Ўтган йилнинг октябрь ойида маҳалла ҳудудида 18 нафар имконияти чекланган фуқаро ҳамда эҳтиёжманд оилаларга 24 хонадондан иборат 4 қаватли уй-жойлар фойдаланишга топширилган эди.
Куни кеча ушбу кўп қаватли уйда яшовчи юртдошларимизга сайёр давлат хизматларини кўрсатиш мақсадида Давлат хизматлари Агентлиги вилоят бошқармасининг махсус жиҳозланган автобуси келди.
Хизмат кўрсатиш олдидан Давлат хизматлари марказлари ходимлари томонидан халқни рози қилиш учун қилинаётган ишлар, яратилаётган қулайликлар, марказ томонидан кўрсатилаётган хизматлар ҳақида тушунчалар, саволларга жавоблар берилди.
Тадбир давомида фуқароларга 30дан ортиқ СТИР олиш ва аниқлаш, кўчмас мулкларга нисбатан кадастр паспортларини шакллантириш, мулкларини давлат рўйхатидан ўтказиш каби давлат хизматлари кўрсатилди.
— Ёш болаларим борлиги сабабли битта ИНН олиш учун деярли бир-икки ҳафтадан буён туман марказига тушиб келишга имконият қилолмаётгандим, — дейди Гулбаҳор Юлдашев. — Бугун Давлат хизматлари маркази ходимларининг келганини эшитиб, шуни айтгандим бир пастда ҳал қилиб беришди. Ҳам вақтдан, ҳам нақддан тежадим. Бўларкану, шунақа ишласа ҳам.
— Шундай пайтлар бўлганки, биргина уйни кадастр қилдириш учун ойлаб, ҳаттоки йиллаб сарсон бўлганмиз. Ташкилотма ташкилот бировларнинг ортидан югуриб, ялиниб, устига устак қўшимча пул бериб ишимизни битказардик. Ўшанда ҳам битсаку майли, битмаса вақтимизга ҳам, пулимизга ҳам қуйиб қолардик. Бундай ҳолатлар узоқ эмас уч-тўрт йил аввал ҳам бўлиб турарди. Замоннинг зайлини қарангки, бугун давлат идоралари ўзи уйимизни олдига ишимизни ҳал қилиб бериш учун келиб турибди. Мана шундай тизимни йўлга қўйганларга раҳмат, барака топишсин, — дейди Мухтасархон Арзиқулова.