Ўтган қисқа давр мобайнида мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришнинг муҳим асослари шакллантирилди. Мазкур тарихий жараён Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизими бошқарувини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилишидан бошланди. Шу билан бирга, тизимнинг ҳуқуқий асослари яратилиб, вазирлик олдида турган устувор вазифалар аниқ белгилаб берилди.

Маълумки, мактабгача таълим узлуксиз таълим тизимининг бошланғич бўғини бўлиб, боланинг соғлом ва мустақил фикрини шакллантириш, қобилиятини рўёбга чиқариш ҳамда билим олишга интилишини ривожлантириш каби мақсадлар йўлида иш олиб боради. Вазирлик фаолияти йўлга қўйилгандан сўнг қисқа фурсатда тизимни самарали ташкил қилиш мақсадида 76 та қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

Мамлакатимизда 3–7 ёшли болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада йиллар ҳисобига назар ташласак, 2017 йилда қамров 27,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йили 37,7 фоиз, 2019 йили 52,3 фоиз, 2020 йили 60,9 фоиз, 2021 йилнинг июнь ойи ҳолатига кўра эса 62,4 фоизга етганини кўриш мумкин. Бу кўрсаткич йилдан йилга ортиб боряпти. Қолаверса, 2019 йил 8 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Президент қарорига мувофиқ, 2030 йилга бориб мактабгача таълимга болаларнинг 80,8 фоизини қамраб олиш режалаштирилган.

Шу ўринда бугунги кунда юртимизнинг барча ҳудудида мактабгача таълим ташкилотлари кўпаяётганини айтиш ўринли. 2017 йилда мамлакатимизда 5 минг 211 та мактабгача таълим ташкилоти мавжуд бўлган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 18 минг 254 тага етгани қувонарли ҳолдир.

2021 йилда 3–7 ёшли болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 65 фоизга етказиш белгиланган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 мартдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2025 йилда 6 ёшдаги болаларни мактабгача мажбурий тайёргарлик гуруҳларига 100 фоиз қамраб олиш режалаштирилган.

Айтиш жоизки, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 8 декабрдаги “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлашга босқичма-босқич ўтиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги 2018-2019 ўқув йили давомида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул бир йиллик тайёрлашни жорий этиш бўйича дастлабки лойиҳани муваффақиятли амалга оширди. Айниқса, дастлабки лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ҳамда Тошкент шаҳридаги туман ва шаҳарларда ташкил этилган 494 та гуруҳдаги 11 минг 103 нафар бола йиллик мажбурий тайёргарликдан ўтказилгани бу каби саъй-ҳаракатларнинг ижобий маҳсулидир.

Бугунги кунда вазирлик мактабгача таълим соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш, ўқув жараёнида инновацион педагогик технологиялар қўллаш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш, мактабгача таълим ташкилотлари тармоғини кенгайтириш, уларни ўқув-услубий, дидактик материаллар билан таъминлаш ҳамда педагог ходимларнинг малакасини ошириш бўйича муҳим мақсад ва вазифаларни бажариб келмоқда. Шунингдек, мазкур соҳада мавжуд бўлган хизматларни кўрсатишда мослашувчанликни таъминлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида мактабгача таълимнинг турли муқобил шаклларини жорий этиш бўйича самарали ишларни бажармоқда.

Муҳим ўзгаришлардан яна бири шуки, давлат-хусусий шериклик доирасида оилавий боғчалар шаклида ўқитишнинг муқобил модели амалга оширилди. Мамлакатимиз бўйлаб мактабгача таълим ташкилотларига қисқа муддатли, яъни тўлиқ кунга мўлжалланмаган гуруҳлар каби таълимнинг муқобил шакли жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги томонидан хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки томонлама ҳамкорлик фаол ривожлантирилмоқда. Чунки халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳим аҳамият касб этади. Бу эса болаларимизни жаҳон стандартларига мос таълим жараёнлари асосида қамраб олишга, уларни ҳар томонлама — жисмонан ва маънан етук инсонлар этиб тарбиялашга, хорижий давлатларнинг тажрибасини ўзлаштиришга қулай имконият яратади.

2017 йилдан буён чет эллик ҳамкорлар билан юртимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантиришга қаратилган 60 дан ортиқ ўзаро англашув меморандуми ва доиравий битимлар имзоланди. Қолаверса, вазирлик соҳада Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Россия Федерацияси, Япония, Сингапур, Туркия, Польша ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Жаҳон банки гуруҳи,  ЮНИСЕФ,  ЮНЕСКО, KOICA, JICA, TIKA, ЕХҲТ, Саудия тараққиёт жамғармаси, “Россотрудничество” каби халқаро ташкилотлар ҳамда молия институтлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Шу ўринда улар билан бирга мактабгача таълимга инновацион ёндашувларни жорий этиш, таълим олишга алоҳида эҳтиёжи бўлган болалар учун мактабгача таълим олишда тенг имконият яратиш, таълим-тарбия жараёни сифатини ошириш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш борасидаги қатор йирик лойиҳалар амалга оширилганини таъкидлаш жоиз.

Ҳозир мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини жорий этиш режаси ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра, 2020 йилда БМТнинг ЮНИСЕФ халқаро болалар жамғармаси билан биргаликда мактабгача таълимнинг муқобил шаклларини синовдан ўтказиш режалаштирилган. Наманган вилоятининг Косон, Тўрақўрғон, Чуст ва Норин туманлари ҳамда Хоразм вилоятининг Боғот ва Қўшкўпир туманларида мактабгача таълим ёшидаги болалар гуруҳларининг ўйин жамоаларини синовдан ўтказиш истиқболли режага киритилган.

Бундан ташқари, дастур доирасида турли ёш гуруҳлари билан ишлаш бўйича қатор тренинглар ўтказиш назарда тутилган. Жаҳон банки билан бирга 2020 йилдан бошлаб амалга оширилаётган “Болаларнинг эрта ривожланишини такомиллаштириш” лойиҳаси доирасида мактабгача таълимнинг турли муқобил шакллари, жумладан, юртимизнинг чекка ҳудудида яшовчи 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болаларга эътибор қаратган ҳолда “уйга ташриф”, махсус таълимга эҳтиёжманд болалар учун “эрта ривожлантириш марказлари”ни синовдан ўтказиш назарда тутилган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Мобиль гуруҳлар базасида мактабгача таълим хизматларини кўрсатиш бўйича тажриба-синов лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида”ги қарорига кўра, юртимизнинг барча ҳудудида ISUZU русумли қайта жиҳозланган автобуслар негизида “Ақлвой” номли мобиль мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.

Дастлабки лойиҳа сифатида “Ўзавтосаноат” АК кўмагида 16 та автобус ташкил этилиб, улар юртимизнинг барча ҳудудини қамраб олди. Бундан ташқари, хавфсизликни таъминлаш ва мобиль гуруҳлар тарбияланувчилари ўйнаши учун шароит яратиш мақсадида барча зарур буюмлар ҳамда дидактик материаллар билан жиҳозланган 44 та ўйин майдончаси қурилди.

Тажриба лойиҳасида аввал мактабгача таълимга қамраб олинмаган ва асосан мамлакатимизнинг бориш қийин бўлган чекка ҳудудида яшовчи 1 минг 556 нафар бола қамраб олинганини айтиш даркор. Бундай турдаги муқобил инновацион шакллар аҳолига тақдим этилаётган мактабгача таълим ва тарбия хизматларининг сифати ҳамда жозибадорлиги ошишига замин яратяпти.

“Ақлвой” мобиль болалар боғчалари лойиҳаси бўйича ҳар бир болага битта ўрин ташкил этиш учун тахминан 7,7 миллион сўм маблағ сарфланган ҳолда бир неча сменада машғулотлар ўтказиш мумкин. Ҳар бир автобус 3 та маҳаллада ҳаракатлана олади. Одатдаги давлат мактабгача таълим ташкилотини қуриш ва жиҳозлаш ишлари учун қилинадиган сарф-харажат тақсимланганда ҳар бир болага 44 миллион сўмдан тўғри келади. Яъни “Ақлвой” мобиль болалар боғчалари харажат борасида ҳам тежамкорликка эга.

Юртимизнинг чекка ҳудудида қайта жиҳозланган ISUZU автобуслари негизида мобиль мактабгача таълим ташкилотларини жорий этишни давом эттириш бўйича таклиф ишлаб чиқилди. Жумладан, 2021 йилда чекка ҳудудлар учун 49 та ISUZU русумли автобус фойдаланишга топширилиб, 98 та янги майдонча қурилди.

Буюк мутафаккир Абдулла Авлоний болани бежиз идишда турган сувга қиёсламаган. Сув қайси ранг ва қандай ҳажмдаги идишда турганига қараб, худди шу тусда товланади. Бу ҳақиқат ҳозирга қадар ўз моҳиятини сақлаб келмоқда. Зеро, эътибор туфайли болаларнинг келажак пойдевори мустаҳкам қурилади. Уларнинг мурғак қалбидаги олам-олам гўзал орзуларга қанот бўламиз. Зотан, мактабгача таълим тизимига қамровни янада кенгайтириш, болаларга сифатли таълим-тарбия бериш асосий вазифамиздир.