Ушбу ташаббус илк бор Давлатимиз раҳбари томонидан 2018 йилнинг август ойида Туркманистонда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарларининг бўлиб ўтган мажлисида таклиф этилган эди. Минтақанинг барча мамлакатлари иштирокида ушбу ташаббус амалга оширилиши экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш, «яшил» иқтисодиёт тамойлларини, экологик тоза, энергия ва сувни тежайдиган технологияларни жорий этиш, чўллашиш ва экологик миграциясининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва маҳаллий аҳоли фаровонлигини ошириш учун шароит яратиши мумкинлиги таъкидланди.

Шунингдек, БМТ шафелигида 2019 йилнинг 24-25 октябрь кунлари Нукус шаҳрида «Оролбўйи – экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» шиори остида бўлиб ўтган юқори даражадаги халқаро конференцияда 28 давлатнинг иштирок этган 150 вакили Ўзбекистон Президенти илгари сурган ташаббусни бир овоздан қўллаб - қувватлагани таъкидланди.

Ушбу резолюциянинг қабул қилиниши Оролбўйи минтақасини барча соҳаларда ривожлантиришга қаратилган инновацион лойиҳа ва ташаббусларни ишга тушириш учун ўзига хос майдонга айлантириш имконини бериши таъкидланди.

Резолюцияда белгиланган устувор вазифалар, жумладан, Оролбўйи минтақасини экологик инқироз зонасидан экологик инновациялар ва технологиялар зонасига айлантириш; минтақадаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилаш; ҳудудда атроф-муҳит ҳолатини яхшилаш, табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш бўйича илмий-тадқиқот фаолиятни қўллаб-қувватлаш; Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш; илмий тадқиқотлар ўтказиш, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, экологик барқарор иқтисодий ўсишга, энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашни кенг қамровли равишда амалга ошириш масалари қайд этилди.

Қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, вазирлик ва идоралар раҳбарларига қисқа муддатларда қабул қилинган резолюциянинг мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳанг истиқболли инновацион лойиҳалар ва тадбирларни қамраб олган «Йўл харитаси»ни ишлаб чиқиш топширилди.

Келгуси фаолиятнинг асосий йўналишлари, жумладан, Оролбўйи минтақасини инновацион ривожлантиришнинг Бош режасини ишлаб чиқиш, минтақада экологик барқарорликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш мақсадида инновацион услубларни қўллаш, ижтимоий соҳани ривожлантиришда инновацион технологияларини қўллаш, аҳолини ижтимоий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда инновацион механизмларини жорий қилиш, иқтисодиёт тармоқларида ресурларни тежовчи, юқори самарали, кам чиқитли ва чиқитсиз замонавий инновацион технологияларни тадбиқ қилиш, илм-фанни ривожлантириш, илмий тадқиқотлар ўтказиш
ва Оролбўйи минтақасида илмий-инновацион ҳамкорликни амалга ошириш, «Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисида»ги махсус резолюциясини амалга ошириш учун халқаро ҳамкорларни жалб қилиш ҳамда Оролбўйи минтақасида инновацион лойиҳаларни молиялаштиришнинг ички манбаларини шакллантириш ва мувофиқлаштириш белгиланди.

Ҳар бир йўналиш бўйича вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари ва экспертларидан иборат 7та махсус ишчи гуруҳи фаолиятини ташкил этиш топширилди. Ушбу гуруҳларнинг умумий вазифаси лойиҳаларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг самарали амалга оширилишини таъминлаш, шунингдек, «Йўл харитаси»га киритиш мақсадида таклиф ва тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат бўлади, деб хабар беради Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати.