Нигина Ўктамова 2003 йил 14 июнда Иштихон туманида туғилган. Нигина болалигидан спортга меҳр қўйди. Буни илғаган отаси Жасур Саидов ва онаси Лайлохон Саидова унинг ўқишини шаҳар марказидаги 33-умумтаълим мактабига ўтказишди. Шу тариқа ўқиши ва спорт машғулотларига қатнашиши учун имконият яратилди.
2018 йилда тоғаси Аҳмаджон Норхўжаев тумандаги бокс залига уни илк бора олиб боради. Вақт ўтгани сайин ундаги маҳорат кўзга ташланиб борди, ўзига бўлган ишончи яна ҳам ортди. Мусобақаларга қатнашиб, юқори натижаларга эриша бошлади. 2019 йилда илк маротаба Жиззах вилоятида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатида қатнашди ва фахрли 1-ўринни қўлга киритди.
Шу тариқа мусобақалар давом этиб борди. 2019 йилда Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро турнирда Нигинага омад кулиб боқди. У фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Ўша йили Бирлашган Араб Амирлигининг(БАА) Фужайра шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида, 2020 йилда Наманган вилояти 2021 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон чемпионатларининг барчасида Нигина Ўктамова фахрли 1-ўринни эгаллади.
2021 йил 20-21 февраль кунлари Черногориянинг Будва шаҳрида бўлиб ўтган “Adriatic Pearl” Халқаро турнирида умумжамоа ҳисобида биринчиликни Ўзбекистонлик боксчилар эгаллашди. Мусобақа якунига кўра, мураббий Ҳамид Тангрибергенов бошчилигидаги ёш йигит-қизларимиз 5 та олтин, 3 та кумуш ва 7 та бронза медалларига сазовор бўлишди. Ушбу турнирда Иштихон Болалар-ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиси Нигина Ўктавома 57 килограмм вазн тоифасида рингга кўтарилди. Европа ва МДҲ давлатлари вакилалари билан жанг олиб борган Нигина рақибларининг барчасидан устун келди ва жамоа ғалабасига муносиб ҳисса қўшди.
- Оилада икки нафар қизмиз. Ота-онам одамларнинг гапларига эътибор бермасдан мени доим қўллаб-қувватлашди. Бундан ташқари, менинг шу даражага етишимга катта ҳисса қўшган инсон - устозим Акром ака Узоқовдир. Бугун нимагаки эришган бўлсам, буларнинг барчаси устозимнинг менга кўрсатган эътибори ва меҳнатларининг самарасидир, - дейди Нигина Ўктамова.
Нигина ҳафтада олти кун спорт машғулотлари билан шуғулланади. Айни пайтда у Тошкент шаҳридаги терма жамоа билан биргаликда 2021 йил апрель ойида бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Албатта, ҳавас қилса арзигулик фарзандни тарбиялаган ота-онаси Нигинанинг келажагидан кўнгиллари тўқ. Улар фарзандининг ютуқлари бардавом бўлишини тилаб дуо қилади. Туман ҳокими Ш.Негматов ва БСЎМ маъмурияти спортчининг барча ютуқларини муносиб тақдирлаб келишмоқда. Биз ҳам бокс маликаси Нигина Ўктамовага юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишда омад тилаймиз!
Матлуба Раббимова