Бу ҳақда 28 июлда бўлиб ўтган «Одам савдосига қарши курашиш соҳасида миллий ва халқаро шерикликни мустаҳкамлаш» мавзусидаги халқаро тадбирда БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал алоҳида қайд этди.

Мазкур халқаро тадбир Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссияси Ички ишлар вазирлиги, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Унда Олий Мажлис Сенати Раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Т.Нарбаева сўзга чиқиб, сўнгги йилларда мамлакатда Президент бошчилигида Янги Ўзбекистонни бунёд этиш учун, халқ фаровонлигини таъминлашга хизмат қиладиган «Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат» ғояси асосида давлат ва жамиятнинг сиёсий-ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкамлаш, бу жараёнларда инсон ҳуқуқлари тизимини янада мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилганини таъкидлади.

Қайд этилганидек, одам савдосига қарши курашиш бўйича Ўзбекистон тажрибаси ҳамда соҳада мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси фаолияти БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ва қатор халқаро ташкилотлар томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланди ва халқаро эътирофга сазовор бўлди.

Миллий комиссия ташкил этилгандан буён, охирги 3 йилда ушбу йўналишдаги қонунчилик базасини замон талабларидан ҳамда халқаро нормалардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш мақсадида 40 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Одам савдосига оид жиноятлар учун жавобгарлик кучайтирилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик белгиланди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» янги таҳрирдаги қонун қабул қилинди, одам савдосидан жабрланган ёки жабрланган деб тахмин қилинаётган шахсларни идентификация қилиш ва қайта йўналтириш тартиби белгиланди. Қатор халқаро конвенциялар ратификация этилди.

Шунингдек, Халқаро меҳнат ташкилоти, Миграция бўйича халқаро ташкилот, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, АҚШ Давлат департаменти, Меҳнат вазирлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида 10 га яқин «Йўл хариталари» қабул қилиниб, уларнинг ижроси Миллий комиссия томонидан доимий назорат қилиняпти.

Тадбирда сўзга чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси ўринбосари Политес Пол Ўзбекистон сўнги йилларда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида улкан натижаларга эришганлигини эътироф этиб, Ўзбекистон яқин вақтда АҚШ давлат департаментининг дунёда одам савдоси тўғрисидаги йиллик ҳисоботида ўз позициясини энг юқори босқичга олиб чиқиш имкониятига эга эканлигини таъкидлади.

Маълумот ўрнида, ҳар йили АҚШ Давлат департаменти томонидан дунёда одам савдоси тўғрисидаги ҳисобот эълон қилинади. Сўнгги йиллардаги ҳисоботларда Ўзбекистонда Президент бошчилигида инсон қадрини улуғлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида тизимли ишлар амалга оширилаётгани ўзининг ижобий самарасини бераётганлиги таъкидлаб ўтилди.

Тадбирда қатор халқаро ташкилотларнинг экспертлари, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси мутахассислари, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон давлатларидан соҳа бўйича етакчи мутахассислари ҳамда мамлакатнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда қатор давлат ва нодавлат ташкилотларининг вакиллари иштирок этди.

Хусусан, иштирокчилар Марказий Осиё давлатларининг одам савдосига, айниқса замонавий ахборот технологиялари ёрдамида амалга оширилаётган одам савдосига қарши кураш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашди.

Шу билан бирга, Марказий Осиё давлатлари вакиллари иштирокида бундай тадбирларни доимий ташкил этиб бориш, доимий мулоқот майдонига айлантиришга, келгуси йилда бу тадбирларни қўшни давлатларнинг бирида ташкил этишга келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.