Таъкидланишича, лойиҳани яратишда Бўстонлоқнинг ноёб табиий салоҳиятини сақлашга эътибор қаратилган. Шу сабаб «Чорвоқ дарвозаси» ва «Юсуфхона» ҳудудларида экокаркас ва жамоат жойларининг барқарор тизимини яратиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш назарда тутилмоқда. Бундан ташқари, анъанавий меъморчиликка ҳам алоҳида эътибор берилади. Шунингдек, ҳудудда анъанавий тоғ қишлоғининг замонавий қиёфаси яратилиши режалаштирилган.

Тақдимот давомида хабар қилинишича, дам олиш ҳудудларида экологик маданиятни ошириш ҳамда қулай ва ҳамёнбоп дам олиш шароитларини яратиш мақсадида жамоат пикник зоналари қурилади. Бундай зоналарнинг дастлабки варианти шу йил баҳор мавсумида очилиши режалаштирилган.

Лойиҳа ва ташаббусларни амалга оширишда маҳаллий аҳоли, жамоатчилик вакиллари ва Бўстонлиқ тумани тақдирига бефарқ бўлмаган фуқароларнинг фаол жалб этилиши ҳамда уларнинг иштироки таъминланишига алоҳида эътибор қаратилади. Лойиҳа доирасида «Бўстонлиқ элчилари» дастури тузилган бўлиб, кенг жамоатчилик иштирокидаги бир қатор йирик тадбирлар ва кампаниялар ўтказилиши ҳам кўзда тутилган.

Шунингдек, матбуот анжумани давомида Франция ҳукуматининг молиявий кўмаги билан амалга оширилган халқаро тўлиқ мавсумий курорт таркибидаги «Чимён» дам олиш маскани лойиҳаси ҳам тақдим этилди.