Илгари мазкур ҳудуд асосан кўп қаватли уйлардан иборат бўлиб, аҳоли дам оладиган, ёш болаларнинг ўйнаши учун тузукроқ майдонча йўқ эди. Шу боис маҳалла аҳолиси билан маслаҳатлашган ҳолда бўш турган қаровсиз ерда мўъжазгина болалар майдончаси барпо этилиб, арғимчоқ, эстакада, қум майдончаси, брус, турник ва бошқа қурилмалар ўрнатилди.

— “Нурли замин” маҳалла фуқаролар йиғинида  бир мингга яқин хонадон бўлиб, 4 минг 600 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди “Нурли Замин” МФЙ раиси ўринбосари Гулнора Саидохунова. — Маҳалламизда 44 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га, 68 хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилган бўлиб, ишсиз, боқувчисини йўқотган, эҳтиёжманд, ногиронлиги бор фуқароларга доимо эътибор қаратилмоқда. Илгари қаровсиз қолган, бўш майдонда болалар майдончаси барпо этилди. Бу мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида маҳалламиз болажонлари учун ўзига хос совға бўлди.

Тадбир давомида Давлат хизматлари агентлиги Тошкент вилояти бошқармасининг мобил автобусида мутахассислар томонидан мазкур ҳудудда аҳоли мурожаатларига ечим топиш, узоғини яқин қилиш мақсадида сайёр давлат хизматлари ҳам ташкил этилди. Фуқароларга керакли хизматларни туман марказига бориб эмас, ўз қишлоғи, маҳалласида олишга имкон яратилди. Тадбир давомида йигирмага яқин фуқарога давлат хизматлари кўрсатилди. Давлат хизматларига оид янгиликлар юзасидан тушунтиришлар берилиб, буклетлар тарқатилди.

Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож аҳоли учун сайёр қабул ҳам ўтказилди. Фуқароларнинг мурожаатлари тингланди, ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар берилди, дея хабар беради ДХА Тошкент вилояти бошқармаси матбуот хизмати.