Карантин даври Ўзбекистонда асосан жорий йилнинг II чорагига тўғри келиши ва шу даврда иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши Давлат бюджети барқарорлигига, энг асосийси ижтимоий-иқтисодий тармоқларнинг барқарор фаолият юритишига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Коронавирус инфекцияси республикамизда ҳукмрон бўлиб турган даврда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш ва иқтисодиёт тармоқлари фаолият кўрсатишининг барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, айрим хўжалик юритувчи субъектларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан тадбиркорлик субъектларининг коронавирус пандемиясидан зарар кўраётган тадбиркорлар ва ишбилармонларнинг 744 та мурожаатининг аксарияти (82 фоиз) қаноатлантирилишига, қолган қисмини эса ҳуқуқий тушунтириш бериш орқали ҳал этилишига эришилди.
Тошкент шаҳар Бош вазир қабулхонаси томонидан коронавирус пандемиясидан зарар кўраётган тадбиркорлик субъектларининг (кредити ва лизинг тўловлари муддатини узайтириш, автотранспорт ҳаракати учун махсус рухсатнома олиш, солиқ, ижара ва коммунал тўловлари бўйича имтиёзлар, преференциялар, экспорт-импортга ёки бошқа соҳага оид) мурожаатларини қисқа муддатларда сифатли кўриб чиқмаган давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимлик органларининг 50 нафар масъул шахсларига нисбатан жазо чоралари қўлланилди ва ушбу давлат ташкилотларнинг раҳбарларини тадбиркорлик субъектларининг юзага келган муаммо ва қийинчиликларни ҳал этиш мақсадида қилган мурожаатларига алоҳида эътибор қаратиш, расмиятчилик, сансалорлик ва бюрократияга йўл қўйилмаслиги юзасидан шахсий жавобгарлиги ва масъулиятини ошириш бўйича огоҳлантиришлар берилди.
Агар Сиз ҳам коронавирус пандемияси натижасида тадбиркорлик фаолиятингизда зарар кўраётган бўлсангиз, Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхонасининг 11-00 ишонч телефонига ёки business.gov.uz ягона интерактив порталига ёҳуд ШТАБнинг (95) 144-27-00 телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.
Тошкент шаҳридаги Бош вазир қабулхонаси томонидан тадбиркорларнинг ҳар бир мурожаатига ва қонуний талабларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда қисқа муддатларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири даражасида сифатли кўриб чиқилиши таъминланади.