоқлар, радио, ТВ каналларида берилаётган жўшқин муносабатлардан кўраётгандирсиз, бу эътибор ижод аҳли қалбидан кенг акс-садо бермоқда.

Айни эзгу ишлар Президентимизнинг адабиётимизга катта эътибори ва ғамхўрлиги билан амалга ошириляптики, бунинг қадр-қимматини ёш ижодкорларимиз ҳам, устоз адибларимиз ҳам яхши билишади.

   – Эй ёронлар, халқни кўринг, кўринг орзу-ҳавасин,

     Биз ёзмасак ким ёзгайдир бу кунларнинг “Хамса”син...

Юртимизда бунёдкорлик ишлари олиб борилаётган, ҳар бир соҳада янгиланишлар рўй бераётган, адабий байрамларимиз кўнгилларга зиё улашаётган шу кунларда сизнинг ушбу мисраларингиз дилимизга келади. Келинг, шу ўринда бу кунларга етгунча устоз адибларимиз ва шоирларимиз “бошидан ўтган” машаққатлар ва қийинчиликлар ва айни кунларда уларнинг орзулари рўёби бўлиб амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтсак...

– Президентимиз бир гал элдошларимиз билан бўлган учрашувни якунлар экан, “...бу маъруза эмас, менинг азобим, изтиробларим”, деган эди. Чиндан ҳам давлатимиз раҳбари ҳар гал маънавий-маърифий жараён борасида сўз очганида миллат дардини, Ватан ва халқ қайғусини, ёш авлод тақдирини қайғуриб туну кун уриб турган бедор ва беҳаловат қалбнинг ўй ва изтиробларини ҳис қиламан. Президентимизнинг жонкуярлиги ва юксак эътибори туфайли етмиш йил муқим манзилу маконига эга бўлмаган, “беватан” бўлган Ёзувчилар уюшмасига Ватанимизнинг кўркам боғи бағрида чиннидай кўзни қамаштиргувчи бино қуриб берилди. Адиблар хиёбони барпо этилди. Қалам аҳли учун пойтахт марказидан янги уй-жойлар ажратилди. Она диёримизнинг жаннатмакон гўшаларида ижодхоналар барпо этилаётир. Олий адабиёт курслари олий ва баланд мақомда қайта тикланди. Ёш ижодкорлар, кекса адибларга кўрсатилаётган амалий эътибор, марҳум адибларнинг номи ва хотираларига эҳтиром, уларнинг оилалари ҳолидан хабар олиш, уюшманинг вилоят бўлимлари моддий-техник базасини янада яхшилашдан тортиб, давлат миқёсида рағбатлантиришгача – ҳамма моддий-маиший шарт-шароитлар бекаму кўст яратиб берилаётган бўлса... Мамлакатимизнинг барча минтақаларида улуғ устозларимиз номидаги  ижод мактаблари очилгани – бирор бир давр ё мамлакатда кўз кўриб қулоқ эшитмаган маънавий-маърифий ҳодиса экани ҳам бор гап.

 Давлатимиз раҳбари қандай йиғилиш ё анжуман бўлмасин, соҳаси ёки йўналишидан қатъий назар ўзбек адибларини бирон бир баҳонаи сабаб билан эслаб ўтади. Меҳр ва соғинч, орзу ва армон биланми, албатта, бир йўқлов баҳонасида адабиёт ва адибларимизга нисбатан ҳурмат-эҳтиромини ҳар гал ҳаммамизга эслатиб қўймоқчидай, худди, “Уйғониш замонларинг келди, қачон уйғонасизлар?” дея огоҳлантираётгандай... Жадид боболаримизнинг руҳлари шод бўлаётган шу кунларда барчамиз Янги уйғониш даврининг фаол иштирокчисига айланишимиз жудаям зарур.   

Тўғри айтдингиз, ҳозирги кунда юртимизда бошланган адабиёт тантаналари халқаро эътирофларга сабабчи бўлмоқда. Устозимиз Абдулла Орипов хотирасига бағишланган “Олтин сўз” халқаро мушоирасида ҳам биз бундай эътирофлардан беҳад қувондик. Алишер Навоий бобомизнинг 580 йиллиги тантаналари эса ҳатто Америка Қўшма штатларида ҳам нишонланди. Навоийшунос Бенедик Перининг, “Навоийдек қуёши бор юрт ошиғиман”, деган таъкиди ҳам биз учун ғурурбахш.

Устозлар “бошидан кечирган”, ҳатто ўзимиз ҳам гувоҳ бўлган “ўтган кунлар”имиз машаққатлари ҳақида гап кетганида Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг мана бу мисралари ёдимга келади:

Бир вақтлар илҳомнинг ўтли тиғида,

Фалакни кўзларди менинг ҳам созим.

Лекин икки дарё оралиғида

Қолиб кетди менинг ўшал овозим.

Шундай овозлар бундан буён Мовароуннаҳр, яъни икки дарё оралиғида қолиб кетмаслиги учун ҳам, бир тангани топиш жуда мушкул бўлган ҳисоб-китобли бу дунёда, Президентимиз ҳомийлигида жуда катта маблағ ажратилиб, қалам аҳли, ижод аҳли учун кенг қарамли ғамхўрликлар қилинаётгани ҳаммамизга катта масъулият юклайди, албатта. Машҳур қўшиқнинг қофиясини ўзгартириб айтилса агар: “Яна нима керак сенга, эй шоир?”

– Бундан роса 53 йил аввал устоз адибимиз Абдулла Қаҳҳор “Ёшлар билан суҳбат” китобида шундай деган эди: “Ҳозирги адабий ёшларимиз, шубҳасиз, ўзига ҳам, адабиётга ҳам ғубор қўндирмайдиган ҳақиқий замона ёшларидир. Биз бир-бир-биримизга катта меҳр қўйишимиз, бир-биримизни ҳар томонлама бойитишимиз, бир-биримизни бало-қазодан, ёмон кўздан сақлашимиз зарур, эртаги буюк адабиёт биносининг ҳақиқий меъморлари бўлишимиз керак. Шундоқ бўламиз, бунда бутун адабий жамоатчилик, бутун халқ катта ишонч билан кўз тутаётибди”.    Кейинги пайтда Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорлар билан янада гавжумлашиб бораётгани қувонарлидир. Демак, улар ўзлари излаган, орзу қилган ижод дунёсининг қайсидир оламларини, одамларини ушбу маскандан топишга муваффақ бўлишмоқда.

 –  Мен комил ишонч билан айта оламанки, бугунги ёшлар мутлақо янги давру замонларнинг янгича фикрлайдиган  янги фарзандлари. Орзу-ҳаваслари, ният ва интилишлари шунчаки ҳавойи гаплар эмас. Мамлакатимизнинг адабий-ижодий, маънавий-маърифий обу ҳавоси билан иқлими уч-тўрт йил давомида мутлақо ўзгарди, тозарди десак, адашмаган бўламиз.

Шу ўринда бир ҳақиқатни таъкидлаб ўтиш зарур. Мамлакат адабий ҳаётида, адабий жараён ва жамоатчилик орасида , айниқса, ёш ижодкорлар учун нуфузи ва мақомига кўра том маънода чинакам адабиёт байрамига айланган, не-не устозлару шогирдларнинг юракларини жимирлатиб орзиқтирган Зомин семинарлари ўз-ўзидан пайдо бўлгани йўқ. Ўриклисойнинг бетимсол табиати манзаралари билан ака-ука, опа-сингил тутинган адабиёт байрамларининг, ёшлик ва сурур анжуманларининг ҳақиқий ижодкори, чин ташаббускори Президентимиз Шавкат Мирзиёев бўлган. Ўша кезларда ижтимоий фаолиятию иш тартиби ўта тиғизлигига қарамай, катта эътибор ва хайрихоҳлик билан ўзи эгалик қилиб, ўзи бош-қош бўлган ҳолда анжуманни юксак мақомда ташкиллаштирган. Шу боис мазкур семинар акс-садолари билан, қувончу ҳайратлари билан тез орада бутун мамлакатга ёйилиб кетди. Ташаббус билан ғоя – адабиётсевар ва маърифатпарвар раҳбарга тааллуқли бўлгани, ғоя ва ният муаллифининг ўзи уни амалга оширишда бевосита раҳбарлик қилиб иштирок этаётгани-ю, ёш шоирлар билан баб-баравар завққа тўлиб, қувониб-шодланиб ўтиргани-шу биргина ҳолатнинг ўзи семинарнинг нуфузини ҳам, мавқеини ҳам янада юксалтириб  юборган эди. Бу кутилмаган эътибор ва хайрихоҳликдан анча-мунча давра кўрган тажрибали устозлар ҳам ҳаяжонга тушгани ёдимда... Ўша пайтларда шаҳар ва туман миқёсида ўтадиган кўпгина адабий йиғинларда аксарият маҳаллий раҳбарларнинг қатнашиши у ёқда турсин, ижод аҳлига рўйхуш бермасдан, адабий-маънавий тадбирларга нописанд қараганига кўп бора дуч келган, шунга кўниккан кексароқ адиблар учун бу янгилик ростакамига ҳайратланарли эди.

Бугун энди ўйлаб, муқояса қилиб кўрсак, адабиёт ва ижод аҳлига эътибор, ёш истеъдодларга кўрсатилаётган амалий ғамхўрлик, китоб ва китобхонлик масалалари, Адиблар хиёбони ва унинг доирасида Ёзувчилар уюшмасининг янги биносини бунёд этиш сингари эзгу ишлар доирасида қабул қилинган қарор ва ҳужжатлар, халқ қабулхоналарию одамлар билан очиқдан очиқ мулоқот қилишдек эзгу амалларнинг илк тамал тошлари ҳам ўша Зоминдаги муборак анжуманларда қўйилган, десак муболаға бўлмайди.

Куни кечагина таниқли бир шоир укамни саволга тутсам, “Бизнинг орзу-умидларимиз Зоминда, Ўриклисой ўрикларида куртак ёзган”, дея жуда жўяли жавоб қилди.

Бундан йигирма йил олдин устозимиз Абдулла Орипов газеталардан бирига шундай интервью беради: “Мамлакат ёш шоир ва ёзувчиларининг Зоминда ўтган анжумани ғоятда  самарали бўлди. Биз  бу анжуманга шунчаки навбатдаги тадбир сифатида қарамаслигимиз керак. Негаки, ёш ижодкорларнинг семинар-кенгашини ўтказар эканмиз, кўнглимизнинг бир четида унчалик ҳам осон бўлмаган ҳозирги шароитда ёшларимиз адабий-бадиий ижоддан тирикчилик йўлига кетиб қолмадимикан, деган хавотир йўқ эмас эди. Энг муҳими, ҳеч бир лофсиз, баландпарвоз гапларсиз, баралла айта оламизки, оққан дарёларимиз оқиб турибди экан. Айни чоғда ёшларимизга баъзи топшириқларимиз ҳам йўқ эмас. Инсон ўз қалбини қанчалик тадқиқ этса, ўша қалбда яшайдиган Халқ ҳамда Ватан туйғуларини ҳам шунчалик теран ва самимий тадқиқ этмоғи лозим. Мен аминманки, бугундан эътиборан, Зомин адабий мактаби деган атама ҳам ижод оламида кенг урф бўлади”.

Шуни ғурур билан айтиб ўтиш лозимки, ўтган йиллар давомида Зомин семинарларида ғолиб бўлган ижодкорлар: Уйғун Рўзиев, Хосият Рустамова, Нодир Жонузоқ, Ғайрат Мажид, Бахтиёр Генжамурод, Муҳиддин Абдусамадов, Бобур Бобомурод, Ориф Тўхташ, Воҳид Луқмон, Шодмонқул Салом, Гўзал Бегим, Даврон Ражаб, Зоҳиджон Олов, Аллаёр Дармоновлар бугунги кунда ўзбек адабиётининг таниқли вакилларига айланган. Бу рўйхатни яна давом эттиришимиз мумкин. Ва бугун олди қирқ-қирқ бешга қараб бораётган бу шоир-ёзувчиларнинг “чаппар уриб гуллаган чоғлари” айнан Зомин семинарларида, Ўриклисойнинг сурурбахш сув ва ҳаволари қўйнида содир бўлганини уларнинг ўзлари ҳам соғинч ва орзиқиш билан эслашади. 

 2020 йилда Республика ёш ижодкорларининг Зомин семинари онлайн тарзда ўтказилди ва бу адабий анжуманда иштирок этиш учун озарбайжонлик, туркиялик, қозоғистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик ёш ижодкорларнинг ҳавас ва мамнуният билан иштирок этганлари мени жуда қувонтирди. 

Ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширлаётган “Менинг биринчи китобим” лойиҳасида эса ўтган йили 37 номдаги илк ижодий тўпламлар 260 минг нусхада чоп этилди. Ушбу китобларнинг тақдимотлари алоҳида эътибор ва тайёргарлик асосида ўтказилди. Айниқса, таниқли адабиётшунослар ва ёзувчи ва шоирларнинг таҳлилий мулоҳазалари ва танқидий қарашлари туфайли тақдимотларимиз ижтимоий тармоқларда ҳам қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

 – Мутолаа ўз-ўзимизни тафтиш қилишга ундайдиган сеҳрли кучдир. Шу боис бизнинг аждодларимиз эзгуликка чорлайдиган китобларни юз-кўзларига суриб, уларни хонадоннинг энг тўрида сақлаб эъзозлашган. Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарори зиёлиларимиз эътирофига сабабчи бўлди. Ижодкорларнинг китобларини нашр этиш борасида шу кунгача Ёзувчилар уюшмаси томонидан амалга оширилган ишлар борасида ҳам айтиб ўтсангиз...

–Одамзоднинг жаҳолатга қарши биринчи муқоваланган исёни китобдир. Риёю разолат, тубанлик, пастликка қарши одам болалари бино этган илк истеҳком ҳам китоб саналади. Бизнинг боболаримиз бутун рўйи оламни, ерни ҳам, самони ҳам билим билан, тафаккур ва китоб билан забт этишган. Серюлдуз осмон, Мирзо Улуғбек бобомизнинг дурахшон кутубхонасига ўхшайди. Термизийлардан, Бухорийгача, Ибн Синолару Бухорийлар, Фарғоний ва ал-Хоразмий боболаргача жаҳонни ақлу заковат, илму ҳикмат билан эгаллаган буюк жаҳонгирлар бўлишган.

“Не мулк ичраки бир фармон йибордим, Анинг забтиға бир девон йибордим”, деганларида Навоий ҳазратлари биргина ўзлари эмас, илму маърифати билан жаҳонкушойлик қилган сарзаминимизнинг барча буюк алломалари, донғи оламшумул боболаримизни ҳам айнан назарда тутган бўлса, ажаб эмас. Ҳалигача у ёғи Амриқою бу ёғи Оврупо қадар, Ҳинду Хитойдан тортиб Парижу Австриёгача, Эрону Қоҳира, Истанбулу Лондондан токи Токиога қадар бирон бир китоб “Бобурнома” янглиғ ер юзи ўлкаларни бунчалик бардавом забт эта олган эмас. Жаҳонгирлик мана бундоғ бўлибди десак, япон бобуршуноси жаноб Эвжи Мано ўрнидан туриб ҳурмат билан тавозе бажо келтирмоғи ҳам айни ҳақиқат.

Бироқ кейинги йилларда аждодларимиз меросига, китобхонлик ва илму маърифатга бўлган эътибор анчагина  сусайиб қолган эди. Республикамиздаги вилоят, туман, шаҳар марказларига эътибор берсангиз,  қўша-қўша бозор, юзлаб супермаркетлар орасида китоб дўконлари деярли  кўринмай қолди. Демак, энг аввало, китобхонлик ва китоб мутолааси муаммосини ҳал қилиш учун китоб етказиб бериш, китоб тарқатиш масаласини жиддий ҳал қилиш керак эди. Шу нуқтаи назардан олиб қараганда “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқтаиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш  бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги Президент фармойиши айни вақтида қабул қилинган муҳташам ва зарурий ҳужжат бўлди.

Шу ўринда 2018-2020 йиллар мобайнида Жиззах вилоятининг Зомин туманида  анъанавий тарзда ўтказиладиган ёш ижодкорларнинг республика “Зомин семинари” ҳақида ва семинар иштирокчиларининг “Биринчи китобим” рукни остида чоп этилган китоблар тўғрисидаги маълумотларни келтириб ўтмоқчиман.

 2018-2020 йиллар давомида Ёзувчилар уюшмаси томонидан    37 нафар ёш ижодкорларнинг 260 000 нусхада биринчи китоблари нашр этилди. Китоб муаллифларига жами қиймати 70 448 000 (етмиш миллион тўрт юзи қирқ саккиз минг) сўм гонорар пули тўлаб берилди. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорлар билан ишлаш бўлимида 74 дона ижодий ишлар ўрганилмоқда. Жорий йилда бўлиб ўтадиган “Зомин семинари”нинг ҳудудий босқичлари апрел-май ойлари бўлиб ўтиши режалаштирилган.

Аслида, она Ватанимизнинг ўзи буюк ва бетимсол китоб. Бу улғвор китобни  ўқиб англамоқ учун, садоқатли, маърифатли ва билимли фарзанди бўлиб шарафламоқ учун аввало Ватан равнақи, тинчлиги, ободлиги учун хизмат қилиш  зарурлигини англаб етган ҳар бир ўғил-қиз шарафли ва муқаддас бурчни адо этган бўлади.  

– Мазмунли суҳбатингиз учун ташаккур.  

"Янги Ўзбекистон" мухбири

Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди