Қизиқ ҳолат, шундай эмасми? Одатда, кўпчилик ёшлар билим олиш мақсадида ўз қишлоғини ташлаб, шаҳарга йўл олади. Юқоридаги ҳолатда эса ўқувчи барча имкониятга эга катта шаҳарни тарк этиб, юртимизнинг чекка туманидаги бир мактабга кетди.

Нега бу воқеани эсладим? Гап шундаки, кейинги пайтларда одамлар ўртасидаги мулоқотларда, суҳбат ва учрашувларда “Болалар ўқимай қўйди” деган баҳсли мулоҳазалар кўп айтиладиган бўлиб қолди. Хўш, ҳақиқатан шундайми? Ростдан ҳам ҳозирги авлод ўқимай қўйдими? Болалар саводсиз бўлиб вояга етяптими?

Келинг, ушбу саволларга жавоб топиш учун атрофга бир назар ташлаб, мамлакатимиз таълим тизимидаги ҳолат ва жараёнларни таҳлил қилиб кўрайлик.

Кутубхоналарда жой йўқ

Ҳозир дунёда, жумладан, Ўзбекистондаги ёшлар ҳаётида ҳам жуда қизиқ жараён кечмоқда. Ижтимоий тармоқлар фарзандларимизнинг вақтини банд этаётгани ва тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётгани бор гап. Аслида, ижтимоий тармоқлар фақат ўқувчилар, ўсмирлар ва ёшларни эмас, балки бешикдаги гўдакдан тортиб, етмиш-саксон ёшни қоралаган кампиру чолларни, далада деҳқончилик қилаётган деҳқондан тортиб, кўчада киракашлик қилаётган ҳайдовчиларни ҳам домига тортиб бўлган. Бунга исбот излаб юриш шарт эмас, эътироз билдиришга ҳам ўрин йўқ. Ҳар қадамда бу ҳолатга дуч келяпмиз. Ижтимоий тармоқларда бугун ҳар бир соҳа вакилларининг, бундан ташқари, қариндошлар, синфдошлар, курсдошлар ва армияда бирга хизмат қилган сафдошларнинг мунтазам мулоқот қилиб турадиган ўз гуруҳлари бор.

Лекин шундай шароитда ҳам ўқийман деган бола ўқияпти, изланяпти, фойдали машғулотлар билан шуғулланяпти. Улардан бири ҳақида юқорида айтиб ўтдик: у илм ўрганиш мақсадида уйидан олис бир туманга йўл олган. Қолаверса, мактабларга бориб кўринг, ўқувчилар ва ўқитувчилар билан гаплашинг. Бу даргоҳга чин маънода ўқиш истагида бораётган ўғил-қизлар кўпчиликни ташкил этади. Улар ўқитувчилари атрофида бирлашиб, китоб ўқияпти, турли машғулотларга қатнаяпти, қўшимча дарсларга боряпти.

Албатта, ота-онасидан қўрқиб ёки уларнинг зўрлови ва қистови билан мактабга келадиганлар, ўқишни иккинчи даражали иш ёки ортиқча юмуш деб биладиганлар борлигини ҳам инкор этиб бўлмайди. Лекин улар унчалик кўп эмас, назаримда. Аксарият болалар ўқишни, ҳунар ўрганишни ва келажакда яхши касб эгаси бўлишни истайди.

Кейинги бир йилда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасига уч-тўрт марта бордим. Кутубхонада ўтириб китоб ўқишга жой йўқ, ўриндиқларнинг барчаси банд. Кимлардир ҳатто ерда ўтириб, китоб мутолаа қиляпти. Демоқчимизки, китоб ўқиётганлар жуда кўп. Айримлар бадиий асарларни ва ўзига керакли адабиётларни смартфони ёки ноутбукига юклаб олган. Шунинг учун улар йўлда ҳам, метрода ҳам, уйда ҳам бу китоблардан бемалол фойдаланмоқда.

Пойтахтимиздаги бошқа кутубхона ва ахборот-ресурс марказларида ҳам аҳвол шундай: китоб ўқишга жой етишмайди.

— Китоб дунёдаги энг бебаҳо, нондек азиз неъматлардан, — дейди Тошкент шаҳридаги “Билим” ахборот-кутубхона маркази директори, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Ҳафиза Каримова. — Бола қалбидаги энг гўзал туйғулар ва чин инсоний фазилатлар бадиий асарлар ҳамда китоблар мутолааси орқали аста-секин шаклланиб боради. Ёшлар қайси соҳани танламасин, олдига қўйган мақсади ва орзусини амалга ошириш учун, албатта, китобга мурожаат қилади. Бугун кутубхонага мутолаа учун келаётганларнинг аксариятини мактаб ўқувчилари ва талабалар ташкил этади. Уларнинг илмга, ўқишга интилишини кўриб, ҳавасим келади.

Ўтмишга назар

Баъзиларнинг фикрича, илгари, айниқса, шўролар даврида одамларда китоб ўқишга иштиёқ жуда баланд бўлган. Шунинг учун ҳам китоблар бугунгидек 500, 1000 ёки 2000 нусхада эмас, балки 50-100 минг ададда чоп этилган. Таниқли шоир ва ёзувчиларнинг китоблари дўконларда ҳатто яширинча сотилган.

Тўғри, ўша пайтда бадиий адабиёт ўқишга қизиқиш нисбатан кучли эди. Одамлар китоб дўконларидан ўзи яхши кўрган асарларни излаб топиб ўқирди. Лекин мактаб дастурлари ва дарсликларни ўқиш ҳамда ўзлаштириш ҳозирги даражадан баланд эмасди. Хулоса шуки, ўша пайтларда ҳам ўқишни истаганлар ўқиган, истамаганлар эса йўқ.

Гап исботи билан. Бир дўстимнинг айтишича, 1977 йили 10-синфни 50 ўқувчи битирган. Шунча йигит-қиздан бор-йўғи тўрт нафари институтга ўқишга кириб, олий маълумотли бўлган. Ўша тўрт ўқувчининг икки нафари ҳам мактабни битирган йили эмас, балки кейинги йили олий ўқув юртига кирган. “Синфдошларимиз орасида ўқишга келмай, қўй боқиб юрадиганлар ҳам, отасининг ўрнига далага ишга чиқадиганлар ҳам, шунчаки ўқишни истамайдиганлар ҳам бор эди, — дейди дўстим. — Мактабни битиргандан сўнг уларнинг айримлари хўжаликда тракторчи, бригадир, сувчи, оддий ишчи бўлиб ишлади. Маоши тирикчилигига етмаганидан нолиганлари ҳам бўлди”.

Хўш, бу борада бугунги аҳвол қандай? Тан олиб айтиш керак, ҳозир айрим мактабларнинг битирувчилари юз фоиз олий ўқув юртлари талабаси бўлмоқда. Албатта, кейинги йилларда олий таълим муассасалари сони нисбатан анча кўпайди, лекин бу бир мактаб ўқувчиларининг юз фоиз ўқишга киришига асосий сабаб шу бўлди дейиш нотўғри.

Ҳақли хавотир

Бу йилги ўқишга кириш жараёни ёшларимизнинг кўпчилиги билим олишни муҳим мақсад сифатида кўраётганини тасдиқлади. Жорий йилда мамлакатимиз мактабларини салкам 500 минг ўқувчи битирди. Уларнинг 333 минг 463 нафари олий таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этди. Бу — ҳар 100 битирувчидан тахминан 73 нафари олий маълумот эгаси бўлишга қарор қилган деганидир. Улар тўплаган ўртача балл ҳам аввалги йиллардагига қараганда сезиларли даражада яхшиланиб, 92,5 баллни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич ўтган йили 80,9 балл эди.

Мактаблардаги таълим сифатини ҳудудлар мисолида олиб кўрсак, қуйидаги манзара ҳосил бўлади. Жорий йилда Навоий вилояти мактабларини битирган ўқувчиларнинг 52,5 фоизи, Бухоро вилояти мактабларини битирган ўқувчиларнинг 37,9 фоизи олий ўқув юрти талабаси бўлган. Кучли учликни Жиззах вилояти мактаблари битирувчилари якунлаган — 35,9 фоиз.

Кўриниб турибдики, бу йил талаба бўлиш учун рақобат нафақат катта, балки жуда юқори бўлган. Жумладан, 4825 битирувчи 189 балл, яъни максимал натижани қайд этган. 2025 йилда бундай битирувчилар сони 619 нафарни ташкил қилган эди. Қаранг, максимал балл қайд этганлар сони бир йилда 8 баробар кўпайибди. Бу натижага фақат тест тизими нуқтаи назаридан эмас, балки ёшларнинг фанларни чуқур ўзлаштиришга интилиши нуқтаи назаридан ҳам қараш лозим. Дарвоқе, жорий йилда барча фандан тегишли сертификатга эга абитуриентлар тест синовларидан озод қилиниб, тўғридан тўғри танлов босқичига ўтказилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазири яқинда мухбирларга берган интервьюларидан бирида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида бу йилги қабул вақтида кузатилган ҳолат ҳақида гапириб ўтди ва ҳайратини яширмади. Унинг айтишича, университетга 550 абитуриент қабул қилиниши керак эди. Лекин 3200 абитуриент максимал — 189 балл тўплаб, талаба бўлибди.

Келгуси йили максимал балл тўплайдиганлар сони бундан ҳам кўп бўлади, бунга шубҳа йўқ. Шундай ҳолатда, агар етакчи олий таълим муассасаларининг ҳар бирига ўртача 5000 дан абитуриент ҳужжат топшириб, ҳаммаси максимал балл тўпласа, аҳвол нима кечади? 500 ўринга 5000 талаба қабул қилинаверадими? Олий таълим муассасаларида улар учун етарли шароит яратилганми? Ўқитувчилар ва аудиториялар етарлими? Вилоятлардан келган талабалар учун ётоқхоналар борми? Бу саволлар мутасаддиларнинг ҳақли хавотирига сабаб бўлиши табиий.

Хусусий мактабда таълим олмоқчимисиз?

Кейинги йилларда юртимизда давлат мактаблари қаторида хусусий мактаблар ҳам кўпайиб бормоқда. Маълумотларга қараганда, биргина Тошкент шаҳрининг ўзида 100 дан зиёд хусусий мактаб бор. Улардаги тўлов ойига тахминан ўртача 4 миллион сўмдан 25 миллион сўмгача. Ўша мактаблар ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда роса оммалашгани учун рўйхатни келтиришни лозим топмадик. Вилоятларда ҳам кўплаб хусусий мактаблар очилмоқда. Улардаги нарх Тошкентдагига нисбатан бир оз паст бўлиши мумкин.

Нима учун хусусий мактаблар ва улардаги таълим нархи ҳақида сўз очганимизни тушунган бўлсангиз керак. Мана шу мактабларга ўғил ёки қизингизни жойлаштирмоқчи бўлсангиз, анча тер тўкишингизга тўғри келади. Чунки уларда кўпинча бўш ўрин бўлмайди. Ишонмасангиз, телефон рақамларини топиб, қўнғироқ қилиб кўринг. Бу бугун кўплаб ёшларимиз барча имкониятга эга, хорижлик ўқитувчилар дарс берадиган мактабларда таълим олишни истаётгани далолатидир.

Билим ортидан дунё сари

Бугун ўзбек ёшларининг орзулари аллақачон дунёга юз тутган. Улар жаҳоннинг энг нуфузли олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, замонавий илм-фан ва технология сирларини ўрганмоқда. Масалан, ўтган йилнинг январь-октябрь ойларида хорижга 26,4 минг, жумладан, Россияга 5836, Жанубий Кореяга 3344, Туркияга 2256, Буюк Британияга 839, Германияга 366 ва АҚШга 318 йигит-қиз билим олиш мақсадида йўл олган.

Президент таълим муассасалари, ихтисослаштирилган мактаблар ёки оддий қишлоқ мактабини тугатиб, грант асосида дунёдаги энг нуфузли олий ўқув юртларида ўқиётган ёшларимиз қанча! Бу ёшларнинг қизиқиши турлича, албатта. Кимдир сунъий интеллект ва дастурлаш соҳасида тадқиқот олиб борса, яна кимдир тиббиёт, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар ёки муҳандислик йўналишида билим олмоқда. Аммо уларни бирлаштириб турадиган умумий жиҳат бор: уларнинг аксарияти билимни фақат шахсий манфаат учун эмас, балки кенгроқ мақсадлар йўлида сарфлашга интилмоқда. Улар олган билими ва тажрибасини Ватан тараққиётига йўналтириш, янги технологияларни Ўзбекистонга олиб кириш, замонавий бизнес ҳамда илмий лойиҳаларни ривожлантириш ва ёш авлодга ўз тажрибасини ўргатишни мақсад қилган.

Бир мисол келтираман. Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманида туғилган ­Шодиёрхон Абдивойитов Гарвард университетини тугатган. У бемалол АҚШда қолиши ёки Европанинг бирорта давлатига бориб, йирик компаниялардан бирида ишлаши мумкин эди. Бунинг учун унинг билими ҳам, иқтидори ҳам, имконияти ҳам етарли эди. Лекин Шодиёрхон ўз юртида ишлашга қарор қилди. Унинг таълим соҳасидаги ташаббуслари бугун кўплаб ёшларга илҳом бермоқда.

Улуғ мақсадлар йўлида

Олий маълумот олишга интилиш ортиши табиий равишда “Бу эҳтиёж китобхонликда ҳам кўриняптими?” деган саволни келтириб чиқаради. Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Ёш китобхон” танлови мунтазам ўтказиб келинмоқда. Унда юз минглаб ўғил-қизлар иштирок этмоқда. Бу эса бугун ўқувчи ва талабалар бевосита китоб мутолааси билан банд эканини англатади.

Бундан ташқари, “Ёш китобхон оила” танлови ҳам йилдан йилга оммалашиб бормоқда. 2024 йилда бу танловда 94 минг оила қатнашган бўлса, жорий йилда қарийб 96 минг ёш оила иштирок этиш учун онлайн рўйхатдан ўтган.

Тўғри, танловда қатнашиш кўрсаткичини барча ёшларнинг китоб ўқиш даражаси сифатида қабул қилиб бўлмайди. Аммо бу юртимизда китоб ўқишга қизиқувчи ёшлар борлигини ва уларнинг сафи тобора кенгайиб бораётганини англатади.

Жорий йил бошида китобхонлик маданиятини ривожлантиришга қаратилган янги чора-тадбирлар белгиланди. Хусусан, ­Президентимизнинг “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегиясини тасдиқлаш ҳамда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган “Янги Ўзбекистон ёшлари — 2030” стратегиясини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурида энг кўп китоб ўқиган ўқувчи ва талабалар ўртасида “TOP-100 китобхон” танловини ўтказиш ҳамда ғолибларни рағбатлантириш назарда тутилди. Ҳар бир ғолибга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари миқдорида мукофот берилиши белгиланган. Яна бир муҳим мақсад ёшларнинг китобхонлик кўрсаткичини йилига ўртача 12 та китобга етказиш ва электрон китоб платформаларидан фойдаланиш қамровини кенгайтиришдир.

Тўғри, бутун юртимизда ҳамма ёш китоб ўқияпти деган хулосага келишга ҳали эрта. 2025-2026 йилларда “Ижтимоий фикр” маркази томонидан ўтказилган сўров натижаларига кўра, респондентларнинг 16,4 фоизи ҳар куни, 16,5 фоизи эса ҳафтада бир неча марта китоб ўқишини айтган. Бу рақамлар биз кутгандан анча паст. Ўқувчилар орасида ҳозирги олим, ёзувчи ва шоирларимиз у ёқда турсин, Беруний, Хоразмий, Ибн Сино, Форобий, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби дунё тан олган буюк аждодларимизни, юртимиз озодлиги учун курашган жадид маърифатпарварларини ҳам билмайдиганлар учраб туради.

Шундай бўлса-да, хавотирланишга асос йўқ. Чунки кейинги йилларда ёшлар маънавиятини юксалтириш борасида қилинаётган ишлар ўзининг ижобий натижаларини бера бошлади. Сўровномага эътибор қаратадиган бўлсак, ҳар куни китоб ўқийдиганлар улуши 2025 йилдаги 10,2 фоиздан 2026 йилда 16,4 фоизга ошган. Демак, ижтимоий тармоқларнинг зарарли жиҳатларини тушуниб бораётган ва китоб ўқишга иштиёқи ортаётганлар сони бир йилда 6,2 фоиз кўпайган. Шу ўринда сўровномада қатнашганларнинг кўпи айнан бадиий китоб ўқиш масаласида фикр билдирганини ҳам эътиборга олиш лозим.

Бундан хулоса қилиш мумкинки, Ўзбекистонда китоб мутолааси билан шуғулланаётган ёшлар сафи кенгайиб бормоқда. Зеро, китоб ўқиётган авлод фақат бугуннинг ўқувчиси эмас, балки эртанги куннинг етук мутахассиси, олими, муҳандиси, шифокори, ўқитувчиси, тадбиркори ва раҳбарлари. Бошқача таърифласак, улар мамлакатнинг эртанги интеллектуал салоҳиятидир.

Гапимизга нуқта қўйишдан олдин сарлавҳадаги асосий саволга яна бир бор тўхталиб ўтсак: болалар китоб ўқимаяптими?

Ҳеч бир соҳа вакили китоб ўқимай, китобга ошно бўлмай туриб, ўз олдига қўйган мақсадига эриша олмайди. Илм олмай, касб сирларини ўрганмай, илмий асарлар ва янгиликларга таянмай, бирор ихтиро қилиш жуда қийин.

Албатта, телефон ва турли ижтимоий тармоқлар ривожланган бугунги даврда китоб мутолааси ўз аҳамиятини йўқотиб қўйиши мумкин деган хавотирлар ҳам йўқ эмас. Аммо кутубхоналаримиздаги тирбандлик, қиммат бўлса-да, хусусий мактабларда бўш жойнинг йўқлиги, мактаб битирувчиларининг катта қисми олий ўқув юртларига киришга интилаётгани, хориждаги етакчи университетларда ўқишни истаётганлар сонининг йил сайин кўпайиб бораётгани, ёшларнинг китобхонлик танловларидаги фаол иштироки, миллий ва халқаро сертификатларга қизиқиши ҳамда юқори натижаларга интилиши мутлақо бошқа манзарани кўрсатмоқда. Уларнинг кўпи ўқияпти, изланяпти ва улуғвор мақсадлар билан яшаяпти.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ,

“Янги Ўзбекистон” мухбири