Бугун БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича ҳар икки йилда бир марта ўтказиладиган Осиё чемпионати якунланади.

Кеча аёллар ўртасидаги 10-Осиё чемпионатида ғолиблари аниқланди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, боксчи қизларимиз Осиё чемпионатида 1 та олтин, 5 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида 2- ўринни эгаллашди.

2019 йилги Осиё чемпионати билан таққослаганда вакилаларимиз Дубай баҳсларида муносиб натижага эришганлигини таъкидлаш лозим. Бундан икки йил муқаддам Таиландда ўтказилган IX қитъа чемпионатида бор-йўғи 2 та бронза медалига мушарраф бўлган Ўзбек Барчинойлари БАА рингларида мамлакатимизнинг аёллар бокси тарихида ўзига хос рекорд қайд этди, дейишимиз мумкин.

Умумий медаллар мундарижасига эътибор қаратилса, Қозоғистон боксчи қизлари 10 та медаллар жамланмаси(8-1-1) билан 1-ўринни, вакилаларимиз 2-ўринни( 1 та олтин, 5 та кумуш, 2 та бронза), Ҳиндистон маликалари(1-3-6) эса 3-ўринни эгаллашган. Қитъа чемпионатида қатнашган Индонезия, Кувайт, Филиппин, БАА каби қатор мамлакатлар 1 та ёки 2 та медаллар билан кифояланишган.

Бугун эркаклар ўртасида ўтказиладиган XXXI Осиё чемпионатида 7 нафар боксчимиз олтин медаллар учун жанг олиб боришади. Вакилларимиздан -49 килограмм вазнда Нодиржон Мирзааҳмадов — Даниял Сабит (Қозоғистон), -52 килограммда Шаҳобиддин Зоиров - Амит (Ҳиндистон), -56 килограммда Миразизбек Мирзахалилов - Харку Энх-Амар (Манголия), -69 килограммда Бобоусмон Батуров - Аблайхан Жусупов (Қозоғистон), 75 килограммда Саиджамшид Жафаров - Абилхан Аманкул (Қозоғистон-), -81 килограммда Дилшодбек Рўзметов - Мейсам Гешлаги (Эрон) ва +91 килограммда Баҳодир Жалолов - Камшибек Конкабаев (Қозоғистон) билан учрашади.

Икки йил олдинги Осиё чемпионати натижаларига разм ташласак, чарм қўлқоп усталаримиз 2019 йилги чиқса чемпионатида 4 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронзаларга эгалик қилган экан.

Ҳозирча боксчиларимизда 3 та бронза медали нақд. Бугунги жанглар натижасига кўра, олтин ва кумуш медаллар масаласи ойдинлашади.

Осиё чемпионатининг финал баҳслари Тошкент вақти билан 19:00 дан бошланади.

Тўлқин РЎЗИЕВ.