Айни даврда миллий ва оилавий қадриятларимиз асосини ташкил этадиган вафо ва садоқат, меҳрибонлик, ҳалоллик, ростгўйлик, ибо-ҳаё, поклик, сабр, шукроналик, илмга интилиш каби ноёб ва эзгу фазилатларни тарғиб қилиш, уларни ёшларимиз онгига сингдириш ҳар қачонгидан долзарб аҳамият касб этади.

Бу борада мамлакатимизда катта ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизлар ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодий, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, оила институтини мустаҳкамлаш мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш масаласи ўз аксини топди. Давлатимиз раҳбари 2022 йил 1 март куни ўтказган видеоселектор йиғилишида бу устувор йўналишлар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ишларнинг мантиқий давоми сифатида, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, оилавий зўравонликлар олдини олиш, гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган муҳим чора-тадбирларни белгилаб берди.

Шу куни Президентимиз “Оила ва хотин-қизлар билан ишлаш, маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжат орқали, оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини тубдан ислоҳ қилган тарзда, давлат сиёсатининг асосий еттита йўналиши белгилаб берилди.

Мазкур йўналишларда иш олиб бориш ўзига хос ёндашув ва фидойиликни, қолаверса тизимли, манзилли ишларни янгича усулда, самарали ташкил қилишни талаб этади. Бунинг учун  ҳақиқатда фаол ва ташаббускор бўлган ходимларга эҳтиёж туғилмоқда. Ушбу масала ҳам фармонда ўз ечимини топди.

Жумладан, ҳар бир маҳаллада маҳалла раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари ҳамда оила ва хотин-қизлар масалалари бўйича мутахассис лавозими ўрнига хотин-қизлар фаоли лавозими жорий этилди. Бугунги кунда 9 минг 300 дан ортиқ билимдон, жонкуяр ва жамиятда фаол аёл турмушдаги муносабатларни яхшилаш, низоли вазиятлар, ажралишлар, эрта никоҳларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси бўйича доимий ва манзилли ишларни бошламоқда.

Маҳалладаги хотин-қизлар фаоли оилалар ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий, маънавий йўналишлар бўйича тизимли ишларни ташкиллаштирувчи ва улар учун масъул бўлган вакилдир.

Фармон мазмунидан келиб чиқиб, маҳалладаги хотин-қизлар фаолининг асосий вазифаларини қуйидагича тизимлаштириш мумкин.

Биринчи: оилаларни қўллаб-қувватлаш ишларини самарали ташкил этишдаги фаоллик.

 Бунда асосий эътибор ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш ишларини тизимли ташкил этиш, намунали оилаларни шакллантиришда манзилли ишларни йўлга қўйиш, анъанавий оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, оилаларда маънавий-ахлоқий муҳитни сақлаш бўйича мақсадли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилади.

Бу тўрт йўналишдаги вазифани амалга ошириш, албатта, катта ҳаётий тажриба талаб қилади. Шу боис, хотин-қизлар фаоли маҳалладаги кайвони онахонлар кўмагидан фойдаланиши, улар билан баҳамжиҳат иш кўриши мақсадга мувофиқ.

Иккинчи: хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга оширишдаги фаоллик.

Айни жаранёда хотин-қизларни оила, маҳалла ва меҳнат жамоаларида ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, маънавиятини юксалтириш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлик ғояларини амалга ошириш ишларига кўмаклашиш асосий мақсад бўлиши зарур.

Албатта, бу мақсадларга эришиш осон кечмайди. Тизимли ишлар талаб қилинади. Шунинг учун хотин-қизлар фаоли маҳалладаги тадбиркорлар ва зиёлилар қатлами билан дўстона алоқа ўрнатиши жуда муҳим. Чунки, бу икки қатламнинг кўмаги ва маслаҳатисиз аёллар бандлигини таъминлаш, жамиятдаги ўрни ва фаоллигини кўтариш, тадбиркорлик йўналишидаги лойиҳаларни амалга ошириш бир мунча қийин бўлади.

Учинчи: оилаларни мустаҳкамлашда ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлашда жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали йўлга қўйишдаги фаоллик.

“Оқила аёллар” ҳаракати, “Аёллар маслаҳат кенгаши”, “Ота-оналар университети”, Хотин-қизлар билан ишлаш комиссияси ишини самарали йўлга қўйиш, корхона ва муассасалардаги хотин-қизлар масалалари бўйича бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорлик ўрнатиш доимий эътиборда бўлиши лозим.

Бу ҳаракатлар маҳаллада фаол аҳиллик муҳити ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини ошириш, яъни гендер тенгликни таъминлашга ҳам хизмат қилади. Шу сабаб, хотин-қизлар фаоли тегишли муассасалар, маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва вакиллар билан маслаҳатлашиб, бу тизимни имкон қадар тезроқ йўлга қўйиши замон талабидир.

Тўртинчи: хотин-қизлар муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш, “Аёллар дафтари” билан ишлаш борасидаги фаоллик.

Хотин-қизлар муаммоларини ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёллар билан якка тартибда ишлаш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш, “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан манзилли иш юритиш ҳам жуда муҳимдир.

Умуман, маҳалладаги хотин-қизлар фаоли амалга оширадиган вазифалар кўп ва масъулиятли. Бу, ўз навбатида, ўзига хос функцияларни бажаришни, зарур ҳолларда тезкорлик, ташаббускорлик, уддабуронлик, топқирлик ва зеҳнни талаб этади. Қолаверса, вазифа ва функцияларини тўлиқ ва сифатли бажариши, фуқаролар билан муносабатларда одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий риоя этиши, вазмин бўлиши, баъзан тактик усуллардан фойдаланган ҳолда ҳаракатланиши, фаолияти тақозоси билан ўзига маълум бўлган ахборотларни қатъий сир сақлаш каби мажбуриятларга амал қилиши шарт.

Хотин-қизлар фаоли ўз фаолиятини амалга ошириш жараёнида албатта маълум ҳуқуқларга ҳам эга бўлади. Бу уларнинг ўз фаолиятини тўла-тўкис амалга ошириши ҳамда зиммасига юклатилган вазифаларни адо этишида аҳамият касб этади. Булар сирасига давлат органлари ва ташкилотларидан ўз зиммасига юклатилган вазифалар билан боғлиқ зарур ҳужжатлар, статистик ва бошқа маълумотларни сўраб олиш, фуқаролар йиғини кенгашида иштирок этиш, фаолиятини самарали ташкил этиш учун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига берилган ҳуқуқлар ва имкониятлардан фойдаланиш, давлат органлари ва ташкилотлари билан муносабатларда хотин-қизлар манфаатларини ифода этиш кабиларни киритиш мумкин.

Шу кунларда хотин-қизлар фаолларининг компетентлик даражасини ошириш мақсадида ўқув-тренинглар ташкил этилмоқда. Давлатимиз раҳбари топшириғига кўра босқичма-босқич йўлга қўйилган бу ўқишлар Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Репсубликаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан ҳамкорликда йўлга қўйилган бўлиб, 2022 йил 16 майдан бошлаб 9300 дан зиёд маҳалладаги хотин-қизлар фаолини маҳаллада ижтимоий хизматларни юритиш бўйича ўқитиш мақсад қилинган.

Бир сўз билан айтганда, оилалар ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш, юртимизда истиқомат қилаётган барча хотин-қизлар учун муносиб шарт-шароит яратиш, оилалар фаровонлигига эришиш борасида самарали ишларни йўлга қўйиш долзарб аҳамият касб этмоқда.

Маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари эса, бу долзарб вазифаларни энг бошланғич нуқтасидан вертикал тизим бўйлаб фаолликни йўлга қўйишда муҳим иштирокчи ҳисобланади. Шунинг учун ҳам хотин-қизлар фаоли ҳуқуқий мақомига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш, улар малакасини ошириш, хотин-қизлар ва оилаларнинг чинакам ишончли вакилига айланишида ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бюрократик тарзда ишлаш амалиётини камайтириш, фаолият самарадорлигини рағбатлантириш, маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори билан ҳамжиҳатлигини таъминлаш, зарурий методик услубий жиҳатдан қуроллантириш аҳамиятга молик вазифалардан бўлиб қолмоқда.

Мазкур тизим билан юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади”, деган эзгу ғоя амалий ифодасини топиши, ҳаётимизнинг кундалик қоидасига айланиши муҳим.

Хуршида САЙДИВАЛИЕВА,

“Оила ва хотин-қизлар” илмий-тадқиқот

институти бўлим бошлиғи,

юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD).