Учрашувда “Бизнес-инкубатор” дастури, қатнашиш шартлари, қайси соҳаларни қамраб олиши, ариза тўлдириш шакли, қандай билим ва кўникмалар ҳосил бўлиши ҳақида батафсил маълумот берилди.

Семинарда қайд этилганидек, Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги “Яшнобод” инновацион технопарки  “Бизнес-инкубатор” дастурини эълон қилди. “Яшнобод” инновацион технопарки янги ғояларни қўллаб-қувватлаш, “Бизнес инкубатор” дастурига аризалар қабул қилишни бошлади. Дастурда 18 ёшдан кичик бўлмаган ташаббускор ёшлар, талабалар, тадбиркорлар ва илмий ходимлар қатнашишлари мумкин.

Дастур уч ой давом этади. Дастур қатнашчилари ўз илмий ғояларини бизнес моделга айлантириш ва ҳаётга тадбиқ қилиш, инвесторлар билан ишлаш бўйича амалий машғулотларда қатнашадилар. Машғулотлар Ўзбекистоннинг кўзга кўринган маҳаллий ва халқаро мутахассислари томонидан олиб борилади. Бундан ташқари, қатнашчиларга уч ой давомида тажрибали бизнес-устозлар бириктирилади. Бизнес-устозлар қатнашчиларга олинган сабоқларни ўз лойиҳаларида самарали қўллашларида кўмак бериб борадилар.

Дастур маркетинг бошқаруви, молиявий бошқарув, бизнес операциялар, рақамлаштириш ва электрон платформалардан самарали фойдаланиш, ҳуқуқий саводхонлик ва солиқчиликка оид мавзуларни ўз ичига олади.

Дастур сўнгида “Демо-кун” тадбири ўтказилади. Унда дастур иштирокчилари ўз лойиҳалари ҳамда бизнес режаларини инвесторларга тақдим қилишлари мумкин бўлади.

Дастур асосий мақсади — ёшлар, ёш тадбиркорлар, ихтирочи олимларнинг ғояларини бизнес-моделга айлантириш, бизнес бошқарувда кўмак бериш, тадбиркорлар, олимлар ва ташаббускор ёшларнинг тадбиркорлик салоҳиятини оширишдан иборат, дейилади “Яшнобод” инновацион технопарки ахборот хизмати хабарида.