Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Республика таълим маркази фаолияти тубдан қайта кўриб чиқилиши ҳақида кўрсатма берилган эди.

Хусусан, маросимда давлат раҳбари томонидан умумтаълим бугун аниқ ва табиий фанларни ўқитиш методикаси мураккаб тузилгани, уларда назарий билимлар амалиёт билан боғланмагани, ўқув дастурларида узвийлик йўқлиги, дарсликларнинг мазмуни ва сифати қониқарсиз экани каби мавжуд муаммолар кўтарилган эди.

6 ноябрь куни имзоланган Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистонинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги» Фармони ҳамда «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорида ҳам Республика таълим маркази фаолиятига доир алоҳида вазифалар белгилаб берилди.

Шу муносабат билан, 9 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов ҳамда бошқа масъул раҳбарлар бошчилигида Республика таълим маркази фаолиятини танқидий кўриб чиқишга қаратилган йиғилиш ўтказилди.

Унда аниқ мезонларга таянувчи ҳамда замонга мос тарзда янгиланиб турувчи таълим стандартларини ишлаб чиқиш тизими мавжуд бўлмаганлиги, бу эса сифатли таълим мазмунини яратишда энг катта камчилик экани таъкидланди.

Маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида таълим стандартларини қайта кўриб чиқиш, ўқув дастурлари ва унга мувофиқ дарслик ва ўқув қўлланмаларни барча синфлар учун комплекс тарзда яратиш бўйича вазифалар санаб ўтилди.

Йиғилишда Бош вазир ўринбосари умумтаълим фанларидан замонавий дарсликларни яратишда умумий бўлган методологик, дидактик-методик ва эргономик талаблар ишлаб чиқилиши лозимлигини алоҳида қайд этиб ўтди. Беҳзод Мусаев ўтказилган мажлисда Республика таълим марказига салоҳиятли кадрларни жалб қилиш ва улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ташкилотнинг моддий-техник базасини яхшилаш масаласига ҳам тўхталди.

Шунингдек, дарсликларни яратишда илмий салоҳият етишмаётганлиги, эндиликда дарсликлар ва ўқув дастур тузувчилари ҳамда уларни экспертизадан ўтказувчи ишчи гуруҳлар фаолияти ҳам молиявий қўллаб -қуваттланиши масаласи муҳокама этилди.