Бобур тарих майдонида пайдо бўлган давр жуда катта, мураккаб ва зиддиятли ҳодисаларга тўла эди. Бобурнинг илмий ва адабий фаолияти ана шу ҳодисаларга боғлиқ бўлиб, унинг тақдирида ўша воқеалар катта аҳамият касб этган.
Мана шу зиддиятли замонда 12 ёшли боланинг Фарғона вилояти ҳокими сифатида сиёсий майдонда пайдо бўлади. Ўзингиз тассавур қилинг, тенгдошлари болаларча беғубор ўйинлар билан машғул бўлишиб турган вақтда, у Фарғона вилоятининг тахтига ўтиради.
Бобур тақдирнинг энг қаттиқ ва аччиқ зарбасига учрайди. У қанчалик қобилиятли, ақлли, тадбирли бўлмасин, қанча машаққат чекмасин содир бўлаётган воқеликни ўзгартира олмас, темурийлар сулоласини муқаррар ҳалокатдан асраб қололмас эди.
Шунинг учун ҳам Бобурнинг мамлакат учун, унинг қудратининг бирлиги учун, майда-майда парчаларга бўлиниб кетган мамлакатни, айниқса, четдан бўладиган ҳужумни қайтариш мақсадида бирлаштириш учун Моварауннахр ва Хуросоннинг ҳокимлари билан, баъзан музокара, баъзан қурол кучи воситасида қилган узоқ уринишлари натижа бермади. У қудратли бўлиб бораётган Шайбонийларнинг босими остида ўз ватанини тарк этиб, 1504 йилда икки юздан сал ортиқроқ навкарлари билан Кобулни забт этади.
Лекин ўз ватанига қайтиш фикри Бобурнинг сўнгги нафаси чиққунча ҳамиша ёдида бўлади. У яна бир бор Самарқандни қўлга олади, бироқ халқ ички урушлардан ниҳоятда чарчаган ва уни қўллаб қувватламади.
Энди Бобур бор эътиборни Ҳиндистонга қаратади. Бобур катта ҳарбий қобилиятга эга бўлиб, у тадбиркор, эҳтиёткор ва эпчил саркарда бўлган. У ҳар қандай ҳарбий ҳаракатни пухта ўйланган режа асосида амалга оширарди.
1526 йилда Ҳиндистонга қилинган бешинчи юришида, қўшинидан саккиз мартача кўп қўшини бўлган Деҳли султони Иброхим Лўдий билан тўқнаш келади. Душман аскарлари юз мингдан ортиқ бўлиб, яна мингдан ортиқ жанговар филлари ҳам бўлган. Лекин бор йўғи 12 минг аскарга эга Бобурнинг тадбиркорлиги, янгиликка интилувчанлиги душманни тормор бўлишига сабаб бўлади.
У жанг майдонида”тўлғама” ҳарбий усулидан унумли фойдаланади ва илк бор замбаракларни усталик билан қўллайди. Ўз қароргоҳини ҳам рум усулида аробалар билан тўсади ва ҳандақ қаздириб, хавфсиз қилади. Унинг жанчиларида ўқотар милтиқлар ҳам бўлган.
Бу ўз навбатида Иброхим Лўдийнинг улкан армиясини узил-кесил мағлубиятга учрашига сабаб бўлади. Бобур сўнгги темурий сифатида жангга киради ва биринчи бобурий сифатида жангдан чиқади. Бу жанг Бобур ва унинг хонадони учун жуда катта аҳамият касб этади. Ғалаба қозонган Бобур Шимолий Ҳиндистонда буюк империяга асос солади. Бобурийлар мазкур мамлакат тараққиётига улкан хисса қўшадилар ва қарийб 336 йил ҳукмронлик қилишади. Бобур Ҳиндистонни забт этгач, қуйидаги рубоийни ёзади:
“Толиъ йўқи жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишники айладим, хатолиғ бўлди,
Ўз ерни қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб нетайин, не юз қаролиғ бўлди. ”
Шундай катта ва улкан мамлакатга асос солган Бобур, ўз ватанидан узоқда эканлигини ҳамиша ёдида тутади. Бегона юртларда бориб қолиб, ватанни соғиниб юрган кезларида унда норозилик кайфияти кескин тус олади.
“Яна маҳруми хонумон қилдинг,
Яна овораи сарсон қилдинг...”.
Умуман, бегона юртларга бориб қолиб тортган азоблар, ватанга муҳаббат, уни соғиниш, унга интилиш Бобур шеъриятининг марказий масалаларидан ҳисобланади.
Бобурнинг бу масалага бағишланган шеърий сатрлари самимият билан тўла, мазкур сатрлар муаллифнинг чуқур руҳий кечинмалари ифодалангани билан ажралиб туради.
“Ёд этмас эмиш кишини ғурбатта киши,
Шод этмас эмиш кўнгулни меҳнатда киши,
Кўнглум бу ғарибликда шод ўлмади оҳ,
Ғурбатда севинмас эмиш албатта киши”.
Бу мисралар Бобурни қанчалик ватанини севишидан далолат беради. Гўзал Фарғонанинг сўлим табиати, оқар зилол сувларнинг шовуллаши, тоғолди қишлоқларнинг салқин ҳавоси ва қор билан қопланган тоғлар бир умрга Бобурнинг армонига айланди.
Тақдирнинг аччиқ қисмати уни яна гўзал водийларни ва сервиқор тоғларни кўришга изн бермади, лекин Бобур сўнгги нафасигача ўз ватанига содиқ қолди ва одамларни ўз ватанини севишга, қадрлашга чорлади.
Тўлқин Сайдалиев,
Қуролли кучлар академияси доценти,
филология фанлари номзоди
Шукурали Атаев,
филология фанлари номзоди