Божхоначилар 2022 йил 6 октябр куни олдиндан кузатувга олинган шахс бошқарувидаги “Исузу” юк автотранспорт воситаси тўхтатилиб, кўздан кечирди. Машина юкхонадаги кетмон дасталари ортига яширилган қоғоз қутилар тезкор ходимларнинг эътиборини тортди.
Қоғоз қутилар очиб кўрилганида уларнинг ичида 5 турдаги 77 272 дона пиротехника воситалари борлиги аниқланди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган мазкур салют ва петардаларнинг жами қиймати 433 млн сўмни ташкил қилмоқда, дея хабар беради Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Қайд этилишича, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида республикамиз божхоначилари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи турли идоралар билан ҳамкорликда аниқланган 27 та қонунбузилиш ҳолатларида қиймати 652 млн. 80 минг сўмлик 109 минг 168 дона пиротехника воситаларининг ноқонуний олиб ўтилишининг ўз вақтида олди олинди.
"Фақатгина шу эмас. Юқоридаги ҳолатда юкхонада муқаддам ноқонуний равишда олиб кирлиган 28 минг 640 дона лекопластик ва термометрлар ҳам борлиги аниқланди. Уларнинг умумий қиймати 146 млн сўмдан ошмоқда.
Бундан ташқари, товарлар орасида 41 минг 488 дона шахсий гигиена ва парфюмерия воситалари борлиги аниқланди. Афсуски, 116 млн. сўмдан ошиқ қийматдаги мазкур товарларнинг қадоғида ҳам уларнинг ишлаб чиқарилган жойи, муддати ҳақида ва бошқа зарурий биронта ҳам ахборотлар мавжуд эмас.
Шундай қилиб мазкур ҳолатда тўхтатиб қолинган товарларнинг умумий қиймати салкам 696 млн. сўмни ташкил қилмоқда", дейилади хабарда.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.