Битимда маркет-дата ва статистик маълумотлар, шу жумладан чет эл валюталари, давлат облигациялари, деривативлар, банклараро пул бозоридаги ўртача тортилган ҳажмлар ва нархлар бўйича котировкалар, шунингдек, бошқа турдаги маълумотлар трансляция қилиниши кўзда тутилган. 

Мазкур маълумотлар йирик хорижий инвесторлар ва трейдерларга жорий бозор тенденциялари ва таҳлилий маълумотлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон иқтисодиётига янада кўпроқ инвестиция киритиш мақсадида тезкор ва самарали қарорлар қабул қилишга кўмаклашади.

Ўзбекистон республика валюта биржаси ва Bloomberg ўртасида маркет-датани трансляция қилиш тўғрисидаги битим имзоланиши Ўзбекистоннинг биржа ва молия бозорларига потенциал хорижий инвесторлар учун ахборот “ойна”сини очадиган муҳим воқеа бўлди. Чунки Bloomberg жаҳон молия бозорининг профессионал иштирокчилари учун молиявий маълумотларнинг етакчи провайдерларидан бири бўлиб, деярли барча жаҳон биржаларида ва кўплаб биржадан ташқари бозорларда жорий ҳамда тарихий бозор маълумотлари билан таъминловчи компания ҳисобланади.