Тараққиёт, цивилизация инсон онги ва ҳаёт тарзидаги қадриятларни, ахлоқий мезонларни ўзгартириб юбораётир. Бу муаммони ўрганаётган олимлар, файласуф ва психологларнинг аксарияти асосий сабаблардан бири сифатида одамлар, хусусан, ёшларнинг китобдан узоқлашиб бораётганини кўрсатишади.

Китобдан узоқлашиш ҳақида таниқли шоир Эшқобил Шукур бундай ёзади: “Одамзод қанча тараққий этмасин, қанча ғаройиб техник воситаларни ўйлаб топмасин, барибир ҳали ўз тафаккури тарбияси учун китобдан яхши воситани ўйлаб топгани йўқ. Китоб мутолааси бизга ҳаётни мутолаа қилишни, инсонни ва худони мутолаа қилишни ўргатади. Китобдан узоқлашиш — бу тафаккурдан узоқлашиш, тафаккурдан узоқлашиш эса одамнинг ўз-ўзидан узоқлашишидир”.

Кўриниб турибдики, учинчи минг йиллик бошига келиб одамлар, асосан, ёшлар онгида ахлоқ мезонлари ва инсоний, миллий қадриятлар ўзгаришининг асосий сабаби китоб ўқимай қўйишдадир.

Ҳамон ёдимда... Мактабга илк марта ўзим борган куни дарс хонамни тополмай мактаб кутубхонасига адашиб кириб қолганман. Хонада ўқувчилар йўқлигини кўриб, бу директорнинг хонаси бўлса керак, у анча бой экан-ку, деган хаёл ўтган. Аммо оғриқли нуқтани айтмасам бўлмайди. Ўша вақтларда негадир китоб ўқирман кўп бўлса, ҳам мактаб кутубхонасига кира олмасдик. Соатлаб ёпиқ турарди... Очиқ бўлганида ҳам китобни уйга олиб кетиб ўқиб бўлмасди...

Кутубхонага ўқувчилар учун ҳамиша эшиги очиқ, болаларни яхши кўрадиган, ўқувчининг талаб ва истакларидан келиб чиқиб, унинг ёшига, руҳиятига мос келадиган китобларни топиб бера оладиган, ўқувчи “Бу қандай китоб”, деб сўраганида, унга қисқа бўлса-да, маълумот бера оладиган, китобни қизғанмайдиган кутубхоначилар керак!

Бугун қалбни, ақлни, ахлоқий мезонлар ва қадриятларни забт этаётган оммавий маданият, сериаллар, шоулар, компьютер ўйинлари, кераксиз ахборотлар, ақидапарастлик ғояларига китобхонликни тарғиб қилиш билан қарши тураётган кутубхоналарнинг ўрни ва вазифаси ҳар доимгидан муҳим бўлиб турибди. Шу боис, кутубхоналарни бойитиш, замонавий технологиялар билан таъминлаш, бу масканларга ёшларни кўпроқ жалб қилишга оид муҳим қарорлар қабул қилинмоқда. 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчи йўналиши ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилишга йўналтирилгани, Президентимизнинг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 14 декабрдаги “2020-2025 йилларда китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш миллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори шулар жумласидан.

2023 йил 5 июлда эса Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашувида давлатимиз раҳбари келгуси етти йилги режаларга тўхталиб, бундай деди: “Ҳар йили 100 та энг яхши бадиий асар ҳамда болалар ва ўсмирларга мўлжалланган 50 та бадиий китоб яратиш учун ижодий буюртма берилиб, муаллифларга 100 миллион сўмдан қалам ҳақи тўланади. Бу китоблар 20 минг нусхадан нашр қилиниб, мактаблар ва кутубхоналарга бепул берилади. Бунга ҳар йили 200 миллиард сўм йўналтирамиз. Шунингдек, келгуси етти йилда кутубхоналарнинг 40 миллионга яқин китоб фонди тўлиқ рақамлаштирилади ва уларнинг ягона каталоги яратилади. Умуман, 2030 йилга қадар мамлакатимиздаги барча кутубхоналар тўлиқ таъмирланади. Шу мақсадда 500 миллиард сўм ажратамиз”.

Бундан ташқари, учрашувда кутубхоналар ходимлари иш ҳақи келгуси етти йилда 3 карра оширилиши ва мактаб кутубхоначиларининг иш ҳақи педагог ходимлар ойлигига тенглаштирилиши ҳам таъкидланди.

Бу эса китобхонликни ривожлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар янги босқичга ўтаётганидан, ёшларимизни юксак қадриятларга эҳтиром руҳида тарбиялаш вазифасини бажаришда давлат, ота-оналар, педагоглар ва кутубхоначилар биргаликда эзгу мақсад йўлида ҳаракат қилишида янги истиқболлар очилаётганидан дарак беради.

Яқинда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тизимдаги 10 мингдан ортиқ умумтаълим мактаби кутубхоначилари малакасини, касбий билим ва кўникмаларини ошириш мақсадида юртимиз бўйлаб ҳудудларда икки босқичли ўқув семинарлари каскад усулида ташкил этилди.

Ушбу  семинарларда кутубхоначиларга каталоглар турлари, китобларга ишлов бериш тартиби, китоб фондидан чиқарилаётган китоблар, жамлама ҳисобга олиш китоби, китобнинг индекси, журнал ва газеталарни ҳисобга олиш тартиби ва шу каби мавзулар бўйича билим ва кўникмалар берилди. Ўқув семинари якунида эса фаол кутубхоначилар, китобхонлик танловларида ғолиб бўлган ўқувчилар диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Булар, албатта, имкониятлар, яратилаётган шарт-шароитлар, ғамхўрликлар. Аммо ёшларни китобга жалб этиш фақат даъватлар билан ёки китоб совға қилиш билангина битиб қолмайди. Шунинг учун Республика болалар кутубхонаси ўқувчи-ёшларни китобхонликка жалб этишнинг анъанавий ва янги усулларини қўлламоқда. Ўқувчи билан юзма-юз ва онлайн мулоқот, турли танловлар, шоир-ёзувчилар билан онлайн учрашувлар, энг яхши китоблар тарғиботи ва тақдимотлари каби воситаларлардан фойдаланиш шулар жумласидан.

Шу ўринда кутубхонамизда ташкил қилинган “Ижодкор болалар” онлайн ва офлайн адабий тўгараги фаолиятини алоҳида таъкидлаш лозим. Тўгарак очилгандан буён ёш иқтидорларни китоб мутолаасига жалб этиш, бадиий ижод намуналарини муҳокама қилиш, уларга ижод жараёни ва сирларини ўргатиш мақсадида доимий машғулотлар ўтказиб келинади. Тўгаракнинг 700дан ортиқ аъзоси ўртасида “Иншолар танлови”, “Мушоира кечаси”, “Йилнинг энг истеъдодли ёш шоири”, “Ҳафтанинг энг яхши китобсевар билимдони”, “Энг истеъдодли китобхон”, “Асарларга тақриз” каби қатор танлов ва викториналар мунтазам ўтказилиб келинаётгани катта самара беряпти. Энг асосийси, тўгарак аъзоларини ижодкорликка даъват этиш, ижодий ишларини рағбатлантириш уларни китоб мутолаасига қизиқтиришда муҳим роль ўйнаяпти. Бугунги кунга келиб бутун дунёда инсон онги ва қалби тарбияси масаласига анъанавий кутубхоналар билан бирга электрон кутубхоналар ҳам хизмат қилмоқда. Жумладан, Республика болалар кутубхонаси томонидан болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналаридан сараланган адабиётларнинг электрон ҳамда аудио шакли Kitob.uz платформаси орқали тақдим қилиб келинмоқда. Ушбу иловада 3200 та электрон ҳамда 1052 дан зиёд аудиокитобни бепул тинглаш мумкин.

Дилноза ҲАҚБЕРДИЕВА,

Республика болалар кутубхонаси матбуот котиби