Хусусан, парваришхоналар сони ва сиғими мавжуд эҳтиёжни тўлиқ қопламайди. Айрим ҳолларда шаҳар ва туман ободонлаштириш бошқармалари томонидан қаровсиз жониворларни овлаш, сақлаш ҳамда ўлган ҳайвонларни йўқ қилиш жараёнларини ташкил этишда камчиликлар кузатилмоқда.

Бундан ташқари, айрим фуқаролар ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиши ҳолатлари қайд этилаётгани жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Мазкур ҳолатларни инобатга олиб, Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитаси раиси Анвар Туйчиев Тошкент шаҳар ҳокими номига сенатор сўрови юборди.

Унда Тошкент шаҳрида қаровсиз ҳайвонларни сақлаш ва парваришлашга мўлжалланган питомниклар ташкил этиш билан боғлиқ муаммолар, мавжуд парваришхоналарнинг сони ва сиғими, ушбу соҳага ажратилаётган маблағлар, масъул идоралар ўртасидаги ҳамкорлик, шунингдек, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фаоллар ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режалар юзасидан асослантирилган маълумот тақдим этиш сўралган.