— Жамоат транспортида тиббий қўлқопдан фойдаланишда фуқаролар биринчи навбатда ўзини ҳимоя қилади, иккинчидан, ён-атрофдагиларни, бошқаларни касаллик юқишидан муҳофазалайди, — деди у. — Касалликнинг юқиш омили сифатида юқори нафас йўллари, ҳаво-томчи йўллари билан биргаликда маиший мулоқот йўллари қайд этилади. Маиший мулоқот — қўл билан оғиз-бурун, кўзнинг шиллиқ қаватига тегиниш орқали вирус юқтириш.

Қўлқоп таққан шахс ўзининг юз қисмига қўл теккизмаслиги, оғиз-бурун ёки кўзини ишқаламаслиги, қолаверса, касалликнинг «очиқ дарвозалари»дан ўзини асраши эҳтимоли юқори.

Тақилган қўлқопларни кўчаларга ташлаб кетиш ҳолатлари ҳозирда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда. Фурсатдан фойдаланиб, барчани огоҳлантирмоқчиман — давлат кўрсатаётган ғамхўрликдан тўғри фойдаланишимиз керак.

Давлат томонидан текинга тарқатилаётган қўлқопларни (нархи 56 сўм бўладими ё 300 сўм ё 500 сўм бўладими) қадрлашимиз ва ундан мақсадли фойдаланишимиз зарур.

Чунки ушбу қўлқопдан фойдаланган ҳолда қўлимиздаги сумкани қўймай уйимизгача боришимиз, эшик тутқичларини ва бошқа нарсаларни қўлқоп билан ушлаган ҳолда уйимизга киришимиз, уй ичига киргандан кейин қўлқопни ечиб, челак ё чиқинди қутисига ташлашимиз фойдадан холи эмас.