Республика Маданият вазирлиги томонидан ташкил этилган тадбирда кенг жамоатчилик, дипломатик корпус вакиллари, шоир-ёзувчилар, журналистлар, санъаткорлар ва Зокировлар сулоласи вакиллари иштирок этди.

Очиқ осмон остида ташкил этилган мусиқий кечани Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Жамол Носиров очиб берди. Ботир Зокиров ҳаёт йўлига тўхталар экан, унинг абадиятимизга қолдирган бой маънавий мероси хусусида айтиб ўтди. Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати «Ботир Зокиров санъати давомчилари» Республика кўрик-танловининг анъанавий тарзда ўтказилиши, Ботир Зокиров номидаги Олий эстрада мактабини ташкил этиш, Ботир Зокировнинг ибратли ҳаёти ҳақида фильм суратга олиш режалаштирилганини маълум қилди.

–Ботир Зокиров шунчаки қўшиқчи бўлмаган, у шунчаки куйламаган, –дейди Ўзбекистон халқ артисти Фарруҳ Зокиров. –У ҳар бир санъат асарига умрини бахшида этган. Ҳар бир қўшиқни юракдан, қалбдан ҳис қилиб куйлаган. У серқирра инсон эди. Бастакор, санъатшунос...Самимий ва ўта камтар эди. Унинг ҳар бири қўшиғида одамийликнинг энг сара туйғулари уфуриб туради. Шунинг учун у яратган ҳар бир қўшиқ инсонга ўзгача кайфият бахш этади. Мен истардимки, эстрада йўналишига қадам қўяётган ҳар бир ёш нафақат Ботир Зокиров ижодини мукаммал ўрганиши қолаверса, унинг шахсиятига ҳам мурожаат қилиши керак. Чунки Ботир Зокиров ҳаёт йўлидан ибрат оладиган нарсалар кўп. У қўшиқни аввал ҳис қилган, матнни англашга ҳаракат қилган, маъносиз асар яратишдан чўчиган. Мана шу учун ҳам Ботир Зокиров ижро этган қўшиқлар йиллар ўтсада мухлислар эътиборида.

Ботир Зокиров таваллудининг 85 йиллиги муносабати билан «Ботир Зокиров санъати давомчилари» кўрик-танловида учинчи ўринни Жавоҳир Тоғаев, Диёра Жафарова, Камрон Мамадалиевлар, иккинчи ўринни Малика Ҳакимова, Жамол Муродовларга, биринчи ўринни Умаршох Саидалиевга топширилди. Ғолибларга ҳомийлар ва ташкилотчилар томонидан 10-12-15 миллион сўм миқдордаги пул мукофотлари, қимматбаҳо совғалар ва Ботир Зокиров портрети туширилган эсдалик совғалар топширилди.

Танлов ҳакамлари ва тадбир меҳмонлари Ўзбекистон халқ артистлари Фарруҳ Зокиров ва Насиба Абдуллаева ғолибларни табриклаб, йиғилганларга ғолиблар билан бирга Ботир Зокиров қўшиқларини куйлашди.

Дилобар Аслиддин қизи,

журналист