Япония томон Майдзуру шаҳри (Киото префектураси) билан ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилаётган юксак эътибор учун Ўзбекистон томонга миннатдорчилик билдирди. Рёдзо Татамининг сўзларига кўра, 2019 йилда Президент Шавкат Мирзиёевнинг тарихий ташрифи давомида Ўзбекистон-Япония дўстона алоқаларининг ҳар томонлама ривожланишига муҳим пойдевор қўйилган.
Учрашув доирасида спорт соҳасида ҳамкорлик ҳақида алоҳида сўз юритилиб, ўзбек спортчилари учун машғулотлар ва йиғилишларни ташкил қилишда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Таъкидлаш жоизки, Майдзуру шаҳри маъмурияти Япония ҳукуматининг Олимпиадага тайёргарлик бўйича «Hostт Town» дастури доирасида 12–19 июл кунлари ўзбекистонлик дзюдочилар учун мусобақаолди машғулотларини юқори даражада ташкил қилди.
Учрашувда 2019 йилда Риштон ва Майдзуру шаҳарлари ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми доирасидаги минтақалараро ҳамкорлик алоқаларини фаоллаштиришга алоҳида урғу берилди. Aйни дамда мерия билан биргаликда республикамизнинг Сурхондарё, Қашқадарё, Фарғона ва Тошкент каби ҳудудларида JICAнинг 0,3 миллион долларлик маблағи жалб қилинган ҳолда чой етиштириш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 2021 йилдан эътиборан кадрларни тайёрлаш соҳасида икки томонлама ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Майдзуру мерияси томонидан ҳар йили Ўзбекистон фуқаролари учун стипендиялар тақдим этилиб, уларнинг Киото политехника коллежида ахборот технологиялари соҳасига ихтисослашган таълим жараёни молиявий қопланади.
Майдзуру шаҳри мерияси, шунингдек, Ўзбекистондан малакали ишчи кучини қабул қилишдан манфаатдор эканини билдирди. Татами Япония аҳолисининг қисқариши фонида ўзбек ёшларининг кунчиқар мамлакатга ишга жалб қилиниши жуда истиқболли бўлишини таъкидлади.
Учрашув сўнггида икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик йўлга қўйилиши ҳамда ушбу йўналишда амалий ҳамкорлик бошлашга оид келишувга эришилди.
Маълумот учун: Майдзуру шаҳар мерияси Олимпия ўйинлари доирасида ўзбекистонлик спортчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 кишидан иборат кўнгиллилар жамоасини ҳамда “Олға, Ўзбекистон” шиори остидаги тарғибот кампаниясини шакллантирди. Шу билан бирга, Япония томон ўзбек тилида мотивацион баннерлар тайёрланди, бутун шаҳар бўйлаб Ўзбекистон миллий байроғи осилди, жараёнга жалб етилган ходимларга ўзбек тилидаги сўзлар ёзилган униформалар тикилди.
Туризм ва спорт вазирлиги Ахборот хизмати