Туманда олиб борилаётган барча ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг 9 ойли кўрсаткичларига кўра Бўстон тумани рейтинг кўрсаткичи 19.28 балл баҳоланиб, сариқ худудлар сафидан чиқиб, яшил худудлар қаторига қўшилди.
Туманнинг 2020 йилга мўлжалланган инвестиция дастурига асосан умумий қиймати 743,6 миллиард сўмлик инвестиция ўзлаштирилиши ҳисобига 31 та лойиҳа ишга туширилди. Қишлоқ хўжалиги соҳасида қиймати 27,1 миллард сўмлик 15 та лойиҳа амалга оширилди. Унда 222та янги иш ўрни яратилди.
Мисол учун, “Гулшан” МФЙ ҳудудида "Ширин балиқ кўллари” МЧЖ томонидан 1 миллиард сўм маблағлар сарфланиши ҳисобига балиқни қайта ишлаб чиқариш лойиҳаси ташкил этилиб, 35 нафар ишсиз аҳоли бандлиги таъминланди. Ушбу дастурнинг асосий йўналиши ҳисобланган қишлоқ хўжалиги соҳасида 15 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.
Ҳисобот даврида 16 та корхона экспорт фаолиятига жалб этилди ва улар томонидан 16,2 миллион АҚШ долларлик маҳсулот ва хизматлар экспорт қилинди.
Кейинги йилларда мамлакатимизда маҳаллий минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш асосида юқори қўшимча қийматга эга рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган замонавий корхоналар ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ ўтган давр мобийнида туманни саноат салоҳиятидан тўғри фойдаланмаган ҳолда бирорта ҳам кичик саноат зоналарини ташкил қилиш ишлари амалга оширилмаган.
Бу йўналишдаги ислоҳотларни бардавомлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, тумандаги “Кўҳинур” МФЙ ҳудудидаги собиқ пахта қабул қилиш пункти ўрнига 2 гектар ер майдонига кичик саноат зонасини ташкил қилиш мақсадида умумий қиймати 9 миллиард 600 миллион сўмлик 21 та лойиҳа ташаббускорларини жойлаштириш ҳисобига 135 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Бўстон тумани банклари томонидан жорий йилда жами қарийб 26,2 миллиард сўм миқдорида тадбиркорлар учун кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида 320 та оилага 8,8 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ажратилиши ҳисобига 487 нафар фуқаролар иш билан таъминланди. “Ёшлар – келажагимиз” дастури доирасида 785 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилиб, 35 нафар ёшларни бандлиги таъминланди. 165 нафар 11-синф битирувчиларига 2 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.
Ўзбекистон массиви ҳудудида "Шермухаммад Абдуллаев" фермер хужалиги томонидан 240 миллион сўм маблағлар сарфланиши ҳисобига томчилаб суғориш техналогияси ташкил этиш лойихаси амалга оширилиб, 4 нафар ишсиз ахоли бандлиги таъминланди.
Туманда эҳтиёжманд оилаларнинг “Темир дафтар”и шакллантирилди. Дастлаб 1 минг 271 та оила ушбу дафтарга киритилган бўлса, карантин муносабати билан яна 190 та оила ушбу рўйхатга қўшилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, оилаларнинг кам таъминланган ёки камбағалликка сабаб бўлишининг энг асосий сабаби ишсизлик ёки кам даромадли иш билан шуғулланиб келаётганлигидир.
Пандемия сабаб аввалги иш жойини йўқотганларнинг 67 нафари қайта иш жойига тикланди, 401 нафар фуқаролар эса, норасмий секторларда бандлиги таъминланди.
“Темир дафтар”даги оилаларнинг ижтимоий қўллаб қувватлаш ва қўшимча даромадга йўналтириш мақсадида 729 та оилаларга 49 минг 600 та парранда, 133 та оилага 665 бош қуён ҳамда 120 та оилага 240 бош эчки, 13 та оилага наслли қорамол тарқатилди. 124 та оилага субсидия асосида 1 ва 2 сотихли иссиқхоналар қуриб берилди.
Мазкур ишларни амалга оширилиши натижасида, бугунги кунда “Темир дафтар”даги оилаларнинг ойлик даромадлари 3 миллион сўмдан ортиши ҳисобига 1 минг 75 та оила аъзолари доимий даромадга эга бўлди.
Чорвачилик йўналиши бўйича, жорий йилда жами 21 миллиард 176 миллион сўмлик 6 та лойиҳада жами 1 минг 124 бош қорамол боқишни ташкил этиш, шундан, 644 бош қорамолни четдан олиб келиш ҳисобига аҳолини йиллик қўшимча равишда 436 тонна гўшт ва 2 минг 640 тонна сут маҳсулотлари билан таъминлаш кўзда тутилган.
“Тонги неъмат” фермер хўжалиги Қирғизистондан 300 бош қорамол, “Барака файз” 100 бош қорамол ва “Евро Экфин” масъулияти чекланган жамияти Голландиядан 512 бош, “21 аср истиқболи” масъулияти чекланган жамияти 32 бош ва “Флеш милк траде” фермер хўжалиги 100 бош Германия давлатидан наслли қорамол олиб келинди. "Бўз махсус томорқа хизматлари" МЧЖтомонидан 500 миллион сўм кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига 600 бош қуён олиб келиниб, боқиш йўлга қўйилди.
Бўстон туманида қишлоқ хўжалик маҳсулот ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маблағлари ва кредит маблағлари ҳисобидан замонавий суғориш технологияларини жорий этиш ишлар амалга оширилмоқда. Жорий йилда тумандаги 4 та фермер хўжаликлари томонидан 47 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш ишлари амалга оширилди.
Сессияда келгуси йилда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳалар хусусида ҳам маълумот берилди.