Инфекциянинг тарқалишини назорат қилган ҳолда имкон қадар тезроқ мактабларни қайта очиш керак. Бу ҳақда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш пандемия пайтида таълим тўғрисидаги видеомурожаатида айтиб ўтди, дея хабар беради «Дунё» АА мухбири.
Бирлашган Миллатлар ташкилоти раҳбари тўрт қисмдан иборат режани баён қилди. Унинг асосий мақсади таълим соҳасидаги пандемиянинг ҳалокатли оқибатларининг олдини олишдир. Бош котиб дунёнинг пандемиядан олдин таълим инқирозига дуч келганини эслади: турли мамлакатларда мактаб ёшидаги 250 миллиондан ортиқ болалар мактабга бора олмадилар. Қолаверса, ривожланаётган мамлакатларда ўрта мактаб ўқувчиларининг атиги тўртдан бир қисми керакли асосий кўникмаларни тугатган.
Антониу Гутерришнинг сўзларига кўра, COVID-19 пандемияси замонавий тарихда дунёдаги таълим тизимидаги энг катта муваффақиятсизликка олиб келди. Июль ойи ўрталарига келиб, 160 дан ошиқ мамлакатларда мактаблар ёпилди, бу эса миллиардга яқин ўқувчиларга таъсир кўрсатмоқда.
Дунё бўйича камида 40 миллион бола мактабдан четлатилди. Ота-оналар, айниқса, аёллар болаларни боқиш ва уй шароитида тарбиялашнинг оғир юкини кўтаришлари керак бўлди.
«Шунингдек, ногирон талабалар, оч ва кам таъминланган жамоалар, қочоқлар ва олис ҳудудлардаги одамлар таҳсил олишда умидсиз қолиб кетиш хавфи катта», дейди Бош котиб.
Ушбу оғир вазиятни тўғрилаш учун БМТ халқаро ҳамкорлар билан биргаликда «Бизнинг келажагимизни сақланг!» деб номланган тўрт босқичли кампаниясини бошламоқда.
Биринчидан, БМТ раҳбарининг сўзларига кўра, халқаро ҳамжамият мактабларнинг имкон қадар тезроқ очилишига эришиши керак.
Иккинчидан, молиявий оқимларни тақсимлашда таълимга устувор аҳамият бериш керак. Инқироздан олдин паст ва ўртача даромадли мактабларда таълимни молиялаштириш учун йилига 1,5 триллион маблағ ажратилган. Энди бу тафовут сезиларли даражада ўсди. Антониу Гутерришнинг таъкидлашича, таълим дастурларининг бюджетлари қисқартиришлардан сақланиши, иложи бўлса кўпайиши керак.
Учинчидан, БМТ раҳбарининг фикрига кўра, маърифий ташаббуслар ортда қолиб кетиш хавфи юқори бўлганлар, яъни фавқулодда вазиятлар ва инқироз зоналарида яшовчи болалар ва ўсмирлар, очлик исканжасида қолганлар ва ногиронларга етказиладиган тарзда тузилиши керак.
Тўртинчидан, таълимнинг келажагига бугунги кунда ғишт қўйилаётганини тушунишимиз керак. Пандемия шароитидаги ҳозирги авлоднинг педагогик усул ва тамойилларни қайта кўриб чиқиш имконияти мавжуд.
- Биз келажакда барчага сифатли таълим берадиган глобал барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлида қадам қўйишимиз зарур, - дея таъкидлади Бош котиб.