Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Наврўз умумхалқ байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзини оинаи-жаҳон орқали барчамиз фахр-ифтихор билан тингладик.
“Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, бутун дунёда коронавирус балоси ҳали тўла бартараф этилгани йўқ. Афсуски, у биз билан бирга, ёнимизда яшамоқда.
Халқимиз соғлиғини асраш йўлида қандай саъй-ҳаракатлар ва катта амалий ишлар қилганимиз барчангизга яхши маълум. Энди шунча меҳнатимиз, кўрган чора-тадбирларимиз бекорга кетмаслиги учун пандемияга қарши курашни бир лаҳза ҳам тўхтатмаслигимиз лозим. Ўзимиз ва яқинларимизни ҳимоя қилишимиз, бепарволик ва беғамликка берилмаслигимиз шарт. Доимо ҳушёр ва масъулиятли бўлиб яшашимиз, тўплаган тажрибамизга таяниб, албатта, эҳтиёткорлик билан тизимли иш олиб боришимиз зарур” – деди муҳтарам Юртбошимиз ўз табрикларида. Ҳа, албатта, барчамиз карантин қоидаларига амал қилган ҳолда, ўз соғлигимизга беэътибор бўлмасдан, ҳамиша ҳушёр бўлмоғимиз доркор.
Юртбошимиз таъкидлаганларидек, “Чиндан ҳам, бизнинг кучимиз – бирлик ва аҳилликда; бизнинг қудратимиз – меҳр-оқибат, ўзаро кўмак ва саховатда; бизнинг ютуғимиз эртанги кунга бўлган юксак ишончимизда.
Бу адолатли ҳақиқатни бошимиздан кечирган синовли кунлар яна бир бор исботлади”.
Бу йилги Наврўзнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, у жонажон Ватанимиз мустақиллигининг қутлуғ 30 йиллик байрами тадбирлари ўтадиган йилга тўғри келмоқда.
Наврўз – чинакам халқ байрами, миллий ўзлигимиз кўзгуси, маънавий ва маданий ҳаётимизнинг ажралмас қисмидир. Мустақиллик йилларида Наврўз умумжаҳон байрами сифатида тан олинди. Шунингдек, у ЮНЕСКО томонидан инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилди. Наврўз байрами элимизда ободлик, тинчлик-тотувлик, миллатлараро аҳиллик, бағрикенглик рамзи, қалбимизда эзгулик уйғотадиган ҳақиқий шарқона байрам бўлиб қолаверади. Шунинг учун ҳам Наврўзнинг ўлмас руҳи ва боқий фалсафаси биз бугун бунёд этаётган янги Ўзбекистон ғояси билан ғоят уйғун ва ҳамоҳангдир.
Наврўз арафасида бошланган иш, қилинган амаллар ҳамиша хайрли бўлади, дейди доно халқимиз. Бугун Янги Ўзбекистонда янги Уйғониш даври – Учинчи Ренессанс орзуси қалбларимизга беқиёс куч ва ишонч олиб кирмоқда. Бу йўлда барчамиз бор билими ва кўникмаларимизни ишга солиб, юртимиз ривожи йўлида меҳнат қилмоқдамиз. Ва бу йўлдан бир зум бўлса-да ортга қайтмаймиз. Чунки бизнинг мақсад ва режаларимиз аниқ, йўлларимиз эса нурафшондир.
Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, Президентимиз айтганларидек, Шарқона Янги йилимиз ҳар бир хонадонга, жонажон Ўзбекистонимизга тинчлик-хотиржамлик, соғлик-омонлик, бахту саодат ҳамда файзу барака олиб келсин!
Нафисахон Элчиева,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши котибияти мудири,
Халқ депутатлари Фарғона вилояти Кенгаши депутати.