Бу бўйича Президентнинг “Божхона маъмуриятчилиги ва ташқи савдо тартиботларини янада соддалаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони (ПФ–250-сон, 17.12.2025 й.) қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2026 йил 1 мартдан товарларни улар чегара ўтказиш пунктига етиб келгунига қадар дастлабки декларациялаш орқали эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштиришда:

  • божхона расмийлаштируви учун божхона йиғими миқдори 20 фоизга пасайтирилади;
  • божхона тўловларини бўлиб-бўлиб (кечиктириб) тўлашда 14 кунгача фоизлар ҳисобланмайди.

Қуйидагилар бўйича божхона органларининг ахборот тизимида хавф аниқланмаганда, божхона юк декларациялари автоматик расмийлаштирувдан ўтказилади:

  • йирик солиқ тўловчи ташкилотлар, давлат ташкилотлари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан импорт қилинаётган ташқи савдо юклари;
  • тариф ва нотариф чекловлар татбиқ этилмайдиган экспорт қилинаётган юклар.

Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингида юқори ва ўрта даражаларини эгаллаган ваколатли иқтисодий операторларга қўшимча қуйидаги имкониятлар тақдим этилади: 

  • божхона тўловлари ва солиқларни қайтариш, ўзаро ҳисобга олишда соддалаштирилган тартиботларни жорий этиш; 
  • товарларни қадоқлаш, ўраш, саралаш ва тозалаш каби қайта ишлаш операцияларида қайта ишлаш учун рухсатнома талаб қилмаслик.