Бугун Навоий вилояти Навоий шаҳрида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамда вилоят ҳокимлиги билан ҳамкорликда кўп қаватли уйларни бошқарувчи ташкилотлар учун республика амалий семинари ўтказилди. Унда иштирокчилар энг илғор бошқарувчи компаниялар фаолияти билан танишиб, қўшимча сервис хизматларини ташкил этиш имкониятлари билан танишдилар.
Семинарни Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Ҳидоятов очиб берди. Вазир кўп қаватли уйларни бошқариш тизимида амалга оширилган ишлар, ютуқлар ва мавжуд муаммоларга тўхталар экан, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш бугунги кун талаби эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
— Маълумки, сўнгги йилларда халқимизнинг бошқарув ташкилотларига нисбатан ишончи жуда пасайган, — деди вазир. — Биз аҳолининг ушбу кайфиятини ўзгартира олишимиз керак. Агар билим ва кўникмаларимиз, кучимизни бир мақсад ортида сафарбар этсак, ўйлайманки кўзлаган мақсадимизга етамиз. Асосийси, бизнинг ташаббусларимиз давлатимиз раҳбари томонидан доим қўллаб–қувватланмоқда.
Шунингдек, вазир ўринбосари Озода Жўраева ҳамда Навоий вилояти Уй—жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Нуриддин Жуманиёзовлар вилоятдаги бошқарув ташкилотлари фаолияти бўйича маълумот беришди. Хусусан, семинар иштирокчилари "Ҳумо-Зилола барҳаёт" бошқарув сервис компанияси ҳудудида бўлиб, у ерда амалга оширилган ишлар билан танишди. Улар вазир ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлигида кўп квартирали уйларни сақлаш, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, шунингдек, мавжуд қозонхона, локал оқова ва ичимлик сув иншооти ҳолати бўйича маълумотларга эга бўлишди.
Қатнашчилар, шунингдек, кўп квартирали уйларнинг ертўлаларидаги тадбиркорлик фаолияти, хусусан, ишлаб чиқариш жараёнига бевосита гувоҳ бўлди. Семинар доирасида ташкил этилган турли тақдимот ва намойишлар ўзаро жонли мулоқот, тажриба ва фикр алашуви учун замин яратиб, амалий фаолиятни такомиллаштиришни кўзда тутган.
Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига асосан, 2021 йилда тажриба тариқасида республика бўйича 15 та бошқарувчи ташкилот "очиқ танлов" йўли билан танланди ва 1 227 та кўп қаватли уйни бошқариш учун тегишли шартномалар тузилиб, фаолияти йўлга қўйилди. Ўтган йил ва жорий йилнинг 1 чораги давомида ширкатларга бириктирилган уйлар сони 50 фоизга қисқартирилди. Натижада, "оғир тоифада"ги ширкатлар сони 750 тага камайди.
Қисқа вақт ичида бошқарувчи ташкилотларнинг кредит қарздорлиги 43 млрд сўмдан 22 млрд сўмга камайган. 250 га яқин янги иш ўринлари яратилган ва ходимлар иш ҳақи 2 баробарга оширилган.
Шунингдек, бошқарувчи ташкилотлар томонидан аҳоли мурожаатларига тезкорлик билан жавоб бериш мақсадида 24/7 режимида фаолият юритувчи диспетчерлик ва авариявий ҳолатларни бартараф этиш хизматлари йўлга қўйилган.
Аммо бошқарувчи ташкилотлар фаолияти самарадорлигини оширишда бир қанча муаммолар мавжуд бўлиб, уларни бартараф этишда тегишли қарор лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда ва қуйидагилар назарда тутилмоқда:
- 2023 йилга қадар "оғир" тоифадаги ширктлар фаолияти тугатилиб, улар бошқарувида бўлган кўп квартирали уйлар бошқарувчи ташкилотларга бириктирилади;
- 2022 йил 1 июлга қадар республикадаги бошқарувчи ташкилотларга махсус техника ва асбоб-ускуналар сотиб олиш учун 210 млрд сўм миқдорида уч йилга мўлжалланган имтиёзли кредит маблағлари ажратилади;
- бошқарувчи ташкилотлар томонидан олиб кириладиган махсус техника ва асбоб-ускуналар 2025 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод этилади;
- 2022 йил 1 апрелдан бошлаб кредитларнинг асосий қарзи ва улар учун ҳисобланган фоизлар, шунингдек, фоизларни ҳисоблаш тўхтатилган ҳолда уч йилга музлатилади;
- маиший чиқиндилар учун тўловларни бошқарувчи ташкилотлар йиғади ва йиғилган маблағларнинг 15 фоизгача бўлган қисми ҳар ойда рағбатлантириш учун йўналтирилади.
- 2022 йил 1 октябрга қадар истисно тариқасида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш орқали ижтимоий соҳа объектларига коммунал ҳамда ободонлаштириш хизматларини кўрсатиш бўйича бошқарувчи ташкилотлар билан шартнома имзолашга рухсат берилади ва ҳоказо.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Сенатига киритилган Қонун лойиҳасига кўра, бошқарувчи ташкилотларни коммунал хизмат кўрсатишда ер, мол-мулк ва даромад солиқларидан озод этилади.