Яқинда қўлимга Ўзбекистоннинг Афғонистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, узоқ йиллар давомида ушбу давлатдаги энг тажрибали ўзбек дипломати бўлган Ёдгорхўжа Шодмоновнинг «Икки қутб орасида» китоби келиб тушди.
Аввалроқ ушбу китобни ўқиб чиққач албатта ўз таассуротларим билан ўртоқлашаман, деб ваъда бергандим. Бугун ижозатингиз билан ана шу ваъдам устидан чиқмоқчиман.
Тўғрисини айтсам, қарийб 500 бетлик китобни ўқиб, ҳеч ҳам тўймадим. Агар яна минг ёки икки минг бет давом этганида ҳам мамнуният билан мутолаа қилган бўлардим.
Бунинг сабаби жуда оддий.
Негаки Ёдгорхўжа ака мен учун шунчаки дипломат эмас. У киши Ташқи ишлар вазирлигида Кадрлар бошқармасига раҳбарлик қилган йилларда халқаро алоқалар, дипломатик маданият ва давлат хизматининг нозик жиҳатлари бўйича менга жуда кўп сабоқ берган инсонлардан бири. Қолаверса, дипломатик фаолиятимдаги айрим муҳим тайинловларда ҳам бевосита ҳиссалари бор. Шунинг учун уларга нисбатан ҳурматим ва миннатдорлигим алоҳида.
Муаллифнинг дастхати билан совға қилинган китобнинг қадри эса мутлақо бошқа. Аслида бу менинг кутубхонамдаги энг қимматбаҳо совғаларнинг энг юқорисидан ўрин олди.
Китобнинг муҳим ва катта устунлиги шундаки, муаллиф Афғонистонни ташқаридан кузатмаган. У мамлакат ичида, қайноқ ва баъзан ўта хавфли воқеаларнинг марказида бўлган. Ўзбекистоннинг Кобулдаги элчиси сифатида нафақат республика даврини, балки кейинчалик «Толибон» ҳокимиятга келган мураккаб даврларни ҳам бевосита бошдан кечирган.
У Кобулдаги дипломатик корпус дуайени, элчилар оқсоқоли — Шайх ул-суфаро мақомига қадар кўтарилган. Бу эса муаллифга Афғонистоннинг сиёсий ҳаётини бошқа чет давлатлар дипломатларидан кўра чуқурроқ ва кенгроқ кузатиш имконини берган.
Асарни ўқир экансиз, муаллифнинг бир вақтнинг ўзида, адашмасам, камида уч қиёфаси намоён бўлади.
Аввало, ватанпарвар инсон сифатидаги қиёфаси.
Кобулдаги Бобур боғига борганида миллатимизнинг буюк тарихи билан чексиз фахрланади. Ғазнада Абу Райҳон Беруний мақбараси билан боғлиқ ҳолатларни кўриб, ич-ичидан изтироб чекади. Деразадан Ҳирот манзараларига боқиб, бу ерлардан Алишер Навоий изларини қидиради. Китоб саҳифаларида тарихий хотира, миллий ғурур ва ифтихор жуда табиий акс этган.
Иккинчидан, дипломат сифатидаги қиёфаси.
Китобда оддий ишбилармонлик учрашувларидан тортиб, олий даражадаги давлат ташрифлари ва мураккаб музокараларгача бўлган жараёнлар батафсил ёритилади. Муаллиф нафақат воқеалар иштирокчиси, балки икки давлат муносабатларининг шаклланиши ва ривожланишида фаол қатнашган амалиётчи сифатида намоён бўлади.
Учинчидан эса, инсон сифатидаги қиёфаси.
Китобнинг бошидан охиригача муаллифни қийнаб келган айрим масалалар қизил чизиқ каби ўтади. Хусусан, аёллар таълими, инклюзив бошқарув, тинчлик ва инсоний қадр-қиммат билан боғлиқ мавзулар. Бироқ муаллиф ҳеч қачон кескин ҳукм чиқаришга шошилмайди. У айблашдан кўра тушунишга, қоралашдан кўра сабабларни таҳлил қилишга уринади. Дипломатик назокат ва мувозанат китобнинг деярли ҳар бир саҳифасида сезилиб туради.
Энг қизиғи, китобни ўқиб борар эканман, Афғонистон менга харитада мавжуд давлат эмас, балки мураккаб тақдирлар, тарихий бурилишлар ва миллионлаб инсонлар ҳаёти мужассам бўлган улкан макон сифатида намоён бўла бошлади.
Балки шу сабабдан ҳам дастлабки юз бетни бир нафасда ўқиб қўйдим. Кейин эса одатимга кўра китобни ҳатто ўзимдан ҳам қизғониб, қолган қисмларини атайлаб секинлаштириб мутолаа қилдим.
Биласизми? Яхши китобнинг энг катта камчилиги — унинг тез тугаб қолишидир.
«Икки қутб орасида» мен учун айнан шундай асарлардан бўлди.
Гўё йиллар давомида сирли ва ёпиқ бўлиб туюлган қўшни мамлакатни муаллифнинг кўзлари билан кўриб чиқдим. Дипломатия, тарих, геосиёсат, инсоний тақдирлар ва минтақавий ҳамкорлик ҳақидаги ноёб кузатувлар бир китоб саҳифаларида жамланган.
Ёдгорхўжа ака, бебаҳо хотираларингизни китоб шаклида қолдирганингиз учун самимий миннатдорлик билдираман.
Наздимда, ушбу асар нафақат бўлажак дипломатлар, сиёсатшунослар ва афғоншунослар, балки халқаро журналистлар, медиа тадқиқотчилар ҳамда Марказий Осиё билан қизиқадиган ҳар бир мутолаачи учун қимматли қўлланма вазифасини ўтайди.
Беруний Алимов,
Филология фанлари доктори (DSc),
журналист, собиқ дипломат.