Раҳима ая турмуш ўртоғи билан ажралишганига ҳам анча бўлди. Лекин у ўғлининг кўнглига қаради, инжиқликларига чидади. Бир ўзи тарбиялади. Ҳозир фарзанди 29 ёшда. Аммо ҳаётидан нолимайди. Яратганга шукр қилади.

Ая бир умр касалхонада оддий санитарка, бўш пайтида эса далада ишлади. Аммо бировга ҳаётидан нолимади. Бировдан ёрдам сўрамади. Рўзғори учун ҳаракат қилди. Уйида сигир, товуқ боқди, оиладан ортган тухум ва сут-қатиқни ҳар на деб бозорга чиқарди.

Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Зуҳра Мирғозиева Бўка туманида ёшлар муаммоларини ўрганиш чоғида онахон ва унинг фарзанди тўғрисида эшитиб, оиланинг ҳолидан хабар олди.

Хонадон эгаси Раҳима ая ва фарзанди билан оиланинг муаммолари ҳамда қизиқишлари бўйича самимий суҳбатлашди. Суҳбат жараёнида Зуҳриддиннинг гантель кўтаришга ва копток ўйнашга хоҳишини, оёқ кийим тузатадиган ускуна бўлса, пойабзалларни таъмирлаш нияти борлигини сезди.

Вилоят ёшлари етакчиси оилага ёрдам зарурлигини билди. Раҳима ая ҳаётда ҳақиқий қаҳрамон аёл эканлигига тан берди. Баъзилар каби ногирон фарзандини болалар уйи ёки махсус мактаб-интернатларга топширмаганига, бутун умрини унга бағишлагани учун аёлнинг матонатини ҳис қилди. Вилоят сектор раҳбарлари билан маслаҳатлашиб, оилага ёрдам беришга қарор қилинди.

Яқинда Зуҳра Мирғозиева ва Ёшлар ишлари агентлиги Бўка тумани бўлими раҳбари Олимжон Жўраевлар «Қулдуроқ» маҳалла фуқаролар йиғинидаги А.Умаров кўчаси 1-уйда истиқомат қилаётган Раҳима ая Дадабоева хонадонида бўлишди.

Зуҳриддинга спорт анжомлари (гантель, копток) ва телевизор совға қилишди. Яқинда унга оёқ кийим тузатадиган ускуна беришга ваъда беришди. Зуҳриддиннинг қувончи эса бир олам эди.

Ҳосил КАРИМОВ,

журналист.