Ҳаётимизнинг ҳар жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида аҳоли фаровонлигини таъминлаш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, мамлакатимиз иқтисодий салоҳияти юксалтириш каби бир қатор эзгу ғоялар мужассам. Бу божхона тизимидаги ўзгариш ва янгиланишларда ҳам намоён бўлади.

Хусусан, тизимга “Рақамли божхона” тамойили кенг жорий қилинаётгани ташқи иқтисодий фаолият иштирокчиларининг ҳам вақтини, ҳам харажатини тежашга хизмат қилмоқда.

Кенг миқёсда жорий қилинаётган “Хавфларни бошқариш”, “Ягона дарча” каби божхона ахборот тизимлари ва электрон хизматлар кўмагида божхона назорати ҳамда расмийлаштирувига сарфланаётган вақт тобора қисқармоқда.

Аҳамиятлиси, божхона назоратига илғор технологиялар татбиқ этилиши натижасида декларацияни расмийлаштириш вақти экспортда 1,7 баробарга, импортда эса 1,4 баробарга қисқартирилди. Шу билан бирга, 76 фоиз божхона юк декларациялари соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилган, бу кўрсаткич экспортда 84 фоизни ва импортда 74 фоизни ташкил этади.

Божхона соҳасида амалга оширилаётган улкан ўзгаришлар, кенг кўламли ислоҳотлар ҳақли равишда халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилмоқда.

– Биргина тадбиркорлик фаолиятини янада либераллаштириш, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, маҳаллий маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқариш ва тадбиркорларга қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш борасида муҳим ислоҳотлар ўтказиляпти, – дейди Тошкент шаҳар божхона бошқармаси бошлиғи ўринбосари Нодир Салимжонов. – Бироқ, таҳлиллар илғор рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали божхона тартиб-таомилларини янада соддалаштириш мумкинлигини кўрсатмоқда. Жорий йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармони айни мақсадларга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Жумладан, мазкур фармонга мувофиқ 2021 йил 1 октябрдан бошлаб божхона назоратини олиб боришда “Масофавий электрон декларациялаш” божхона постлари фаолияти йўлга қўйилди. Айни пайтда республикамизнинг тўртта ҳудудида синов тариқасида ана шундай постлар фаолият бошлади.

Давлат божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари учун “Янгиланаётган божхона: “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар учун яратилган қулайликлар” мавзусидаги пресс-турда мазкур ҳужжат ижроси борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Тадбирда иштирокчилар пойтахтимизнинг Сергели туманидаги “Сирғали” божхона пости, бир қатор экспортёр корхоналар фолияти ва яратилаётган шароитлар билан яқиндан танишди.

Тадбир аввалида “Рақамли Ўзбекистон божхонаси” кўргазмали тақдимоти ва соҳадаги ислоҳотларга бағишланган махсус видеоролик намойиш этилди.

Журналистлар “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона пости тарихи, у ердаги божхона расмийлаштируви жараёнини соддалаштириш, божхона назоратининг шакл ва усулларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

– “Сирғали” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида 2021 йилнинг 9 ойи давомида 36 минг 379 та божхона юк декларацияси расмийлаштирилиб, улар бўйича 2 триллион 336 миллиард сўмлик божхона тўловлари давлат бюджетига ўтказилган, – дейди мазкур пост бошлиғи Илҳом Ҳакимов. – Бу ерда тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилган салкам 344,4 миллион АҚШ долларидан зиёд маҳсулот хорижга экспорт қилинди.

Божхона пости тасарруфида 33 та омбор мавжуд бўлиб, 29 таси очиқ, 4 таси ёпиқ турдаги божхона омборларидир.

Мазкур божхона омборларининг барчаси видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Видеотасвирларни онлайн тарзда Давлат божхона қўмитаси ҳамда ҳудудий бошқармаси орқали кузатиш имконияти мавжуд.

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларга божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 10 дан ортиқ турдаги ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган хомашё, технологик асбоб-ускуналар, маиший техника ва уларнинг қисмлари каби товарларнинг божхона расмийлаштирувида 931,4 миллиард сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилди.

Божхона постида яширин иқтисодиётни қисқартириш, ноқонуний товар-моддий бойликларнинг юртимиз ҳудудига кириб келишининг олдини олишга қаратилган бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, ўтган даврда 227 та ҳолатда 1 миллиард 948 миллион сўмдан ортиқ товарларнинг ноқонуний йўл билан кириб келишининг олди олинди. Улар бўйича  8,1 миллиард сўмдан зиёд қўшимча божхона тўловлари ҳисобланиб, давлат бюджетига ундирилиши таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш мақсадида халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилишга қаратилаётган муҳим эътибор, соҳада амалга оширилаётган тизимли ислоҳотлар мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлашга, унинг инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга ва божхона органлари фаолияти шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.