Фонд фаолиятини бошлаши учун 5 миллиард сўм маблағ ажратилди.

Қайси мамлакатда бўлмасин, урф-одатларимиз, она тилимизни тарғиб қилиш "Ватандошлар" фондининг асосий мақсадларидан бири ҳисобланади. Хорижда мураккаб ҳаётий вазиятга тушиб қолган ватандошларни моддий ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларга ахборот ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, хорижда ўзбек тили, маданияти ва анъаналарини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга қаратилган фаолиятни қўллаб-қувватлаш, хорижда истиқомат қилаётган иқтидорли ватандошларимизнинг республика ОТМларида таълим олишларига кўмак кўрсатиш, ривожланган хорижий давлатларда яшаб келаётган олим ва ижодкор ватандошларимизнинг илмий, ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, хорижда ватандошлар томонидан ташкил этиладиган нуфузли тадбирларда мамлакатимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари, фан арбоблари, диний уламолари, маданият ва санъат вакиллари, спортчилари иштирокини таъминлашда кўмаклашиш каби масалаларнинг қўйилиши фонд фидойилари зиммасида улкан масъулият турганини кўрсатади.

Кези келганда, шуни айтиш жоизки, фонд ташкил этилиши замирида маънавиятимизнинг асл сарчашмаларини яратиб, башариятни қойил қолдирган буюк боболаримиз, алломаларимиз, азиз авлиёларимиз, муҳаддис олимларимиз борлиги, ана шу улуғ инсонлар ёзган асарларни тарғиб қилиш, бутун жаҳон оммасига уларни таништириш ва биздан буюк алломаларга муносиб издош бўлиш ҳам талаб этилади. Бу билан Ўзбекистон улуғларга бешик замин бўлгани бежиз эмаслиги кўрсатилади. Шу билан бирга, дипломатик алоқаларимиз ривожланаётган мамлакатларда энди Ўзбек маданий марказлари ташкил этилади.

Бугун дунёда 50 миллиондан ортиқ ўзбек яшар экан, бошқаларга ҳавас қилиб эмас, ҳавас бўлиб яшашимиз керак. Чунки бизнинг дунёни лол қолдирган Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Мирзо Бобур, Маҳмуд Замахшарий, Абу Али Ибн Сино, Имом Бухорий, Ҳаким Термизий, Имом Мотуридий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Имом Термизий каби боболаримиз бор. Бизга дунё ҳавас қилса арзийди.

Мирзоҳид БОТИРОВ,

Андижон давлат тиббиёт институти проректори