Таъкидланишича, ўтган йиллар мобайнида болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишнинг институционал ва ҳуқуқий асослари тубдан такомиллаштирилиб, болалар орасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг барвақт олдини олиш, ногиронлиги бўлган болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш масалалари кенг жамоатчилик жалб қилинган ҳолда ҳал қилинмоқда.

Мазкур ислоҳотларнинг давоми сифатида ушбу Қонун билан бир қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.

Хусусан, жиноят қонунчилигида вояга етмаганларга нисбатан инсонпарварликни кучайтириш мақсадида жиноий жавобгарликка тортиш ёшини ўн уч ёшдан ўн тўрт ёш этиб белгиланмоқда.

Вояга етмаганларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар, шу жумладан болаларга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар учун белгиланган жазо чоралари кучайтирилмоқда.

Шунингдек, вояга етмаган жабрланувчи ёки гувоҳни сўроқ қилиш муддатлари аниқ белгиланиб, жиноят-процессуал қонунчиликда вояга етмаган жабрланувчи, гувоҳ, гумон қилинувчи ёки айбланувчини сўроқ қилишда психолог иштирок этишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши натижасида мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилинишига эришилади ҳамда миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш имконини яратилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.