UNESCOнинг 2026 йилги Глобал таълим мониторинги ҳисоботига кўра, дунёда мактабга бормайдиган болалар ва ёшлар сони кетма-кет еттинчи йил давомида ўсиб, 273 миллионга етди. Бу ўсиш аҳолининг ўсиши, инқироз ва таълим бюджетларининг қисқариши билан боғлиқ.

Ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб мактаб ёшидаги ҳар олти нафар боладан бири мактабга бормайди. Ўқувчиларнинг атиги учдан икки қисми ўрта мактабни тугатади. Бироқ, баъзи мамлакатлар сезиларли ютуқларга эришмоқда, бу эса миллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда сиёсат юритиш муҳимлигини таъкидлайди.

2026 йилда нашр этилган ҳисоботда 2015 йилдан бери дунёнинг кўплаб минтақаларида мактабга бориш даражасининг ўсиши секинлашгани кўрсатилган. Энг сезиларли пасайиш асосан аҳолининг тез ўсиши билан боғлиқ бўлган Саҳрои кабирдан жанубдаги Африка мамлактларида кузатилмоқда. Бир қатор инқирозлар, жумладан, можаролар ҳам бу тенденцияга тўсқинлик қилди. Дунёдаги ҳар олти нафар боладан бир нафардан кўпроғи можаро зоналарида яшайди, яъни расмий статистикага киритилмаган болалар сони анча юқори.

Бу, айниқса, Яқин Шарқда кескинлашиб бормоқда, бу ерда минтақавий кескинликлар кўплаб мактабларнинг ёпилишига олиб келди. Оқибатда миллионлаб болалар таълимдан четда қолмоқда ва ўқишдан орқада қолиш хавфи остида, деб хабар берди kazinform.

Шунга қарамай, ҳисоботда сўнгги йилларда глобал таълимда сезиларли ютуқларга эришилгани ҳам таъкидланган. 2000 йилдан бери бир қатор мамлакатлар мактабни ташлаб кетиш даражасини камида 80 фоизга камайтирди. Масалан, Мадагаскар ва Того болалар орасида, Марокаш ва Вьетнам ўсмирлар орасида, Грузия ва Туркия эса ёшлар орасида яхши натижаларга эришди.

Заиф гуруҳларни қўллаб-қувватлаш учун таълимни молиялаштириш механизмларидан фойдаланадиган мамлакатлар сони сўнгги 25 йил ичида тўрт баравардан кўпроққа ошди. Буларга мактаблар ва ўқувчиларни тўғридан-тўғри молиялаштириш каби чоралар киради. Ҳозирда мамлакатларнинг 76 фоизида ноқулай вазиятларда мактабларни қўллаб-қувватлаш стратегиялари мавжуд. Бироқ, янги индекс шуни кўрсатадики, мамлакатларнинг атиги 8 фоизи ушбу механизмлардан тўлиқ фойдаланмоқда ва заиф гуруҳларга ресурсларни самарали тақсимламоқда.

Ҳисоботда таълим олиш имкониятини таъминлашнинг ягона ечими ёъқлиги ҳақида хулоса қилинган. Сиёсат маҳаллий шароитларни ҳисобга олган ҳолда ва илмий далилларга асосланган ҳолда кенг қамровли тарзда ишлаб чиқилиши керак.