Қайд этилишича, «Ҳаж» тадбирини амалга ошириш фаолияти билан Ўзбекистон мусулмонлари идорасидан бошқа ташкилотларнинг шуғулланишига йўл қўйилмайди. «Умра» тадбирлари эса Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва тегишли лицензияга эга юридик шахслар томонидан амалга оширилади. Ҳозирда республика бўйича бундай лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектлари сони 12 тани ташкил қилади.
Лицензиясиз «Умра» тадбирларини ташкил этиш маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Хусусан, лицензияланиши лозим бўлган фаолият билан лицензиясиз шуғулланган шахслар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 165-моддаси билан маъмурий жавобгарликка тортилиб, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн беш бараваридан йигирма бараваригача, мансабдор шахсларга эса — йигирма бараваридан йигирма беш бараваригача миқдорда жарима қўлланилади.
Агар, лицензиясиз шуғулланиш жуда кўп миқдорда даромад олиш билан боғлиқ бўлса, Жиноят кодексининг 190-моддасига асосан жиноий жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Шунингдек, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонуннинг 52-моддасига кўра, лицензиясиз фаолият юритган юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз баравари миқдорида молиявий жарималар солинади.
Шунга қарамасдан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ўтказилаётган ўрганишларда айрим юридик ва жисмоний шахслар лицензиясиз «Умра» тадбирларини ташкил этиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келаётганлиги аниқланмоқда.
Жумладан, охирги беш ойда 26 та тадбиркорлик субъектлари лицензиясиз фаолият юритганлиги учун жавобгарликка тортилди.
Бундан ташқари, сўнгги пайтларда айрим тадбиркорлик субъектлари алдов йўли билан «Ҳаж» ва «Умра» зиёратини ташкил этиб беришни ваъда қилиб, фуқароларни Саудия Арабистонига олиб боряпти ва тадбирларни ташкил этмай, зиёратчиларни сарсон қилиб, уларнинг хавфсизлигини хавф остида қолдирмоқда.
Бугунга қадар шундай жиноий қилмишларни содир қилган 40 нафар шахсга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, улар ҳозирда тергов олдида жавоб бермоқда.
"Фуқаролардан «Умра» зиёратларини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган тадбиркорлик субъектларига мурожаат қилишларини сўраймиз.
Шу ўринда, кенг жамоатчиликни «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ташкил этишда қонунийликни таъминлашда ҳамкорликка чақирамиз.
Бунда, «Ҳаж» ва «Умра» тадбирларини ноқонуний ташкил этиш ҳолатларига гувоҳ бўлган тақдирингизда, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитага хабар беришингизни сўраймиз", — дейилади баёнотда.