Унинг бой мероси, айниқса, “Бобурнома” асари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган бебаҳо манба ҳисобланади. Бугунги глобаллашув шароитида давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш, айниқса, тарихий ва маданий умумийликка эга бўлган ҳудудлар билан алоқаларни ривожлантириш муҳим аҳамият касб этмоқда.  Биз Бобурни асосан Ҳиндистон билан боғлаб ўрганганмиз, аслида эса унинг ҳаёти ва фаолияти фақат шу мамлакат доираси билан чекланмайди. Бобурнинг сиёсий юришлари, давлат барпо этиш жараёни ва маданий мероси бутун Жанубий Осиё ҳудудини қамраб олган. Хусусан, бугунги Покистон замини унинг фаолиятида муҳим ўрин тутган, кўплаб тарихий воқеалар айнан шу ҳудуд билан боғлиқ. Шу боис, Бобур шахсияти ва меросини кенгроқ минтақавий нуқтаи назардан, Жанубий Осиё тарихи контекстида ўрганиш мақсадга мувофиқдир. Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ана шундай узвий боғлиқ ҳудудлардан ҳисобланади.

Тарихга назар ташласак, бу икки минтақанинг ўзаро алоқалари кўп асрлик илдизларга эга эканини кўрамиз. Савдо йўллари, маданий алмашинув, илм-фан ва давлатчилик анъаналари орқали улар ўртасида мустаҳкам боғлиқлик шаклланган. Бу яқинликнинг энг ёрқин тимсолларидан бири – Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Бобур нафақат Марказий Осиё фарзанди, балки Жанубий Осиё тарихида ҳам чуқур из қолдирган шахсдир. Унинг ҳаёти ва фаолияти, айниқса, “Бобурнома” асари орқали биз XVI асрдаги шаҳарлар, ҳудудлар, иқтисодий ва сиёсий жараёнлар ҳақида аниқ маълумотларга эга бўламиз.

Бугунги маърузамда Бобур шахсияти, унинг давлатчилик фаолияти, “Бобурнома” асари ҳамда унда тасвирланган шаҳар ва ҳудудлар ҳақида сўз юритиб, ушбу  тарихий  мероснинг бугунги кунда Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришдаги аҳамиятини ёритишга ҳаракат қиламан.

Бугун Ўзбекистон Жанубий Осиё мамлакатлари билан ҳудудлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш учун мустаҳкам асосларга эга:

                  – Тарихий жиҳатдан ушбу ҳудудлар билан доимий савдо алоқалари бўлган.

         – “Бобурнома”да Жанубий Осиё мамлакатларининг умумий ҳусусиятлари, иқтисоди, сиёсати, савдоси, географияси батафсил тасвирлаб берилган.

 – Бугунги кунда Ўзбекистон шу минтақа давлатлари билан иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаб бормоқда. Узоққа бормаймиз, ўтган ҳафта Президентимизнинг Покистон Ислом республикасига амалга оширган давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида Ўзбекистоннинг Термиз ва Покистоннинг Пешовар шаҳри, шунингдек, Самарқанд билан Исломобод шаҳарлари ўртасида биродарлик муносабатларини ўрнатиш тўғрисида битимлар ҳам имзоланди. Ушбу битимлар савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, таълим, туризм ҳамда транспорт-логистика соҳаларида ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтиришга хизмат қилиши, шунингдек, халқлар ўртасидаги тарихий яқинлик ва дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Бобурнинг машҳур асари “Бобурнома” (асл номи “Вақоеъ”) туркий   тилда ёзилган бўлиб, XVI аср воқеаларини ёритувчи ишончли манба ҳисобланади. Асарда сиёсий воқеалар билан бир қаторда шаҳарлар, ҳудудлар, иқтисодий ҳаёт, савдо йўллари, табиат ва аҳоли турмуши ҳақида аниқ кузатувлар келтирилган.“ Бобурнома”да Самарқанд юксак эҳтиром билан тилга олинади. Бобур уни илм-фан, меъморчилик ва ҳунармандчилик маркази сифатида тасвирлайди. Самарқанд унинг орзуси ва сиёсий мақсадларининг марказида турган шаҳар эди. Бугун Самарқанднинг Исломобод (Покистон) ва Агра (Ҳиндистон) шаҳарлари билан биродарлик муносабатлари ўрнатгани рамзий аҳамиятга эга. Айниқса, 2018 йилда Самарқанд ва Агра ўртасида биродарлик алоқаларининг ўрнатилиши Бобурийлар даври тарихи билан бевосита боғлиқдир. Чунки Агра Бобур асос солган давлатнинг муҳим марказларидан бири бўлган. 1526 йилдан кейин Бобур Аграни стратегик марказ сифатида ривожлантирди. У ерда боғлар барпо этди, давлат бошқарувини мустаҳкамлади. “Бобурнома”да Агранинг географик ўрни, иқлими, дарёлари – хусусан, Ямуна дарёси ҳақида маълумотлар келтирилади.

Бугун Самарқанд – Агра муносабатлари икки халқни боғлаб турган умумий тарихий мероснинг замонавий ифодасидир. “Бобурнома”да Пешовар ва Кобул Ҳиндистонга олиб борувчи муҳим стратегик нуқталар сифатида тасвирланади. Кобул Марказий Осиё билан Ҳиндистон ўртасидаги асосий савдо маркази бўлган. Пешовар эса Ҳиндистонга кириш йўлидаги муҳим ҳарбий ва иқтисодий нуқта ҳисобланган. Бугунги Термиз–Пешовар ҳамкорлиги ана шу тарихий савдо йўлларининг қайта тикланаётганини англатади.

Бобур даврида шаклланган иқтисодий ва маданий боғлиқлик бугун янги мазмун касб этмоқда. Президентимизнинг Покистонга амалга оширган давлат ташрифи доирасида имзоланган ҳужжатлар, шаҳарлар ўртасидаги биродарлик муносабатлари:

  • савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш,
  • транспорт-логистика тизимларини ривожлантириш,
  • маданий-гуманитар ҳамкорликни кучайтириш,
  • туризм ва таълим соҳаларида алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Бу жараёнлар тарихий анъаналарга таянади. Агар XVI асрда Бобур Марказий ва Жанубий Осиёни сиёсий жиҳатдан боғлаган бўлса, бугун Ўзбекистон ана шу тарихий меросни дипломатик ва иқтисодий ҳамкорлик орқали давом эттирмоқда. Самарқанд–Агра (2018), Самарқанд–Исломобод ҳамда Термиз–Пешовар биродарлик муносабатлари Бобур асос солган тарихий яқинликнинг замонавий давомидир. Демак, тарихий мерос ва замонавий ташқи сиёсат уйғунлиги минтақавий тараққиёт ва барқарорликнинг муҳим пойдеворидир. Бобур фақат шоир ёки саркарда эмас, балки икки минтақа давлатларини боғлаган тарихий дипломат ҳамдир.  Шу боис, унинг таваллудини ёдга олиш – бу ўтмишни эслаш билангина чекланмай, тарихий хотирани бугунги шаҳарлараро ва халқлараро ҳамкорликка айлантириш демакдир. Биродар шаҳарлар альянсининг фаолияти айнан мана шу узвийликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.  Шу нуқтаи назардан, Биродар шаҳарлар альянси доирасида ҳудудлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни янада фаоллаштириш, туризм салоҳиятини кенг тарғиб этиш ва мунтазам маданий форумлар ташкил этиш айни муддао бўлади. Айниқса, “Бобурнома”да тасвирланган қадимий шаҳарлар тарихи ва қиёфасини замонавий технологиялар орқали қайта жонлантириш, улар асосида илмий-маърифий ва туристик лойиҳаларни амалга ошириш катта аҳамият касб этади. Шунингдек, Ўзбекистон–Покистон ва Ўзбекистон–Ҳиндистон биродар шаҳарлари кунларини ўтказиш орқали халқларимиз ўртасидаги тарихий яқинликни янада мустаҳкамлаш, ёшлар ва тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот майдонларини яратиш мумкин. Бу ташаббуслар Бобур асос солган маънавий ва тарихий боғлиқликни замонавий ҳамкорлик мазмуни билан бойитиб, минтақавий тараққиётга хизмат қилади.

 

Саида Пулатова,
Биродар шаҳарлар альянси бош мутахассиси