Болалар омбудсмани мазкур ҳолатни мутасадди ташкилотлар билан бирга ўрганишни бошлади.

Аниқланишича, 27 март куни Юнусобод тумани мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчиси С.Х. нинг онаси Н.Х. гуруҳ тарбиячиси томонидан вояга етмаган фарзандига қўполлик қилганлиги тўғрисида Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига мурожаат қилган.

Мурожаатда Н.Х. тарбиячи С.И. кундузги машғулот вақтида фарзанди йиғлагани учун болага қўпол муносабатда бўлиб, унга қўл кўтаргани, оқибатда фарзандининг қўлида кўкаришлар борлигини билдирган.

Юнусобод тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлими ҳолатни ўрганиши давомида тарбиячи ҳақиқатан ҳам болага нисбатан ниҳоятда қўпол, педагог учун хос бўлмаган муносабатда бўлганлиги аниқланди.

Мазкур мактабгача таълим муассасаси маъмурияти томонидан бундай номақбул ҳолатларга йўл қўймаслиги зарурати таъкидланиб, жорий йилнинг 29 март куни тарбиячи С.И. га нисбатан интизомий чора кўрилди ва тарбиячи билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.

Ҳозирда ҳолат Юнусобод тумани прокуратураси томонидан ўрганилмоқда.