Кураш — халқаро спорт тури! Бу сўз замирида қанчадан-қанча меҳнат, машшақат ҳамда узоқ тарихимиз мавжуд. Ушбу спорт тури ўзбек халқи билан бирга туғилиб, у билан бирга яшаб келмоқда десак муболаға бўлмайди.
Курашни олимпиада ўйинларига киритиш олий мақсадимиз ва вазифамиздир. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 4 ноябрдаги “Кураш миллий спорт турини ривожлантириш ва унинг халқаро нуфузини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 4881-сонли қарори айни мудаоо бўлди.
Қарор ижросини таъминлаш ҳамда курашни умумхалқ спортига айлантириш мақсадида ўтказилган қатор тадбирлар жумладан 24,27 декабрь кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Прокуратура полвони” ҳамда “Ўзбек полвони” мусобақалари — Ўзбекистон полвонлар юрти эканлиги, полвонлик касб, соҳа, ёш танламаслигини яна бир бор исботлаган бўлса, “Бош прокурор кубоги” мусобақаси эса вилоят терма жамоаларининг куч ва имкониятларини яна бир бор намоён қилди.
“Бош прокурор кубоги” мусобақа олдидан худудий кураш федерациялари ижрочи директорлари иштирокида семинар ўтказилди. Семинарни ташкил этишдан кўзланган мақсад қарор ижроси юзасидан вилоятларда амалга оширилаётган ишлар, муаммолар ва амалга оширилиши зарур бўлган режалар тўғрисида маслаҳатлашиб олиш бўлди.
Барчамизга маълумки, ҳозирда Республикамизнинг барча вилоятларида кураш федерациялари фаолият олиб бормоқда. Аммо барча федерациялар ҳам моддий техник базага эгами? Курашимизни ҳар бир оилага олиб кириш орқали умумхалқ спорт турига айлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилмоқда? Вилоят раҳбарларини кураш спортига эътибори қандай? Бу каби долзарб саволлар мухокамаси семинар иштирокчилари эътиборини тортди ва мутасаддилар масъулиятини яна бир бор ёдга солди.
“Бош прокурор кубоги” мусобақаси том маънода кураш байрамига айланиб кетди. Мусобақада эркаклар: 66 кг, 73 кг, 81 кг, 90 кг, +90 кг; аёллар: 57 кг, 70 кг вазн тоифасида ўзаро беллашдилар.
Мусобақа жамоавий тарзда ўтказилиб, энг кучли жамоалар шоҳсупа сари йўл олди. Беллашувни очилиш маросимида Кураш федерацияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Т.Йўлдошевлар иштирок этишди ва Президентимиз томонларидан қабул қилинган юқоридаги қарорни жойлардаги ижросини таъминлаш ва ўрганиб чиқиш зарурлиги ва келгусида амалга оширилиши кутилаётган ишлар юзасидан тўҳталиб ўтишди.
Муросасиз беллашувларга бой бўлган мусобақанинг финалига Самарқанд ва Бухоро вилоят жамоалари етиб келди. Беллашув якунида эса Самарқандлик полвонлар ғолибликни қўлга киритиб, “Бош прокурор кубоги” соҳибига айландилар.
Тақдирлаш маросимида мусобақанинг мутлоқ ғолиб жамоасига “Бош прокурор кубоги” рамзи туширилган кубок, қимматбаҳо совғалар ҳамда жамоанинг ҳар бир аъзосига диплом ва эсдалик совғалари берилди. Шунингдек, кубок эгаларига 100 миллион сўм, иккинчи ўрин Бухоро жамоасига – 75 миллион, 3 ўринлар Қашқадарё ва Тошкент шаҳри жамоаларига 50 миллион пул мукофотлари топширилди.
Маросим давомида йил давомида тинимсиз изланишда ва меҳнатда бўлган йигит-қизлар турли номинациялар билан тақдирландилар.
2020 йилнинг энг кучли курашчиси деб Мухсин Хисомиддинов топилди. 2020 йилнинг энг кучли аёл курашчиси номинациясида ғолиблик Камолиддинова Покизага насиб қилди. 2020 йилнинг энг кучли мураббийси сифатида Бўтаев Комилжон тақдирланди. Аёл мураббийлар ичидан Шарипова Дилфуза йил мураббийсига айланди. 2020 йил ҳаками йўналишида эса Данияров Нокисбай мукофотланди.