Ушбу қисқа муддатда барпо этилган замонавий меҳмонхона мажмуасининг умумий қиймати 50 миллиард сўм бўлиб, шундан 32 миллиард сўми 1-босқичда ўзлаштирилган. Мажмуа икки ресторан, жаҳон стандартларига мос келувчи SPA ҳамда сув ҳавзаси кабини ўз ичига олган. Бу эса 100 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилишига имкон ҳам яратган.

— Меҳмонхонамизнинг Оқтош ҳудудида жойлашганлиги бу ерга келувчи меҳмонларнинг саломатлиги учун фойдалидир, — деди Turon Resort SPA» бош директори Саидазим Юнусходжаев. — Нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар ҳамда аллергия билан боғлиқ ҳолатларда Оқтош ҳавоси маъқул келади. Меҳмонхонада сайёҳларга йилнинг барча мавсумларида хизмат кўрсатиш йўлга қўйилган. Айни дамда лойиҳамизнинг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқични бошлашга доир ишлар олиб борилмоқда. Иккинчи босқичда меҳмонхона ўринлари янада кенгайтирилади ва қўшимча ерларда виллалар барпо этилади».

Шуниси диққатга сазоворки, ҳудудда шифобахш гиёҳлар етиштирилиб, улардан турли малҳамлар тайёрланади ҳамда меҳмонлар саломатлигини тиклаш учун тақдим этилади.

Маълумот учун, бу йил Тошкент вилоятида 1 триллион 980 миллиард 600 миллион сўмга тенг 2 213 та ижтимоий соҳа объектларида қурилиш ва монтаж ишлари режалаштирилган бўлиб, етти ой давомида 2 211 та манзилда 1 триллион 232 миллиард 900 миллион сўмлик пудрат ишлари бажарилган, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати.