Бир ҳафта муқаддам бошланган қитъанинг энг нуфузли мусобақасида эпидемиологик вазият сабабли Хитой, Япония, Корея каби давлатлар қатнашмаётган бўлсада чемпионат ҳар томонлама муросасиз ўтаётганлигини бевосита жанглар кўрсатяпти.
Олти кунлик саралаш, ярим финал жанглари натижаларига кўра, Осиё чемпионатида кимнинг имконияти қандайлиги тобора ойдинлашиб боряпти.
Финалга йўл олган ва 3 ўринни эгаллаган спортчилар мундарижасига қараб айтиш лозимки, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Ҳиндистон спортчилари етакчиликка даъвогар давлатлар, дейиш мумкин.
Финал жангларида Ўзбекистон боксчиларининг 7 нафари Осиё чемпионатининг олтин медаллари учун жанг олиб боришса, Қозоғистон – 5 нафар, Ҳиндистон ва Монголиянинг 3 нафардан ва Эроннинг 2 нафар боксчиси олтинларга даъвогарлик қилади. Бронза медаллари хусусида айтиш лозимки, Ўзбекистон ва Филиппин давлатларининг 3 нафар спортчиси ушбу рўйхатдан жой эгаллади. Қирғизистон – 4 нафар, Монголия, Ҳиндистон, Тожикистон, Эрон -2 нафардан, Қозоғистон ва Қувайт эса 1 нафардан боксчиси бронзага эга чиқишди.
Қизлар ўртасидаги қитъа чемпионатининг финалчилари рўйхатида ўзбекистонлик бокс маликаларининг 6 нафари олтин медаллар учун курашиши кўрсатилган.
Чемпионат дастурига биноан бугун 29 май Осиё чемпионати иштирокчилари учун дам олиш куни, деб белгиланган.
Эртага 30 май куни қизлар ўртасида финал баҳслари бўлиб ўтса, 31 май куни эркаклар ўртасида Осиё чемпионларини аниқлаш жанглари ташкил этилади.
Эслатиб ўтамиз, эркаклар ўртасидаги Осиё чемпионатида -49 килограммда Нодиржон Мирзаахмедов, -52 килограммда Шаҳобиддин Зоиров, -57 килограммда Миразизбек Мирзахалилов, -69 килограммда Бобоусмон Батуров, -75 килограммда Саиджамшид Жафаров, -81 килограммда Дилшодбек Рўзметов ва +91 килограмм вазнда Баҳодир Жалолов Дубай рингида Осиё чемпионлиги учун курашади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.