Фарзандимиз мактабда ўн бир йил ўқийди. Шу йиллар якунида у қандай инсон бўлиб етишишини ким белгилайди? Таълим тизимидаги янги ислоҳот бу саволга аниқ жавоб беришни талаб қилмоқда. Жавоб эса ҳар бир оилага, ҳар бир маҳаллага ва юртимиз келажагига дахлдор.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ягона Таълим ва илм-фан вазирлиги сифатида қайта ташкил этилиши бундан буён боғча, мактаб, профессионал таълим ва олийгоҳ битта тизимда, битта масъулият остида ишлашини англатади. Вазирлик барча боғча, мактаб, профессионал ва олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этади. Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги эса ўқув дастурлари ва дарсликларни ишлаб чиқадиган, амалиётга жорий этадиган ва натижасига қараб такомиллаштирадиган ўзига хос лабораторияга айланади. Олий таълимда давлат аралашуви кескин қисқартирилиб, олийгоҳлар мустақиллиги кенгайтирилади. Қайси олийгоҳ сифатли таълим бераётганини эса эркин рақобат ва бозор талаби кўрсатади.
Ислоҳотлар мактабнинг кундалик ҳаётига етиб бормоқда. Яъни энди мактаблар фаолиятини баҳолаш учун “сифат индекси” жорий этилади. Ўқитувчиларга мажбурий бир ойлик курслар ўрнига касбий ривожланиш ваучерлари берилади. Ёшларни мактабданоқ касбга тайёрлаш ва таълим босқичлари ўртасидаги узвийликни таъминлаш бўйича комиссия тузилиб, уч ой ичида янги ечимлар эълон қилинади. Демак, айни дамда таълим тизими бутунлай қайта лойиҳаланмоқда.
Бино қурилаётганда аввал унинг чизмаси тайёрланади. Кемага қанча кучли мотор ўрнатманг, компас бўлмаса, манзилга етиб бориши мушкул. Таълимнинг чизмаси ҳам, компаси ҳам — битирувчи портрети. Шунинг учун у ҳақида айнан ҳозир гапириш керак.
Портрет ҳақида нималар маълум?
Ислоҳотнинг марказида турган тушунча — ўзбек мактаби битирувчисининг портрети. Ўқув дастурлари ва методик материаллар айнан шу портретга таянган ҳолда ишлаб чиқилади.
Давлатимиз раҳбари 28 сентябрь куни мактаб таълимида янги авлод дарсликларини жорий этиш, олийгоҳлар ва корхоналар ҳамкорлигида дуал таълимни ташкил қилиш бўйича тақдимот билан танишиш чоғида “Янги Ўзбекистон мактаб битирувчиси портретида билим билан бир қаторда замонавий кўникмалар, ахборот технологияларини пухта эгаллаш, ижодий ва мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш қобилияти муҳим ўрин тутади”, деган эди.
Шу йил 30 сентябрда “Янги Ўзбекистон” университетида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан бўлиб ўтган учрашувда эса Президентимиз мактаб битирувчиси катта ҳаётга касб ва хорижий тилни эгаллаб чиқиши зарурлигини алоҳида таъкидлади.
Жорий йил 25 май санасида мактаб битирувчиларига йўллаган табригида эса тил, касб, компьютер саводхонлиги ва мустақил даромад топиш кўникмасини эгаллаш муҳим заруратга айланаётганини, меҳнат бозори энди, аввало, “ҳужжат” эмас, амалий билим, малака ва натижа сўраётганини қайд этганди.
Бу сўзлар ортида аниқ имкониятлар турибди. Мамлакатимизда 207 та олийгоҳ ва 643 та техникум ёшларга замонавий билим, касб ва малака беришга тайёр. Тадбиркор бўлишни истаган ёшлар учун банклар жорий йилда 25 триллион сўм арзон кредит таклиф этмоқда, стартап лойиҳаларини бошлаган битирувчилар учун 100 миллион доллар тайёрлаб қўйилган. Энг йирик АТ компаниялар ҳар йили камида 50 минг битирувчини сунъий интеллект бўйича ўқитиб, юқори даромадли ишга жойлаштиради. Натижалар ҳам кўзга ташланмоқда. PISA рейтингида 15 ёшли ўқувчиларимиз табиий фанлар бўйича
32 поғона юқорилаб, 48-ўринни эгаллади. Янги дарсликлар миллий қадриятлар, рақамли ва молиявий саводхонлик билан бирга мустақил ва танқидий фикрлашни ривожлантиришга қаратилган. 2027 йилга қадар 1342 номдаги дарслик ва ўқув-методик материал тайёрланиши режалаштирилган.
Бугун қишлоқдаги оддий мактаб битирувчиси ҳам эртага дунё тан оладиган олим бўлиши учун имконият етарли. Масала — ундан фойдалана оладиган, ташаббускор ва масъулиятли ёшни тарбиялашда. Портретнинг вазифаси ҳам ана шу.
Бу чиройли сўзлар тизими эмас
Битирувчи портрети “Мактаб охирида қандай инсонни кўрмоқчимиз?” деган саволга қисқа жавобдир. Лекин у умумий сўзлардан иборат бўлиб қолса, амалда ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бу сўзларни ҳар ким ўзича тушунади, уларни ўлчаб бўлмайди. Ўқитувчи эса дарсда кўпинча текшириладиган нарсани ўргатади. Шу маънода, ислоҳотдаги янги ёндашув муҳим. Энди ўқувчининг ҳар бир синф якунида нимани билиши ва бажара олиши аниқ белгиланади. Таълим стандарти, ўқув дастури, дарслик ва баҳолаш ўзаро боғлиқ ҳолда шакллантирилади. Портретнинг ҳар бир сифати ҳам худди шундай аниқ бўлиши керак: битирувчи нима қила олади, бу қандай текширилади ва бунинг учун дарсда нима ўзгаради?
Янги дарсликлар яратишда тажрибасига таянилган мамлакатлар бу борада ибратли. Бошланғич синф дарсликлари Финляндия таълим альянси сертификациясидан ўтган, 5-7-синфларнинг математика, физика, кимё ва биология дарсликлари эса Сингапур дарсликлари асосида ишлаб чиқилган. Иккала мамлакатда ҳам битирувчи қиёфаси марказида инсоннинг жамиятга муносабати туради.
Сингапурда таълимдан кутиладиган тўрт натижадан бири — юрт ташвишини ўз ташвиши деб биладиган инсон. У Ватанида чуқур илдиз отган, оиласи, жамоаси ва миллати олдида масъулиятли, атрофидагилар ҳаётини яхшилашда фаол иштирок этади. Бу натижалар ҳар бир таълим босқичи учун алоҳида белгиланган.
Финляндияда еттита кенг компетенциядан бири — иштирок этиш, таъсир кўрсатиш ва барқарор келажак қуриш қобилияти. Уни алоҳида фан эмас, барча фанлар биргаликда ривожлантиради. Демак, илғор таълим тизимлари фақат билимли эмас, жамият ҳаётида фаол иштирок этадиган инсонни тарбиялашни мақсад қилган.
Ўзак — фаол ҳаётий позиция
Президентимиз таъкидлаган сифатлар — билим, замонавий кўникма, мустақил фикрлаш, қарор қабул қилиш, касб ва тил — битирувчининг қанотларидир. Лекин қаёққа учишни ҳам белгилаб олиш керак. Назаримда, портретнинг ўзаги фаол ҳаётий позиция бўлиши лозим.
Фаол ҳаётий позиция инсоннинг ҳар бир ҳаракати катта натижага олиб келишини англашидир. Ёш инсон китоб ўқиса, касб ўрганса, тадбиркорлик билан шуғулланса ёки маҳалласидаги муаммони ҳал қилишга кўмаклашса, бу унинг шахсий иши. Айни пайтда бу оиласи, маҳалласи ва Ватани учун ҳам ҳиссадир. Шахсий интилиш ва Ватан манфаати бир-бирига қарши эмас, бир-бирини тўлдиради. Бундай инсон жамият ривожига бефарқ бўлмайди.
У кимдир келиб муаммони ҳал қилиб беришини кутиб ўтирмайди, интилиш, албатта, натижа беришига ишонади. Илм, касб ва тадбиркорлик учун яратилаётган имкониятлардан ҳам айнан шундай ёшлар фойдалана олади. Президентимиз айтган “мустақил даромад топиш кўникмаси” фаол ҳаётий позициянинг иқтисодий кўринишидир.
Ўзбек мактаби битирувчиси жамият билан фаол ва масъулиятли муносабатда бўлиш қобилиятига ва истагига эга инсондир. У ҳар бир ҳаракати катта натижага олиб келишини англайди ва мақсадларини оиласи, маҳалласи ва Ватани манфаатлари билан уйғунлаштиради. Ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамкорлик бунинг асоси бўлади. Битирувчи ҳар бир инсон қадрини миллати, тили ва эътиқодидан қатъи назар, тан олади. Турли фикрларни бир-бирига қарши қўймай, уларни яқинлаштириб, умумий ечим топишни билади.
Уни қандай таниймиз?
Фикримизча, битирувчи мустақил фикрлаб, зарур қарор қабул қила оладиган, нотаниш матндан асосий фикрни, далилни шахсий фикрдан ажрата билиши керак. Касб ва тилни эгаллаган, ўз меҳнати билан яшайди. Мактабни камида битта касб асоси ва битта хорижий тил билан тугатиши зарур. Боқимандаликни ўзига эп кўрмайди, бепул берилган таълимнинг қадрига етади.
Шунингдек, у атрофидагиларга бефарқ эмас. Очиқ қолган жўмракни ёпади, йўлда ётган чиқиндини идишга ташлайди, кексаларга ёрдам беради. Кичик ишда кўринган масъулият кейин катта ишда ҳам намоён бўлади.
Ҳамкорликдан натижа яратади. Мактаб давридаёқ жамоа билан камида битта ижтимоий лойиҳани бошидан охиригача амалга оширади. Масалан, маҳалласидаги бирор муаммони ҳал қилишда ёки мактаб кенгашида таклиф ишлаб чиқишда қатнашади.
Бу белгиларнинг ҳар бирини нотаниш матн бўйича топшириқ, лойиҳа портфолиоси, синфдаги баҳсни кузатиш орқали кўриш мумкин. Портрет мактабгача таълим якуни ҳамда 4-, 9- ва 11-синф якуни учун алоҳида ёзилса, тарбиячи ва ўқитувчи ҳар бир босқичда нимага эришиш кераклигини аниқ билади. Боғчада бола яхшиликни ҳис қилади, мактабда уни ўзи бажаради, битираётганда эса қарор қабул қилиб, жамоани бошқаради.
Фаол ҳаётий позиция инсон умри давомида, 7 ёшдан 70 ёшгача такомиллашиб боради. Лекин унинг пойдевори мактабда қўйилади. Ягона вазирлик шароитида бу зинапояни профессионал ва олий таълимгача узлуксиз давом эттириш имкони туғилди.
Нима халақит бермоқда?
Портретни қоғозга ёзиш осон. Уни ҳаётга татбиқ этиш эса бир неча тўсиқни енгишни талаб қилади. Уларни очиқ тан олиш ислоҳотнинг муваффақияти учун зарур.
Боқимандалик. Кимдир келиб муаммони ҳал қилиб беришини кутиш одати ёшлар ташаббусини сўндиради. Бепул берилаётган таълимдан самарали фойдаланмаслик, тайёр имкониятни кутиб ўтириш ҳам шу одатнинг бир кўриниши. Давлат ёшлар учун кредит, грант ва ўқув дастурларини тайёрлаб қўймоқда. Улардан фойдаланиш учун эса ички интилиш керак.
Бефарқлик. “Менга нима?” деган қараш кичик ишдан бошланиб, катта масалаларгача етиб боради. Бефарқ инсон энг яхши ислоҳотни ҳам четдан кузатиб туради.
“Ҳужжат” учун ўқиш. Мактаб ва олийгоҳ, асосан, баҳо ва дипломга қараб ишласа, бола ҳам билим ва кўникма учун эмас, ҳужжат учун ўқийди. Президентимиз таъкидлаганидек, меҳнат бозори энди “ҳужжат” эмас, натижа сўраяпти.
Шаклбозлик. Тадбир ҳисобот учун ўтказилса, бола фаоллик деганда юқоридан келган мажбуриятни тушунади. Бундай “фаоллик” ташаббусни эмас, лоқайдликни тарбиялайди.
Ахборот муҳити. Бугун бола тарбиясига оила ва мактаб билан бирга ижтимоий тармоқлар ҳам кучли таъсир ўтказмоқда. Ёшлар онгига қадриятларимизга ёт қарашлар, меҳнатсиз бойлик ва осон шуҳратни улуғлайдиган андозалар кириб келмоқда. Оммавий ахборот воситаларида эса оддий инсонларнинг кундалик фойдали меҳнати ва ташаббуси ҳақидаги ҳикоялар ҳали кам. Болалар китоблари ва мультфильмларда ҳам меҳнат, интилиш ва ҳалол ютуқни улуғлайдиган қаҳрамонлар кўпроқ бўлиши керак.
Бу тўсиқларни битта дарс ёки битта тадбир билан енгиб бўлмайди. Уларга қарши энг кучли восита болага ёшлигидан “менинг ҳаракатим натижа берди”, деган ҳақиқий тажрибани беришдир.
Шулардан келиб чиқиб, портретни меъёрий ҳужжат сифатида тасдиқлаш ўринли. Бунда битирувчи портрети мактабгача, бошланғич, таянч ва ўрта таълим якуни учун босқичма-босқич, ўлчанадиган кўрсаткичлар билан ишлаб чиқилади. Ягона вазирлик шароитида у профессионал ва олий таълим талаблари билан узвий боғланиши мақсадга мувофиқ.
Бунинг учун лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига қўйилиши, портрет ота-оналар, ўқитувчилар, иш берувчилар ва ёшлар иштирокида кенг муҳокама қилиниши керак. Чунки жамият ўзи иштирок этиб яратган ҳар қандай ташаббусни ўзиники деб қабул қилади.
“Сифат индекси”га портрет кўрсаткичларини киритиш орқали мактабларни фақат тест натижалари эмас, ўқувчиларнинг ижтимоий лойиҳалари, касб ва тил кўникмалари каби кўрсаткичлар билан ҳам баҳолаш мумкин.
Мактабни битиргунча ҳар бир ўқувчи жамоа билан камида битта ижтимоий фойдали лойиҳани амалга ошириши, турли ташаббусли лойиҳаларни ташкил қилиши мақсадга мувофиқ.
Касб синфхонада эмас, иш жойида пишади. Шу боис, давлатимиз раҳбари алоҳида эътибор қаратаётган дуал таълимни техникум ва олийгоҳларда кенг жорий этиш, иш берувчиларни эса ўқув режа ва дастурларни биргаликда тузадиган тенг ҳуқуқли шерикка айлантириш зарур. Германияда бундай таълим битирувчиларининг 70-75 фоизи ўзи амалиёт ўтаган корхонада ишлаб қолаётгани бу йўлнинг самарасини яққол кўрсатиб турибди. Касбий ривожланиш ваучерлари орқали ўқитувчилар ўқувчида фаол ҳаётий позицияни шакллантириш бўйича амалий курслар ташкил этиши ҳам муҳим.
Ислоҳотнинг энг муҳим натижаси янги вазирлик ёки янги дарслик эмас, мактабдан чиқадиган инсон бўлади. Шунинг учун битирувчи портретини айнан ҳозир, янги тизимнинг пойдевори қўйилаётган пайтда аниқ ва ўлчанадиган қилиб белгилаш зарур.
Лекин портретни ёлғиз вазирлик чизиб бера олмайди. Унинг ҳар бир чизиғи ҳар биримизнинг қўлимизда. Ота-оналар болага биринчи намунани уйда кўрсатади. Ваъдада туриш, меҳнатни қадрлаш, бошқанинг ҳақини ҳурмат қилиш оиладан бошланади. Ўқитувчилар дарсда фақат билим бермайди. Улар болага ўз фикрини айтишни ва бошқани тинглашни ўргатади. Маҳалла болага ўзи яшаётган кўча ва ҳовлининг эгаси эканини ҳис қилдиради. Тадбиркорлар ва мутахассислар ёшларга касб сирларини ўргатади. Интилиш, албатта, натижа беришини ўз мисолида кўрсатади. Ёшларнинг ўзи эса ҳар бир ҳаракати катта натижага олиб келишини унутмаслиги керак.
Президентимиз битирувчиларга “Доимо ўзгаришлар, ислоҳотлар руҳи билан яшайдиган авлод бўлинг!” деб мурожаат қилган эди. Бундай авлодни тарбиялаш учун мактаб, оила, умуман, бутун жамият ҳам ўзгариш руҳи билан яшаши керак. Шунда мактабларимиздан Учинчи Ренессанс бунёдкорлари етишиб чиқади.
Нодир ЮСУПОВ,
педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори