Сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг ҳаётга татбиқ этилиши тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари кафолатларининг кучайишига хизмат қилмоқда. Айниқса, солиқ соҳасида ислоҳотларнинг амалга оширилиши, солиқ юкининг камайиши ва пандемия даврида кичик бизнеснинг қўллаб қуватланиши адолатли рақобат муҳитини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этяпти.
Навоий вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳам ана шу йўналишда иш юритиб, Президентимизнинг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, соҳа ривожига халақит бераётган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ва мавжуд бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича тизимли ишларни олиб боряпти. Қабулхона тизимида “business.gov.uz” ягона интерактив порталининг ишга туширилиши эса тадбикорлар мурожаатларини электрон тизим орқали тезкорлик билан кўриб чиқиш имкониятини беряпти.
Жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига Навоий вилояти ва туман (шаҳар) қабулхоналарига 1877 та масала бўйича 1715 та мурожаат келиб тушган. Улар соҳалар кесимида таҳлил этилганда, 570 таси (30,3 фоизи) банкдан кредит олиш, 195 таси (10,4 фоизи) ер участкалари ажратилиши, 68 таси (3,6 фоизи) солиқ, 62 таси (3,3 фоизи) инфратузилма тармоқларига уланиш, 48 таси (2,6 фоизи) тегишли рухсатнома ва лицензия олиш, 943 таси (50,2 фоизи) бошқа масалаларга доир эканлиги аниқланди.
Аҳамиятли томони, 4 ой ичида қабулхоналарга келиб тушган 1350 та (72 фоиз) масала ижобий қаноатлантирилди. 505 та (26,9 фоиз) масаланинг ечими бўйича тушунтиришлар берилиб, 22 та масала асосли бўлмаганлиги сабабли рад этилди.
Қабулхоналарга тадбиркорлик субектларидан келиб тушган мурожаатлар алоҳида назоратга олиниб, тегишли масъулларни жалб қилган ҳолда, қисқа муддатларда ҳал этиб келинмоқда. Жумладан, Учқудуқ туманидаги “Uz-Dom-Stroy” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Умид Келдиёровнинг қабулхонага мурожаатидан сўнг “Абай” маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли турар жой комплекси иссиқлик манбаига улаб берилди.
Нурота туманидаги “Nurota bo`rdoqilab boqish” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Зафар Тошназаровнинг аризасидан сўнг чорвачиликни ташкил этиш лойиҳаси учун “Турон банк” акционерлик тижорат банки Навоий вилоят филиали томонидан 2 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилди.
Шунингдек, Зарафшон шаҳридаги “Zarafshon oyna” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Виктор Лияннинг мурожаати ижросини таъминлаш мақсадида корхонага флоат-шиша ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун “Навоий ҳудудий электр тармоқлари” акционерлик жамияти томонидан электр узатиш тармоқларини тортиш ишлари бошлаб юборилди.
Яна бир мисол, Томди туманидаги “Golden kvars” маъсулияти чекланган жамияти раҳбари Азизбек Исоқуловга “Джерой” кварц конининг “Шарқий” участкасидаги кварц қуми захираларининг бир қисмида қазиш ишларини олиб бориш ҳуқуқини берувчи лицензия масаласи ижобий ҳал этилди.
Бундан ташқари, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ҳунармандчилик, ёшлар ва аёллар бандлигини таъминлаш дастурлари доирасида 130 дан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларга ўз бизнесини бошлаши учун тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит, 111 та тадбиркорга ер ажратиш, 56 та тадбиркорнинг солиқ тўловларини енгиллатиш, 28 нафар тадбиркорга лицензия ва рухсатномалар олиш, 35 нафар тадбиркорнинг инфратузилма тармоқларига уланиши ва 750 га яқин бошқа масаладаги мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Бунинг натижасида қарийб 300 га яқин янги иш ўринлари яратилишига эришилди.
Албатта, барча мурожаат муаллифи бирдек ҳақ бўлавермайди: кимдир билмасдан ёки адашиб, масаланинг туб моҳиятига етмасдан, ҳатто, нотўғри маълумотлар билан ҳам у ёки бу идорага арз қилади.
Бироқ мурожаат қилувчи буни ўз вақтида англаб етиши ва тан олиши учун масалага алоқадор мутасадди ходим хушмуомалалик билан амалдаги қонунчилик талабларини тўғри тушунтира олса, келгусида юзага келиши мумкин бўлган такрорий аризалар ёки юқори идораларга шикоятларни олди олинган бўлар эдик.
Шундан келиб чиққан ҳолда, тадбиркорлар мурожаатига алоқадор бўлган ҳар бир мансабдор шахс масаланинг ечими бўйича қўл остидаги ходимларида таъсирчан назорат ўрнатиш бўйича шахсий жавобгарлигини кучайтиришлари мақсадга мувофиқ бўлади. Албатта, бу борада қабулхона ходимлари ҳам ўзига тегишли хулосалари чиқариб, ҳамкор ташкилотлар ва сектор раҳбарлари билан биргаликда амалий ишларни изчил ва манзилли давом эттирмоқда.
Жорий йил 1 июндан аҳоли ва тадбиркорлар учун бир қатор оворагарчиликларга барҳам берадиган янги тартиб ишга тушганлиги ишбилармонлик муҳитини янада яхшилашга хизмат қилади. Чунки, Президентимизнинг 2021 йил 23 мартдаги “Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларидан фойдаланишда янада қулай шароитлар яратиш, бу борада бюрократик тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан 460 дан ортиқ қонун ҳужжатида белгиланган 18 турдаги маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш амалиёти бекор қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатлар ваколатли давлат органи томонидан “Электрон ҳукумат” платформаси орқали олинади. Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда уларнинг вакили томонидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади.
Давлатимиз раҳбари талабларига асосан, танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик бугун Бош вазир қабулхоналари ходимларининг ҳам зарурий қоидасига айланган. Мазкур талаб асосида фааолият юритиш тадбиркорлар ва чет эллик инвесторларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш жараёнида шаффофлик ва холисликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.
Келгусида ҳам тадбиркорлик соҳасидаги ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш секторлари, давлат органлари ва бошқа масалага алоқадор идоралар билан ҳамкорликда ишлар давом эттирилади.
Дилшод ШАКАРОВ,
Навоий вилоятидаги Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини
кўриб чиқиш қабулхонаси мудири