Давлат ва сиёсат арбоби, маърифатпарвар Бобоохун Салимов 1874 йили Гурлан беклигида қозикалон Салимохун оиласида дунёга келади. Асли исми Муҳаммад бўлиб, унга ҳурмат юзасидан Бобоохун деб тахаллус берилган. У бошланғич таълимни олгач, Хива шаҳридаги Оллоқулихон мадрасасида таҳсилни давом эттиради. Араб, форс, рус тилларини ўрганади, шеърлар машқ қилади. 1910—1918 йилларда уни Хива хони Асфандиёрхон саройида отаси ўрнига шайхулислом лавозимига тайинлашади. Бобоохун 1917 йил Хивадаги инқилобий воқеаларида иштирок этиб, парламент сифатида ташкил этилган Мажлис аъзолигига сайланади. 1918—1920 йилларда Тўрткўлда яшаб, “Ёш хиваликлар” партиясига аъзо бўлиб киради. 1920 йили халқ вакилларининг Бутунхоразм I қурултойида Хоразм Халқ Совет Республикасининг Адлия нозири лавозимига сайланади. Кейинчалик у Хоразмдаги мактаб, маориф ишларида қатнашади. 1924 йилда Хоразм руҳонийларининг 1 қурултойи чақирилиши ва ўтказилишига раҳбарлик қилди.
Дастлаб, Ленин, Чичерин каби большевиклар раҳбарлари бу чопон кийган осиёликни менсимайдилар. Бироқ, дунё дипломатиясини авраган Чичерин ўнга яқин тилни билувчи, ўткир ақл ва билим соҳиби Бобоохун Салимовга сўзини ўтказа олмайди. У ўзининг юридик билимлари билан Лениндай асли юрист, дунё миқёсидаги сиёсатчини ҳам лол қолдирган эди. Музокараларда Бобоохун Салимов большевик доҳийларига ҳеч қандай имкон қолдирмади ва Хоразмнинг бир қарич ерини ҳам Совет Россиясига бермади. Шу боис Ленин бундай хавфли осиёликни йўқ қилиш кераклиги ҳақида махфий топшириқларни бериб улгурган эди.
Б.Салимов ислом ғоялари асосида янгиликка интилишга, шариатда тенгликка эришишга, хон амалдорларининг ҳуқуқлари билан ўсиб келаётган савдогарлар ва саноатчилар, ҳунармандлар ва зиёлилар ҳуқуқларини тенглаштиришга интилди. Дастлаб у хонликда майда ҳуқуқий ва иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан тараққиётга эришиш мумкин, деб ҳисоблаган. Бироқ дунё ўзани қандай оқа ошлаганини англай бошлагач, кўп мақсадларини унутишга ҳаракат қилади.
Бобоохун Салимов советлар томонидан Бухоро амирлиги ағдарилгани ва келажакдаги Хоразм миллий армиясининг асоси бўлиши керак бўлган сардор Қўшмамедхон барча йигитлари билан отиб ташланганини эшитгач, кўп нарсани тушунди. Энди уларга Ленин ҳукумати томонидан бутунлай таҳқирловчи шартномани имзолаш таклиф этилади. Бобоохун Салимов таъбири билан айтганда, у “Aгар бу сўзлар шартномага киритилса, Хоразм ҳақинда генерал Кауфман ва Галкинлар ясаган шартномалардин минг мартаба ёмонроқ бўлгудек турур. Буларни товариш Искандар (Самойлович) ўқиб эшитмакка бошлаганимиздин манга ул қадар бехарлик ва кам хусалалик ариз бўлдиким, иловаларнинг охирроқларини қулоқ эшитса ҳам, кўнгил фаҳм эта билмай курсига суяниб, лолу-ҳайрон бўлибман ким, иловалар ўқилуб тамом бўлгандин сўнг, ҳаммалари мани ёнимдан чиқиб кетганларини ҳам онгламай қолубман. Ман дедим: “Ондоқ бўлса билингким, ман бу иловаларга қўшилган шартномага ҳаргиз қўл қўймасман. Чунки ман Хоразмнинг ер-сувлари ихтиёрини қўлларидин кетуб, қайтадин уларни асир ва мазлум қилмоққа асло рози бўлмасман,” деб иловаларни анга очиқ тушунтириб, дедимким, Ман Караханнинг ёнида мажлис очилган вақтда ҳамма кучимни сарф этиб, иловаларнинг бутунлай бекор бўлмоғи учун ғайрат қилурман”, деб туриб олади.
Муваққат инқилобий ҳукумат қисқа вақтда бир қатор ижобий ўзгаришларни амалга оширди. Жумладан, иш куни 8 соат қилиб белгиланди, зиндонда кишанбанд қилиш, жисмоний қийнаш, қийнаб қатл қилиш каби жазо турларини бекор қилинди. Ариза ва шикоятлар ёзма усулда бериладиган бўлди. Қисқа вақтда 8 та биринчи босқич мактаб, ўқитувчилар курси, сиёсий мактаб, маориф уйи, болалар боғчаси, киномотография, типография идоралари очилди. РСФСР берган 40 миллион кредит билан Хоразм халқ банки иш бошлади ва ўзининг миллий пулларини чиқаради. Хивада миллий қизил армия ташкил қилиш учун 18 нафар мусулмон командири келтирилади. Аммо “Ёш хиваликлар”нинг амалга ошираётган ислоҳотларига РСФСРнинг мухтор вакили, Қизил Армиянинг раҳбарлари тиш-тирноғи билан қаршилик қилишар эди. 1920 йил сентябрида Бобоохун Салимов ва Г.В.Чичеринлар имзолаган РСФСР ва Хоразм ўртасидаги шартномасининг бирор бандига амал қилинмади. Бобоохун Салимов Москвадан қайтгач, совет ҳукуматида ишлашдан воз кечди ва кўп ўтмай Адлия нозирлигини ташлаб Гурландаги уйига кетиб қолади...
1921 йил 6 мартда бир гуруҳ коммунистлар қизил армия сиёсий ходимлари билан Полёзҳожи Юсупов ҳукуматини бадном қилиб ишдан олади. Полёзҳожи Юсупов, Бобоохун Салимов, Назар Шоликоровлар яширинишга мажбур бўлдилар. РСФСРнинг Хоразмдаги мухтор вакили М.Сафонов ва қизил армия раҳбарлари Хоразмда худди ўзларини Чор Россияси амалдорларидек тутишарди. Фақатгина, 1921 йилнинг 6 мартидан сентябргача ХХР ҳукуматини Ж. Қўчқоров, М. Оллаберганов, М. Ибняминов ва яна М. Оллабергановлар бошқардилар. Бундан ташқари, кўплаб нозирлар бир неча бор алмаштирилиб турди. ХХР раҳбарларини “ўз вазифасини бажармаган” деган баҳона билан ҳатто 2 ойдан ўзгартириб турганлигидан ҳам билиш мумкин. 1921 йилнинг сентябрида ХХР МИК раиси қилиб Отамахзум охунд Муҳаммадраҳимовнинг қўйилиши ХХР фаолиятида ўзгариш ясади. У ҳукумат бошлиғи бўлгач, амалга оширган ишлар ҳатто большевиклар “доҳий”сини ҳам чўчитиб қўйди. О. Муҳаммадраҳимов Москва топшириғига кўра, ХХР фавқулодда комиссияси раиси бўлиб келган А.А.Иоффени ХХР ички ишларига аралашгани учун МИК раиси сифатида 24 соат ичида Хоразмдан чиқиб кетишни талаб қилиб ультиматум топширди. О.Муҳаммадраҳимов бадном қилинган “Ёш хиваликлар” вакилларини ХХР ҳукуматига таклиф этиб, Бобоохун Салимовни ХХР МИК президиумининг қарори билан Афғонистонга элчи қилиб тайинланди. Бироқ 1922 йил 5 февралдан ХХР ташқи сиёсатини РСФСР ҳукумати орқали олиб борилиши муносабати билан Бобоохун Салимов ҳам чақириб олинган.
Бобоохун Салимов Хоразмда маориф ва маданият нозирлигида мактаблар учун янги ўқув қўлланмалари яратиш комиссиясининг раиси бўлиб ишлай бошлади. Бобоохун Салимов бу вазифада ишлаб туриб ўзи ҳам мактаблар учун “Алифбе” ва “Ўқиш” китобларини яратди. Мулла Бекчон Раҳмонов билан ҳамкорликда ўқув қўлланмалари ёзди. Унинг “Мактаб” сарлавҳали шеъри халқ маорифи учун сидқидилдан ишлаган жонкуярнинг аниқ қиёфасини кўрсатади:
Хушдур не бало ҳавойи мактаб,
Жон ўлса раво фидойи мактаб.
Мактаб демаки мадори илмдир,
То илм иладур бақойи мактаб,
Рашк ўтига ўртамиш Эрамни,
Гулзори фараҳ фазойи мактаб
Анвойи илм маъданидир.
Ҳар гўшайи бир саройи мактаб.
Тан ўлғуси булбули баҳорда.
Тифлони ғазал саройи мактаб.
Ҳар кимда бор эрса жаҳл дарди
Даф айлагуси давойи мактаб
Хоразм элин айлагай мунаввар,
Нури қамари саймойи мактаб,
Мингдан бирини тугатмас Ожиз,
Юз йил деса ҳам санойи мактаб.
Ҳа, “Хоразм элин айлагай мунаввар мактаб” деб билган Бобоохун Салимов 1923 йил бутун Хоразм аҳлининг IV қурултойида ХХР адлия нозирининг муовини, 1924 йил 26 мартдан ХХР адлия нозири вазифаларида ишлай бошлайди. 1924 йил 17 апрелдаги руҳонийларнинг I қурултойи чақирилиши ва ўтишига раҳбарлик қилади.
Бобоохун Салимов 1924 йил миллий давлат чегараланишидан кейин сиёсий фаолиятини бутунлай тўхтатиб, аввал Гурланга, сўнг Юмуртоғ этагида Эшонёп бўйига кўчиб бориб, деҳқончилик билан шуғулланади. Бироқ шўро чекистлари яна уни тинч қўйишмади. Бир гал қўлга олишиб Хивага олиб кетишаётганида Қўшкўпирга етганларида уларнинг қўлидан қочиб, Гурланга келади. Кейинги бор ушлаб Хивагача олиб борганларида, дўстлари ёрдамида Ичанқалъадан қочишга муваффақ бўлади. Аммо йил сайин аҳвол оғирлашиб, кўплаб эл таниган инсонлар “халқ душмани”га чиқарилиб, қамоқхоналарга ташланади. Бобоохун Салимов ҳам аллақачон, совет маъмурлари томонидан қора рўйхатга киритилган эди.
Ниҳоят, 1929 йил 10 май тонгида махсус гуруҳ Юмуртоғдаги Бобоохун Салимов яшаган қишлоққа боради. Бемаҳалдаги отлар дупури ва эшикнинг қаттиқ тақиллаши Бобоохун ва унинг умр йўлдоши Шукуржон аяни безовта қилади. Бобоохун Салимов эшикка чиқиб, “Ахир булар таниш йигитлар-ку”, дея ҳайрон бўлади. Аммо уларнинг важоҳатини кўриб қочмоқчи бўлади. Шу пайт аскарлардан бири уни отиб ўлдиради. Ўғли Соатаддин қочиб бораётганида унга ҳам икки бор ўқ узишади. Шукурки, ўқ тегмайди. Бироқ, 30-йиллар сургунидан қочиб қутулолмай “Халқ душмани” деб қамалади. Бобоохун Салимовнинг жасади бир муддат шу ерда қолади. Афтидан гуруҳ унинг жасадини сўраб келадиган кишиларни ҳам қамоққа олишни истаган эди. Кечаси бир вақтлар жасаднинг номаълум киши томонидан олиб кетилгани маълум бўлади.
Орадан анча вақт ўтгач, яқинларининг олдига бир қозоқ киши келиб, ўзининг кўп йиллар Бобоохун Салимовнинг хизматида бўлганини ва унинг жасадини Юмуртоғдаги Саломат бува қабристонига дафн қилганини айтади. Сўзининг сўнгида агар қадари етиб қазо қиладиган бўлса, Бобоохун Салимовнинг қуйи томонига қўйишларини васият қилади. Шу тариқа Бобоохун Салимов садоқатли дўсти ва шогирди билан бир сокинлик масканидан қўним топади.
Бобоохун Салимовдан Ёқутжон, Ҳадияхон, Соатаддин, Абдулла, Ҳамид, Шукурилла исмли фарзандлар ва энг асосийси яхши ном қолди. Умр интиҳоси фожиали тугаган Бобоохун Салимовнинг ҳаёти Жумабой Раҳимов ёзгандай, “Чақмоқ каби чақнаб ўтди. У ғоят мушкул бир пайтда ҳақ ва ҳақиқат учун кураш йўлига кирди”. Унинг номи шунинг учун ҳам Ватан тарихида ўчмас из қолдирди.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих бўйича фалсафа доктори.